НАХИМИЁ

КИТОБИ

Кириш

Мазкур китоб Форс шоҳи саройида хизмат қилган яҳудий амалдори Нахимиё номи билан аталган. Бу китобда баён қилинган воқеалар Эзра китобидаги воқеаларнинг давомидир. Нахимиё Қуддусга Эзрадан 13 йил кейин, Форс шоҳи Артахшас+ Форс шоҳи Артахшас — Артаксеркс исми билан ҳам танилган бўлиб, милоддан олдинги 465-424 йилларда ҳукмронлик қилган. ҳукмронлиги даврида, милоддан олдинги 445 йилда қайтиб келади.

Нахимиё шоҳнинг Шушандаги қалъасида яшаб юрган пайтда, Қуддус девори вайрон бўлганини, дарвозалари ёндирилганини эшитиб, қаттиқ қайғуради. У ибодат қилиб, Худодан: “Қуддусга боришимга, шаҳар деворларини қайта тиклашимга имконият бер”, деб сўрайди. Шоҳ Артахшас Нахимиёни Қуддусга жўнатади, ҳатто шаҳар деворларини таъмирлаш учун керакли ашёларни ҳам беради.

Нахимиё Қуддусга етиб келгандан кейин, шаҳар деворларини кўздан кўриб чиқади. Сўнг барча яҳудийларни йиғиб, таъмирлаш ишларини бошлаб юборади. Лекин атрофдаги қўшни халқлар яҳудийларни ҳақорат қилишади, Форс шоҳига қарши чиққан исёнчилар деб уларга айб қўйишади. Душманлар ҳатто Қуддусга ҳужум қилиб, Нахимиёни ўлдиришни ҳам режалаштиришади. Шунча қийинчиликларга қарамай, Нахимиё ва яҳудийлар Қуддус девори ва дарвозаларини қуриб битириб, Худога бағишлайдилар. Буларнинг ҳаммаси Худо Ўз халқига кўрсатган марҳаматининг ифодаси бўлади.

Нахимиё китоби Эски Аҳднинг тарихий қисмига якун ясайди. Эзра ва Нахимиё бошчилигида Исроил халқи Худо билан тузилган аҳдни янгилаб, Унга содиқ қолишга ваъда беради. Мазкур китоб Худонинг содиқлигидан далолат беради. Форс шоҳининг ёрдами билан таъмирланган Қуддус шаҳри асрлар давомида яҳудийларнинг сажда маркази бўлиб қолаверади.

1

1–БОБ

1 Қуйидагилар Хахалиё ўғли Нахимиёнинг хотираномасидир+ 1:1* Қуйидагилар…Нахимиёнинг хотираномасидир — китобнинг аксарият қисми Нахимиё томонидан, яъни биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинган (1:1-7:73, 12:27-43, 13:1-31), китобда учинчи шахсдан баён қилинган айрим парчаларнигина учратишимиз мумкин (8:1-12:26, 12:44-47)..

Нахимиё Қуддус учун қайғуради

Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йилида+ 1:1* Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили — милоддан олдинги 445 йил. Артаксеркс исми билан ҳам танилган бўлиб, милоддан олдинги 465-424 йилларда Форс шоҳлигида ҳукмронлик қилган., Хислав ойида+ 1:1* Хислав ойи — иброний календарининг тўққизинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан ноябрнинг ўртасидан бошланади. мен Шушандаги+ 1:1* Шушан — Элам вилоятининг пойтахти бўлиб, Бобилдан шарқда жойлашган эди. Шушан қалъаси Форс шоҳларининг қишки қароргоҳи эди. қалъада эдим. 2 Шунда укам+ 1:2* укам — ёки a акам*. Хонин бошқа баъзи одамлар билан Яҳудо юртидан келди. Мен улардан асирликка олиб кетилмаган ва сургундан қайтиб борган яҳудийларнинг ҳолини, шунингдек, Қуддус шаҳрининг аҳволини сўрадим. 3 Улар шундай жавоб бердилар: “Вилоятдаги+ 1:3* Вилоят — Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят назарда тутилган. 2:7~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. асирликка олиб кетилмаган ва сургундан қайтиб борган яҳудийлар оғир қайғу, шармандали аҳволда қолганлар: Қуддуснинг девори вайрон бўлиб кетган, дарвозалари ёндирилган.”

4 Бу сўзларни эшитганимда, ўтириб йиғладим. Бир неча кун қайғуриб юрдим. Рўза тутдим, Самовий Худога илтижо қилиб юрдим. Унга шундай деб ёлвордим:

5 “Эй Самовий Худо — Эгам! Сен буюк ва ҳайбатли Худосан. Сени севиб, амрларингга риоя қилган бандаларингга аҳдингни содиқ сақлайсан. 6 Мен, қулингнинг ибодатларини эшит, аҳволимга боқ. Исроил халқи учун кечаю кундуз қилган илтижоларимни эшит. Ахир, улар Сенинг қулларинг–ку. Мен халқим қилган ҳамма гуноҳларни эътироф этаман. Мен ўзим ҳам, хонадоним ҳам гуноҳ қилдик. 7 Қулинг Мусо орқали берган амрларингга, фармонларингга, қонун–қоидаларингга биз риоя қилмадик, Сени қаттиқ хафа қилдик.

8 Ёлвораман, қулинг Мусога берган ваъдангни+ 1:8* қулинг Мусога берган ваъданг — Қонунлар 30:1-4~га қаранг. Шу бобнинг 8-9–оятларидаги Нахимиёнинг илтижоси Қонунлар китобида Худо берган ваъданинг айнан кўчирмаси эмас, балки ўзгартирилган ифодасидир. ёдингда тут. Ахир, Сен шундай дегансан: «Агар сизлар Менга содиқ бўлмасангизлар, Мен сизларни халқлар орасига тарқатиб юбораман. 9 Лекин Менга юз бурсангизлар, амрларимга риоя қилиб, уларни бажарсангизлар, Мен сизларни йиғиб оламан. Ернинг энг четига сургун қилинган бўлсангиз ҳам, сизларни ўша жойлардан йиғиб келаман, Мен улуғланишим учун танланган жойга сизларни қайтариб олиб келаман.»

10 Биз Сенинг қулларингмиз, буюк қудратинг ва ажойиботларинг билан Ўзинг қутқарган халқингмиз. 11 Ё Раббий! Бу қулингнинг илтижоларини эшит. Сени иззат–ҳурмат қилишни хуш кўрадиган ҳамма қулларингнинг илтижоларига қулоқ тут. Мен, қулингга бугун муваффақият бер, шоҳ Артахшасда менга нисбатан шафқат уйғотгин.”

Ўша пайтларда мен шоҳнинг соқийси+ 1:11* шоҳнинг соқийси — шоҳга ўз қўли билан шароб қуядиган, саройда юқори мартабага эга бўлган, ишончга лойиқ аъён. Шунингдек, у шоҳ учун шароб танлаши ва уни татиб кўриб, заҳарли эмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак эди. эдим.

2

2–БОБ

Нахимиё Қуддусга боради

1 Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили+ 2:1* Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йили — 1:1~нинг иккинчи изоҳига қаранг., Нисон ойи+ 2:1* Нисон ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Нисон ойи Абиб ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан мартнинг ўртасидан бошланади. эди. Бир куни шоҳга шароб келтирилди. Мен шаробни олиб кириб, унга узатдим. Шоҳ қаршисида мен ҳеч қачон ғамгин аҳволда бўлмагандим. 2 Шунинг учун шоҳ мендан сўради:

— Нега ғамгин кўринасан? Касалга ўхшамайсан–ку! Юрагингда бирор дардинг бўлса керак–а?

Мен қаттиқ қўрқиб кетдим, 3 шунга қарамай шоҳга дедим:

— Шоҳ ҳазратларининг умрлари узоқ бўлсин. Ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳар ташландиқ бўлиб, ўша шаҳарнинг дарвозалари ёндириб юборилса–ю, нега ғамгин бўлмайин?! — 4 Шоҳ мендан:

— Тилагинг нима? — деб сўради. Шунда мен Самовий Худога ибодат қилиб, 5 шоҳга шундай жавоб бердим:

— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул топсалар, бу қулингиз шоҳ ҳазратларидан марҳамат топган бўлса, мени Яҳудо юртига — ота–боболаримнинг қабрлари жойлашган шаҳарга юборсалар, деб илтимос қилмоқчи эдим, токи мен у шаҳарни қайтадан қурайин.

6 Малика ҳам шоҳнинг ёнида ўтирган эди. Шоҳ мендан:

— Қанча вақт йўл юрасан? Қачон қайтиб келасан? — деб сўради. Мен унга қачон қайтиб келишимни айтдим. Шоҳ менга марҳамат қилиб, ижозат берди. 7 Сўнгра мен шоҳга яна дедим:

— Агар шоҳ ҳазратлари маъқул деб топсалар, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят+ 2:7* Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят — Форс шоҳлигига қарашли бўлган катта бир вилоят. Бу вилоят Фурот дарёси билан Ўрта ер денгизи оралиғида жойлашган бўлиб, Яҳудо юртини ҳам ўз ичига олган эди. ҳокимларига мактублар ёзиб берилса, токи Яҳудога кириб боришим учун улар менга ижозат беришсин. 8 Яна шоҳ ҳазратлари ўрмон қоровули Осифга ҳам мактуб ёзиб, унга кўрсатмалар берсалар, у менга дарахтлар кесиб берсин. Маъбад ёнидаги қалъа дарвозалари учун, шаҳар девори ва ўзим яшайдиган уй учун керак бўладиган ёғоч билан у мени таъминласин.

Мен нима сўраган бўлсам, шоҳ ҳаммасига ижозат берди, чунки Худойимнинг марҳамати менга ёр эди.

9 Шоҳ бир неча лашкарбошисини ва отлиқ сипоҳларини менга ҳамроҳ қилиб жўнатди. Мен Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокимлари ҳузурига бориб, уларга шоҳнинг мактубларини бердим. 10 Байт–Хўронлик Санбаллат+ 2:10* Байт–Хўронлик Санбаллат — Форс шоҳлигига қарашли бўлган Самария вилоятининг ҳокими. Қуддусдан қарийб 20 километр шимоли–шарқда жойлашган Байт–Хўрон шаҳри, Қуддусга олиб борадиган асосий йўлни душманлардан муҳофаза қилар эди. ва Оммонлик малай Тўвиё: “Исроил халқининг манфаати учун жон куйдирадиган биттаси келибди” деган гапни эшитиб, ғоят ғазабландилар.

Нахимиё Қуддус деворини кўздан кечиради

11 Шундай қилиб, мен Қуддусга етиб келдим. Орадан уч кун ўтгач, 12 тунда ўрнимдан турдим, ёнимга бир нечта шерикларимни олиб, ташқарига чиқдим. Лекин Қуддус ҳақидаги Худо кўнглимга солган режамни ҳеч кимга айтмадим. Мен минган эшакдан бўлак бошқа бирорта ҳайвонни ўзимиз билан олмадик. 13 Мен тунда Сойлик дарвозаси орқали шаҳардан чиқиб, Аждар булоғига+ 2:13* Аждар булоғи — ёки a Чиябўри булоғи*., у ердан Гўнг дарвозасига бордим. Вайрон бўлиб ётган Қуддус деворини, ёниб кетган дарвозаларини кўздан кечирдим. 14 Сўнгра Булоқ дарвозасига ва Шоҳ ҳовузига бордим. Лекин миниб бораётган эшагим вайроналар орасидан йўл топа олмади. 15 Шу сабабдан мен Қидрон сойлигига+ 2:15* Қидрон сойлиги — Қуддус шаҳридан шарқда жойлашган. Сойлик — икки адир оралиғидаги пастлик. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СОЙЛИК сўзига қаранг. тушдим. Сойлик бўйлаб чиқиб бориб, ўша ердан деворни кўздан кечиришда давом этдим. Сўнг ортимга қайтиб, Сойлик дарвозаси орқали шаҳарга кирдим.

16 Қаерга борганимни, нима қилаётганимни шаҳар амалдорлари билмасдилар. Мен яҳудийларга, руҳонийларга, йўлбошчиларга, амалдорларга ва ишда қатнашадиган бошқа одамларга ҳали ҳеч гап айтмагандим. 17 Ниҳоят, энди уларга шундай дедим: “Қанчалар кулфатда қолганимизни ўзларингиз кўриб турибсизлар! Қуддус вайрон бўлиб ётибди, шаҳарнинг дарвозалари ёниб кетган. Келинглар, шаҳар деворини қайтадан қурайлик, шармандали аҳволимиздан қутулайлик.” 18 Худойимнинг марҳамати менга ёр бўлганини ва шоҳнинг менга айтган гапларини уларга айтиб бердим. Улар: “Қурилишни бошлайлик”, дейишди. Шундай қилиб, улар ишни бошлашга тайёр бўлдилар.

19 Байт–Хўронлик Санбаллат, Оммонлик малай Тўвиё ва Арабистонлик Гашим буни эшитиб, бизнинг устимиздан кулдилар, нафрат билан шундай дедилар:

— Бу қилаётганларингиз нимаси?! Сизлар шоҳга қарши исён кўтаряпсизларми?!

20 Мен уларга шундай жавоб бердим:

— Самовий Худо ишимизнинг барорини беради. Биз, Унинг қуллари, деворни қайта қуришни бошлаймиз. Аммо сизлар бизга гапларингни ўтказа олмайсизлар, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сизлар бизнинг диний маросимларимизда ҳам қатнаша олмайсиз.

3

3–БОБ

Қуддус девори таъмирланади+ 3* Қуддус девори таъмирланади — Нахимиё бу бобда берган ҳисоботига кўра, деворни таъмирлаш ишлари шаҳарнинг шимол томонидан, девор ўртасидан бошланиб, соат стрелкасига тескари йўналишда давом этган.

Қўй дарвозаси

1 Олий руҳоний Элиашаб қўли остидаги руҳонийлар билан ишга киришиб, Қўй дарвозасини қайтадан қурдилар. Сўнгра дарвозани Худога бағишлаб, дарвозанинг қанотларини ўрнатдилар. Миё+ 3:1* Миё — ибронийчада a юз* сонини билдиради. Эҳтимол, бу минора юзбошининг қароргоҳи бўлгандир. Миноранинг номи у ердаги зиналарнинг сонига асосланган бўлиши ҳам мумкин. минорасидан Ханонил минорасигача бўлган деворни ҳам Худога бағишладилар.

2 Ерихо шаҳридан бўлган эркаклар деворнинг кейинги қисмини қурдилар. Улардан кейинги қисмини эса Имри ўғли Заккур қурди.

Балиқ дарвозаси

3 Хассано уруғи Балиқ дарвозасини қурди. Улар дарвозанинг ёндорларини тиклаб, дарвоза қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатдилар.

4 Деворнинг ундан кейинги қисмида Хаккўзнинг набираси, Уриёнинг ўғли Миромўт таъмирлаш ишларини олиб борди.

Кейинги қисмида Машазавилнинг набираси, Бархиёнинг ўғли Машуллом, ундан кейинги қисмида Бано ўғли Зодўх таъмирлаш ишларини олиб бордилар.

5 Кейинги қисмида Тахува шаҳридан бўлган эркаклар таъмирлаш ишларини олиб бордилар. Лекин шаҳар зодагонлари қурилиш назоратчилари буюрган ишлардан+ 3:5* …қурилиш назоратчилари буюрган ишлардан… — ёки a …ҳокими (яъни Нахимиё) буюрган ишлардан…* ёхуд a …ўзларининг Раббийси учун бўлган ишдан…*. бош тортдилар.

Яшоно дарвозаси

6 Посиёх ўғли Йўхадах ва Бесодаях ўғли Машуллом Яшоно дарвозасини+ 3:6* Яшоно дарвозаси — Яшоно шаҳрига кетадиган йўл бошида бўлгани учун шу ном билан аталган бўлиши мумкин. Яшоно шаҳри Қуддусдан 25 километр шимолда жойлашган. Ибронийчада a яшоно* сўзи a Эски шаҳар дарвозаси* деган маънони англатади. Эҳтимол, дарвозанинг номи айнан шу маънога асослангандир. таъмирладилар. Улар дарвозанинг ёндорларини тиклаб, дарвоза қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатдилар.

7 Деворнинг навбатдаги қисмида Гивонлик Малатиё, Миронўтлик Ёдўн, шунингдек, Гивон ва Миспах аҳолисининг эркаклари таъмирлаш ишларини олиб бордилар. Миспах шаҳри Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятнинг+ 3:7* Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят — 2:7 изоҳига қаранг. маъмурий маркази эди.

8 Деворнинг кейинги қисмида заргарлардан бири Харҳиё ўғли Узиёл таъмирлаш ишларини олиб борди. Унинг ёнида атторлардан бири Ханониё таъмирлаш ишларини олиб борди. Улар Қуддус деворининг Кенг деворгача бўлган қисмини таъмирладилар.

9 Деворнинг кейинги қисмида Хур ўғли Рафиё таъмирлаш ишларини олиб борди. Рафиё Қуддус ҳудудининг ярмини бошқарувчи ҳоким эди.

10 Ундан кейин Харумаф ўғли Ёдиё ўз уйининг рўпарасидаги деворни таъмирлади.

Деворнинг кейинги қисмида Хашавниё ўғли Хаттуш таъмирлаш ишларини олиб борди.

11 Харим ўғли Малкиё ва Пахатмўаб ўғли Хашшуб деворнинг кейинги қисмини ва Тандир минорасини таъмирладилар.

12 Деворнинг кейинги қисмида Халлохеш ўғли Шаллум ўз қизлари билан таъмирлаш ишларини олиб борди. Шаллум Қуддус ҳудудининг иккинчи ярмини бошқарувчи ҳоким эди.

Сойлик дарвозаси

13 Ханун бошчилигида Зонўвах аҳолиси Сойлик дарвозасини таъмирлади. Улар дарвозани қуриб, дарвозанинг қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатишди, деворнинг минг тирсак+ 3:13* минг тирсак — тахминан 450 метрга тўғри келади. узунлигидаги Гўнг дарвозасигача бўлган қисмини ҳам таъмирлашди.

Гўнг дарвозаси

14 Байт–Хакерем ҳудудининг ҳокими Рахав ўғли Малкиё Гўнг дарвозасини таъмирлади. У дарвозани қуриб, дарвозанинг қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатди.

Булоқ дарвозаси

15 Миспах ҳудудининг ҳокими Холхози ўғли Шаллум Булоқ дарвозасини таъмирлади. У дарвозани қуриб, устини ёпди ва дарвозанинг қанотларини, зулфинларини, тамбаларини ўрнатди. Шунингдек, Силоам+ 3:15* Силоам — ибронийча матнда бу номнинг бошқа варианти a Шилах*. ҳовузи ёнидаги деворни ҳам қайтадан қурди. Деворнинг бу қисми шоҳнинг боғидан то Довуд қалъасидан пастга кетган зинапоягача чўзилган эди.

16 Ундан кейин Озбук ўғли Нахимиё таъмирлаш ишларини олиб борди. Нахимиё Байт–Зур ҳудудининг ярмини бошқарувчи ҳоким эди. У деворни Довуд қабристонининг рўпарасигача — сунъий ҳовуз ва Жангчилар уйигача бўлган қисмини таъмирлади.

17 Қуйидаги левилар деворнинг кейинги бир неча қисмларини қайтадан қурдилар: Баних ўғли Рахум деворнинг кейинги қисмини қурди.

Кейлах ҳудудининг ярмини бошқарувчи ҳоким Хашавиё ўз ҳудуди номидан деворнинг навбатдаги қисмини қурди.

18 Деворнинг ундан кейинги қисмини уларнинг биродарлари Ханадод ўғли Биннуй+ 3:18* Биннуй — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Бовай*. Унинг Биннуй деган шакли шу бобнинг 24–оятидан олинган (яна 10:9~га қаранг). бошчилигида қуришди. Биннуй Кейлах ҳудудининг иккинчи ярмини бошқарувчи ҳоким эди.

19 Кейинги қисмида Миспах шаҳри ҳокими Ешува ўғли Эйзар таъмирлаш ишларини олиб борди. У аслаҳахонага чиқадиган йўлнинг рўпарасидаги деворни ғишт тирговучигача+ 3:19* ғишт тирговучи — ёки a девор бурчаги*. Шу бобнинг 20, 24, 25–оятларида ҳам бор. бўлган қисмини таъмирлади.

20 Заббай ўғли Борух деворнинг кейинги қисмини — ғишт тирговучидан олий руҳоний Элиашабнинг уйи эшигигача бўлган қисмини таъмирлади.

21 Хаккўзнинг набираси, Уриё ўғли Миромўт+ 3:21* Миромўт — шу бобнинг 4–оятида ҳам айтиб ўтилган. У деворнинг бир қисмини таъмирлаб бўлгач, бошқа қисмини таъмирлади. деворнинг кейинги қисмини — Элиашаб уйининг эшиги рўпарасидан то уйнинг охиригача бўлган қисмини таъмирлади.

22 Қуддус атрофида истиқомат қиладиган руҳонийлар деворнинг навбатдаги қисмини таъмирладилар.

23 Улардан кейин Бенямин ва Хашшуб деворнинг ўз уйлари рўпарасидаги қисмини таъмир қилдилар.

Улардан кейин Онониёҳнинг набираси, Масиёнинг ўғли Озариё ўз уйининг рўпарасидаги қисмини таъмирлади.

24 Ханадод ўғли Биннуй+ 3:24* Биннуй — шу бобнинг 18–оятида ҳам айтиб ўтилган. У деворнинг бир қисмини таъмирлаб бўлгач, бошқа қисмини таъмирлади. деворнинг кейинги қисмини — Озариёнинг уйидан то деворнинг бурчагидаги ғишт тирговучигача бўлган қисмини таъмирлади.

25 Узай ўғли Полол деворнинг ғишт тирговучидан бошланган қисмини таъмирлади. Деворнинг бу қисми соқчилар ҳовлиси ёнидаги шоҳнинг юқори сарой минораси рўпарасида жойлашган эди.

Парўш ўғли Подиё 26 ва Офел тепалигида+ 3:26* Офел тепалиги — кўҳна Қуддус шаҳри айнан шу тепалик устида жойлашган бўлиши мумкин. Шаҳарнинг бу қисми яна “Довуд қалъаси” деб аталар эди. истиқомат қилувчи Маъбад хизматкорлари деворнинг кейинги қисмини таъмирладилар. Улар деворнинг шарқ томонидаги Сув дарвозасигача ва баланд минорагача бўлган қисмини таъмирладилар.

27 Тахувалик эркаклар+ 3:27* Тахувалик эркаклар — шу бобнинг 5–оятида ҳам айтиб ўтилган. Улар деворнинг бир қисмини таъмирлаб бўлгач, бошқа қисмини таъмирладилар. деворнинг кейинги қисмини таъмирладилар. Улар баланд миноранинг рўпарасини то Офел деворигача таъмир қилдилар.

От дарвозаси

28 Руҳонийлар гуруҳи деворнинг От дарвозасидан тепаликка томон кетган қисмини таъмирладилар. Ҳар бири ўз уйининг рўпарасини таъмир қилди.

29 Иммар ўғли Зодўх ўз уйининг рўпарасини таъмирлади.

Шаханиё ўғли Шамаё деворнинг кейинги қисмини таъмирлади. Шаханиё Маъбаднинг Шарқий дарвозаси дарвозабони эди.

30 Шаламиё ўғли Ханониё ва Залафнинг олтинчи ўғли Ханун деворнинг кейинги қисмини таъмирлади.

Бархиё ўғли Машуллом ўзининг уйи рўпарасини таъмирлади.

31 Заргарлардан бири Малкиё деворнинг бурчагидаги юқори хонагача бўлган қисмини таъмирлади. Маъбад хизматкорларининг ва савдогарларнинг уйи шу ерда — Назорат+ 3:31* Назорат — ибронийча матнда a Ҳамифад*, маъноси a назорат*. дарвозаси ёнида жойлашган эди.

32 Деворнинг бурчакдаги юқори хонадан Қўй дарвозасигача бўлган қисмини заргарлар ва савдогарлар таъмирладилар.

4

4–БОБ

Душманларнинг ниятини Худо пучга чиқаради

1 Санбаллат деворни қураётганимизни эшитди–ю, жаҳли чиқиб, қаттиқ ғазабланди. Сўнг яҳудийларни масхаралай бошлади. 2 У шерикларининг ва Самария лашкарбошиларининг олдида шундай деди: “Бу ожиз яҳудийлар нима қиляптилар ўзи?! Ўзларича деворни таъмирламоқчиларми?! Бу ишни бир кунда битириб, қурбонлик куйдиришни ҳам ўйлаяптилар, шекилли–а?! Ёниб битган вайроналардан тошларга жон ато қилмоқчиларми?!” 3 Оммонлик Тўвиё Санбаллатнинг ёнида эди. У ҳам шундай деди: “Улар қураётган бу девор устига ҳатто тулки чиқса ҳам, девор қулаб тушади.”

4 Шунда мен ибодат қилиб дедим: “Эй Худойимиз! Бизларни қанчалик хор қилишаётганини эшитиб қўй! Уларнинг масхаралашларини ўзларининг бошига сол. Улар сургун бўлишсин, душманларига ўлжа бўлишсин. 5 Уларнинг айбларидан ўтма, гуноҳларини унутма! Ахир, улар бинокорлар олдида Сени ҳақорат қилдилар+ 4:5* …бинокорлар олдида Сени ҳақорат қилдилар — ёки a …бинокорларни ҳақорат қилдилар*..”

6 Биз деворни қуравердик, халқ чин дилдан ишлагани учун тез орада деворни ярмигача кўтариб бўлдик.

7 Деворни таъмирлаш ишлари яхши кетиб, деворнинг ўпирилган жойлари тиклана бошлаган эди. Санбаллат, Тўвиё, Арабистонликлар, Оммонликлар ва Ашдодликлар+ 4:7* Ашдод — бу шаҳар Филистияда, Ўрта ер денгизи яқинида жойлашган эди. Филистлар Исроил халқининг душмани бўлиб, Оммонликлар билан иттифоқ тузишган эди. бу ҳақда эшитиб, қаттиқ ғазабландилар. 8 Ҳаммалари биргаликда тил бириктириб, Қуддусга ҳужум қилишга ва шаҳарни саросимага солишга қасд қилдилар. 9 Лекин биз Худойимизга илтижо қилдик, шаҳарни ва ўзимизни кечаю кундуз улардан ҳимоя қилиш учун қўриқчилар тайинладик.

10 Яҳудо халқи эса шундай деб нола қилар эди:

Оғир юк ташувчиларнинг ҳоли қолмади,

Ахлатнинг–чи охири кўринмайди!

Бу деворни битиришга ҳеч кўзимиз етмайди.

11 Душманларимиз эса қуйидагича режа қилишарди: “Биз билдирмасдан, кўринмай уларнинг устига бостириб борамиз–да, ҳаммаларини ўлдирамиз, ишларини тўхтатамиз.” 12 Уларга қўшни бўлган яҳудийлар ҳам ҳар томондан ўн мартача олдимизга келишди ва бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар. Яхшиси, бу жойдан чиқиб кетинглар, бориб, биз билан яшанглар.”+ 4:12* …ҳар томондан…бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар…биз билан яшанглар” — ёки a …бизни шундай деб огоҳлантиришди: “Хавф остида қолдингизлар. Улар ҳамма томондан устингизга бостириб келишмоқчи.”*13 Шунинг учун мен деворнинг энг паст жойлари орқасига, очиқ жойларига қилич, найза ва ёй билан қуролланган одамларни уруғлари бўйича жойлаштирдим. 14 Кейин аҳволни кўриб, йўлбошчиларга, амалдорларга ва қолган халққа айтдим: “Душманлардан қўрқманглар. Раббийни ёдингизда тутинглар. У қудратли ва ҳайбатли Худодир. Қариндош–уруғларингизни, ўғил–қизларингизни, хотинларингизни, уй–жойларингизни ҳимоя қилиш учун жанг қилинглар!”

15 Душманларимизнинг бизга қарши ўйлаган фитналаридан хабардор эканимизни уларнинг ўзлари ҳам эшитишди. Уларнинг ниятини Худо пучга чиқарган эди. Шундай қилиб, ҳаммамиз яна деворни таъмирлаш ишларига қайтдик. Ҳар ким ўз ишига борди. 16 Ўша кундан бошлаб одамларимнинг+ 4:16-17* одамларим — ҳоким Нахимиёнинг шахсий соқчилари. ярми қурилишда ишлади, ярми эса совут кийиб, найза, қалқон ва ёй ушлаб, соқчилик қилди. Йўлбошчилар деворни қураётган Яҳудо одамларининг ёнида ўз жойларини эгаллашди. Оғир юк ташувчилар бир қўли билан меҳнат қилиб, бир қўлида қурол ушлаб, ўз вазифаларини бажарардилар. 18 Девор қураётганларнинг ҳар бири ёнига қилич боғлаган ҳолда иш қилар эди. Бурғу чаладиган одам ҳам доим ёнимда эди. 19 Мен йўлбошчиларга, амалдорларга ва қолган халққа айтдим: “Ишимиз катта, орамиздаги масофа узоқ, шунинг учун девор бўйлаб бир–биримиздан йироқлашиб, ажралиб қолганмиз. 20 Бурғу овозини эшитишингиз биланоқ, бизга қўшилинглар. Худойимиз биз учун жанг қилади!”

21 Биз шу йўсинда меҳнат қилардик. Одамларнинг ярми эрта тонгдан осмонда юлдузлар кўрингунча найза ушлаб соқчилик қиларди. 22 Мен ўша пайтда одамларга шундай деб айтдим: “Сизлар ўз ёрдамчиларингиз билан тунни Қуддуснинг ичкарисида ўтказинглар. Тунда соқчилик қилинглар, кундузи эса ишланглар.” 23 Шундай қилиб, ҳеч биримиз — мен ҳам, қариндош–уруғларим ҳам, одамларим ҳам, ёнимдаги қўриқчилар ҳам, шу вақт давомида, ҳатто кечаси ҳам кийимларимизни ечмадик. Қуролларимиз доимо ёнимизда эди.

5

5–БОБ

Нахимиё камбағалларга ёрдам беради

1 Орадан бир оз вақт ўтгач, баъзи эркагу аёллар ўз яҳудий биродарларидан қаттиқ нолий бошлашди. 2 Улардан баъзилари шундай деб айтишарди: “Биз кўпчиликмиз, бола–чақамиз кўп. Бизга буғдой керак, бўлмаса очликдан ўлиб қоламиз.” 3 Бошқа баъзи бирлари эса шундай деб айтишарди: “Очарчилик пайтида донимиз бўлсин деб, далаларимизни, узумзорларимизни, уйларимизни гаровга беряпмиз.” 4 Яна бировлари шундай деб нолишарди: “Далаларимиз ва узумзорларимиз солиғини шоҳга тўлаш учун пулни қарзга оляпмиз. 5 Яҳудий биродарларимиздан бизнинг кам жойимиз йўқ! Уларнинг болалари бизнинг болаларимиздан ортиқ эмас. Лекин ўғил–қизларимизни қул, чўри қилиб сотишга мажбур бўляпмиз. Ҳа, қизларимиздан баъзилари чўри қилиб сотилди ҳам. Бу хусусда бирор нарса қилишга ожизмиз. Ахир, далаларимиз, узумзорларимиз энди бошқаларнинг қўлида.”

6 Уларнинг дод–фарёдларини, шикоятларини эшитиб, қаттиқ ғазабландим. 7 Бу тўғрида мулоҳаза қилиб, йўлбошчилар билан амалдорларни койидим: “Сизлар ҳали биродарларингизнинг гаровга қўйган мулкларини тортиб оляпсизларми?!” Сўнгра катта бир йиғин чақиртириб, йўлбошчиларга танбеҳ бердим: 8 “Бутпараст халқларга қул ва чўри қилиб сотилган яҳудий биродарларимизни имконимиз борича қайтариб сотиб олдик. Энди эса биродарларингизнинг қулликка сотилишига ўзларингиз сабабчи бўляпсизлар. Уларни биз яна қайтариб сотиб олишимиз керакми?!” Йўлбошчилар ва амалдорлар сукут сақлаб, миқ этмай туравердилар.

9 Мен гапимни давом эттирдим: “Бу ишингиз яхши эмас. Душманлик қилаётган халқларга масхара бўлмаслигингиз учун Худойимиздан қўрқиб юришларингиз керак эмасми?! 10 Мана, менинг яқинларим, одамларим, ҳатто ўзим ҳам яҳудий биродарларимизга қарзга пул ва буғдой бериб турибмиз. Келинглар, энди уларнинг гаровга қўйилган нарсаларини тортиб олмайлик! 11 Сизлар улардан тортиб олган далаларни, узумзорларни, зайтунзорларни, уйларни, фоиз қилиб олган пулларни, донни, шаробни, зайтун мойини ҳозироқ ўзларига қайтариб беринглар.”

12 Йўлбошчилар ва амалдорлар шундай дедилар: “Айтганларингизни қиламиз. Биз уларнинг ҳамма нарсасини қайтариб берамиз, улардан энди ҳеч нарса талаб қилмаймиз.”

Мен руҳонийларни чақирдим, берган ваъдаларини бажаришлари учун йўлбошчилар ва амалдорларга қасам ичирдим. 13 Сўнг белбоғимни ечиб қоқдим–у+ 5:13* …белбоғимни ечиб қоқдим… — қимматбаҳо шахсий буюмлар кўпинча белбоққа қистириб қўйиларди. Белбоғни ечиб қоқиш лаънат белгиси бўлиб, ҳамма нарсадан маҳрум бўлишни билдирарди. шундай дедим: “Шу ваъдани бажармаганни Худо худди шундай қилиб қоқиб юборсин. Уни уйидан ва мол–мулкидан маҳрум қилсин. Худо ўша одамларни қуп–қуруқ қолдирсин.” Бутун жамоа “Омин” деб, Эгамизга ҳамду санолар айтди. Йўлбошчилар ва амалдорлар берган ваъдаларида турдилар.

Нахимиёнинг фидойилиги

14 Мен Яҳудо юрти ҳокими этиб тайинланганим учун халқдан озиқ–овқат талаб қилиш ҳуқуқига эга эдим. Лекин ҳокимлигимнинг ўн икки йили давомида — Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йилидан то ўттиз иккинчи йилигача+ 5:14* …Артахшас ҳукмронлигининг йигирманчи йилидан то ўттиз иккинчи йилигача… — тахминан милоддан олдинги 445-433 йиллар. 1:1~нинг иккинчи изоҳига қаранг. мен халқдан ўзим учун ҳам, қариндош–уруғларим учун ҳам ҳеч қандай озиқ–овқат талаб қилмадим. 15 Мендан олдинги ҳокимлар халқдан кунига қирқ кумуш танга+ 5:15* қирқ кумуш танга — ибронийча матнда a қирқ шақал кумуш*, тахминан ярим килога тўғри келади. билан бирга озиқ–овқат ва шароб ҳам олиб, халқнинг елкасига миниб олган экан. Ҳатто ҳокимларнинг одамлари ҳам халққа ҳукмини ўтказардилар. Мен эса Худодан қўрққаним учун шундай қилмадим. 16 Бунинг ўрнига мен бутун кучимни деворни қайта қуришга бағишладим. Одамларимнинг ҳаммаси+ 5:16* Одамларим — 4:16-17~га ва ўша оятларнинг изоҳига қаранг. таъмирлаш ишларига бел боғлаган эди. Ер сотиб олишга вақтимизни сарфлаб ўтирмадик.

17 Менинг дастурхонимдан ҳар куни 150 яҳудий ва уларнинг амалдорлари таом ердилар. Булардан ташқари, атрофдаги халқлардан келган меҳмонларнинг оёғи меникидан узилмас эди. 18 Ҳар кунги дастурхонимга битта буқа, олтита семиз қўй ва бир қанча товуқлар талаб қилинарди. Ҳар ўн кунда меш–меш турли хил шароб керак бўларди. Лекин халқ шусиз ҳам оғир солиқлар+ 5:18* оғир солиқлар — Форс шоҳига тўланадиган ўлпонга ишора (шу бобнинг 4–оятига қаранг). остида қолиб кетганини билар эдим. Шу боис мен ҳоким сифатида талаб қилишга ҳақим бўлган озиқ–овқатдан воз кечдим.

19 Эй Худойим! Бу халқ учун қилган ҳамма ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин.

6

6–БОБ

Нахимиёга қарши фитна

1 Санбаллат, Тўвиё, Арабистонлик Гашим ва бошқа душманларимиз деворни қуриб бўлганимни, деворда биронта ҳам ўпирилган жой қолмаганини эшитишди. Лекин дарвозаларнинг қанотларини ҳали ўрнаштириб бўлмаган эдим. 2 Шунда Санбаллат ва Гашим менга: “Кел, Онў текислигидаги+ 6:2* Онў текислиги — Санбаллатнинг она шаҳри Байт–Хўрон яқинида, Қуддусдан қарийб 30 километр шимоли–ғарбда жойлашган (2:10~га қаранг). қишлоқлардан бирида+ 6:2* қишлоқлардан бири — ибронийча матнда a кафирим*, таржимаси a қишлоқлардан бири*. a Кафирим* қишлоқнинг номи бўлиши ҳам мумкин. учрашайлик”, деб хабар жўнатишди. Лекин улар менга шикаст етказишга қасд қилаётган эдилар. 3 Шунинг учун уларга хабарчилар орқали шундай жавоб бердим: “Мен муҳим иш билан бандман, бора олмайман. Сизларнинг олдингизга кетсам, иш тўхтаб қолади!” 4 Улар менга тўрт марта шундай хабар жўнатишди, мен бир хил жавоб беравердим. 5 Бешинчи марта Санбаллатнинг одами қўлида очиқ мактуб билан келди. 6 Мактуб шундай ёзилган эди:

“Бошқа халқлар орасида шундай миш–мишлар юрибди, Гашим+ 6:6* Гашим — ибронийча матнда бу номнинг бошқа варианти a Гашму*. ҳам ўша гапни айтяпти: сен ва яҳудийлар исён қилмоқчи бўлиб, деворни қураётган экансизлар. Хабарларга қараганда, сен яҳудийларнинг шоҳи бўлишни мўлжаллаётган экансан. 7 Сен Қуддусда пайғамбарлар тайинлабсан. Пайғамбарлар: «Яҳудонинг шоҳи бор», деб сен тўғрингда башорат қилишаётган экан. Бу гап–сўзлар албатта шоҳнинг қулоғига етиб боради. Таклифим шуки, келгин, бу ҳақда маслаҳатлашиб олайлик.”

8 Мен унга шундай жавоб жўнатдим: “Айтганларингнинг ҳаммаси ёлғон. Ҳаммасини ўзинг тўқиб чиқаргансан.” 9 Улар бизни қўрқитмоқчи бўлган, “Шундай қилсак, уларнинг қўллари ишдан совийди, ишлари охирига етмай, қолиб кетади”, деб ўйлаган эдилар. Шунинг учун мен: “Эй Худо, менга куч бер!” деб ёлвордим.

10 Бир куни мен Махитавалнинг набираси, Далоёнинг ўғли Шамаёникига бордим. У уйига беркиниб олган экан. Шамаё менга шундай деди+ 6:10* …шундай деди… — Шамаё ўз нутқида юқори адабий услубдан фойдаланиб, пайғамбар каби гапирган.:

Кел, Худонинг уйида учрашайлик,

Муқаддас хонасига кириб олайлик+ 6:10* …Муқаддас хонасига кириб олайлик… — Шамаё Нахимиёни алдаб, шаънига доғ туширадиган ишга ундамоқчи эди ва шу орқали унинг жонини хавф остига қўймоқчи эди. Чунки Муқаддас хонага фақатгина руҳонийлар киришга ҳақли эдилар, у ерга киришга журъат этган ҳар қандай бошқа одам ўлимга маҳкум этиларди.,

Эшикларини беркитиб қўяйлик.

Ахир, душманларинг сени ўлдиргани келяптилар,

Шу кеча жонингга қасд қилмоқчи бўляптилар.

11 — Лекин мен шундай жавоб бердим:

— Менинг мартабамдаги одам бундай вазиятда қочармиди?! Муқаддас хонада яшириниб олсам, жонимни ҳақиқатан ҳам қутқара оламан, деб ўйлаяпсизми?! Муқаддас хонага ҳечам кирмайман!

12 Шамаёнинг сўзлари Худодан эмаслигини мен аниқ билдим. Тўвиё ва Санбаллат Шамаёни ёллаганлари учун, у менга шу хабарни берган эди. 13 Уларнинг бундан мақсади мени қўрқитиш, айтганларини қилдириб, мени гуноҳга ботириш эди. Шунда обрўйим тўкилиб, уларга мазах бўлиб қолардим.

14 Эй Худойим! Тўвиё билан Санбаллатнинг қилмишларини ёдингда тут. Мени қўрқитмоқчи бўлган пайғамбар аёл Новадиёнинг ва бошқа пайғамбарларнинг қилмишларини унутма, уларнинг жазосини бер.

Деворни таъмирлаш ишлари тугайди

15 Шундай қилиб, девор Элул ойининг+ 6:15* Элул ойи — иброний календарининг олтинчи ойи. Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан августнинг ўртасидан бошланади. Нахимиё шоҳ Артахшас билан гаплашганига олти ой бўлганди (2:1~га ва ўша оятнинг изоҳларига қаранг). йигирма бешинчи куни — эллик икки кунда битказилди. 16 Атрофдаги халқлардан бўлган душманларимиз буни эшитиб, қўрқдилар, хижолатда қолдилар. Чунки бу иш Худойимизнинг мадади билан қилинганини улар билдилар.

17 Эллик икки кун давомида Яҳудо йўлбошчилари ва Тўвиё бир–бирлари билан мактуб ёзишиб турди. 18 Чунки Яҳудо юртидаги кўп одам Тўвиёга содиқ эди, бунга икки сабаб бор эди: Тўвиёнинг қайнатаси Орах ўғли Шаханиё эди, Тўвиёнинг ўғли Ёҳуханон эса Бархиё ўғли Машулломнинг+ 6:18* …Шаханиё…Машуллом… — Тўвиёнинг қайнатаси билан қудаси яҳудий эдилар. Эҳтимол, улар жамиятнинг нуфузли оилаларидан бўлган (3:4, 29, 30~да улар деворни таъмирлашга ёрдам берганлари ҳақида ёзилган). қизига уйланган эди. 19 Ўша одамлар менинг олдимда Тўвиёнинг савоб ишларидан гапиришар, ўз навбатида менинг гапларимни унга етказишар эди. Тўвиё эса мени қўрқитиш ниятида мактуб жўнатарди.

7

7–БОБ

1 Девор қурилиб, мен дарвозаларнинг қанотларини ўрнаттириб бўлганимдан кейин, Маъбад дарвозабонлари+ 7:1* Маъбад дарвозабонлари — уларнинг вазифалари тафсилоти 1~Солномалар 9:22-29~да берилган., қўшиқчилар ва левилар тайинланди. 2 Мен укам+ 7:2* укам — ёки a акам*. Хонинни ва қалъа қўмондони Ханониёни Қуддус устидан ҳокимлар қилиб тайинладим. Ханониё содиқ одам бўлиб, бошқаларга қараганда Худодан қўрқарди. 3 Мен уларга шундай деб айтдим: “Кун иссиқ пайтида Қуддус дарвозаларини очиқ қолдирманглар+ 7:3* Кун иссиқ пайтида Қуддус дарвозаларини очиқ қолдирманглар — ёки a Қуддус дарвозаларини қуёш тепага кўтарилгандан кейингина очинглар*.. Ўша пайтда навбатчиликда турган соқчилар дарвозаларни беркитиб, қулфлаб қўйсинлар. Қуддус аҳолиси орасидан ҳам қўриқчиларни тайинланглар. Уларнинг баъзилари махсус жойларни, бошқалари эса ўзларининг уйлари атрофини қўриқлашсин.”

Сургундан қайтиб келганларнинг рўйхати

4 Қуддус кенг, катта шаҳар эди. Лекин шаҳарда кўп одам яшамас, ҳали уйлар кўп қурилмаган эди. 5 Шунда йўлбошчиларни, амалдорларни ва халқни тўплаб, уруғлари бўйича рўйхат тузишни Худойим кўнглимга солди. Мен Яҳудога сургундан биринчи бўлиб қайтиб келганларнинг+ 7:5* Яҳудога сургундан биринчи бўлиб қайтиб келганлар — бу одамлар Яҳудо юртига милоддан олдинги 539 йилда қайтиб келган бўлишлари мумкин. Ўша йили Мидия ва Форс лашкарлари шоҳ Куруш бошчилигида Бобил шаҳрини босиб олган эдилар. Шоҳ Куруш яна Кир исми билан танилган. насабномаси рўйхатини топдим. Насабнома китобида қуйидагилар ёзилган эди:

6 “Бобил шоҳи Навухадназар асир қилиб олиб кетган яҳудийларнинг+ 7:6-7* Бобил шоҳи Навухадназар асир қилиб олиб кетган яҳудийлар — Навухадназар милоддан олдинги 605-562 йилларда Бобилда ҳукмронлик қилган. Милоддан олдинги 586 йилда у Қуддусни вайрон қилиб, аҳолининг асосий қисмини Бобилга сургун қилган эди (4~Шоҳлар 25:1-21~га қаранг). бир қисми Қуддусга ва Яҳудо юртидаги ўз шаҳарларига қайтиб келиб, ўрнашдилар. Улар Зарубабел, Ёшуа, Нахимиё, Озариё+ 7:6-7* Озариё — Эзра 2:1-2~нинг ибронийча матнида бу исмнинг бошқа варианти a Сараё*. Шу бобнинг 6-62–оятларида келтирилган рўйхатдаги баъзи исмлар Эзра китобининг 2:1-60 рўйхатидаги исмлардан бир оз фарқ қилади., Рамиё, Нахамонах, Мардохай, Билшон, Миспар, Биғвай, Нихум ва Банах бошчилигида қайтиб келган эдилар.

Исроил уруғлари ота–боболари бўйича рўйхат қилинади

Сургундан қайтиб келган Исроил эркакларининг сони қуйидагича эди:

8 Парўш уруғидан — 2172 нафар эркак.

9 Шафатиё уруғидан — 372 нафар эркак.

10 Орах уруғидан — 652 нафар эркак.

11 Пахатмўаб, яъни Ешува ҳамда Йўаб уруғларидан — 2818 нафар эркак.

12 Элам уруғидан — 1254 нафар эркак.

13 Затту уруғидан — 845 нафар эркак.

14 Заккай уруғидан — 760 нафар эркак.

15 Биннуй уруғидан — 648 нафар эркак.

16 Бўвай уруғидан — 628 нафар эркак.

17 Озгад уруғидан — 2322 нафар эркак.

18 Одонихам уруғидан — 667 нафар эркак.

19 Биғвай уруғидан — 2067 нафар эркак.

20 Адин уруғидан — 655 нафар эркак.

21 Отер, яъни Ёхизқиё уруғидан — 98 нафар эркак.

22 Хашум уруғидан — 328 нафар эркак.

23 Безай уруғидан — 324 нафар эркак.

24 Хориф уруғидан — 112 нафар эркак.

25 Гивон уруғидан — 95 нафар эркак.

Исроил уруғлари ота–боболарининг шаҳарлари бўйича рўйхат қилинади

26 Таги Байтлаҳмлик ва Натуфолик — 188 нафар эркак.

27 Таги Онотўтлик — 128 нафар эркак.

28 Таги Байт–Озмобитлик — 42 нафар эркак.

29 Таги Хират–Йўримлик, Хафиралик ва Барўтлик — 743 нафар эркак.

30 Таги Рамалик ва Геболик — 621 нафар эркак.

31 Таги Михмашлик — 122 нафар эркак.

32 Таги Байтиллик ва Айлик — 223 нафар эркак.

33 Таги Наволик — 52 нафар эркак.

34 Таги Эламлик — 1254 нафар эркак.

35 Таги Харимлик — 320 нафар эркак.

36 Таги Ерихолик — 345 нафар эркак.

37 Таги Лўдлик, Ҳодидлик ва Онўлик — 721 нафар эркак.

38 Таги Санолик — 3930 нафар эркак.

Руҳонийлар уруғлари

39 Сургундан қайтиб келган руҳонийларнинг сони қуйидагича эди:

Ёшуа наслидан, аниқроғи Ёдиё уруғидан — 973 нафар эркак.

40 Иммар уруғидан — 1052 нафар эркак.

41 Пашхур уруғидан — 1247 нафар эркак.

42 Харим уруғидан — 1017 нафар эркак.

Левилар уруғлари

43 Сургундан қайтиб келган левилар уруғларининг сони қуйидагича эди:

Хўдаво наслидан бўлган Ешува, аниқроғи Кадмил уруғларидан — 74 нафар эркак.

44 Осиф уруғидан бўлган қўшиқчилар — 148 нафар эркак.

45 Шаллум, Отер, Талмўн, Оққув, Хатита ва Шўвай уруғларидан бўлган Маъбад дарвозабонлари — 138 нафар эркак.

Маъбад хизматкорлари уруғлари

46 Сургундан қайтиб келган Маъбад хизматкорларининг уруғлари қуйидагилар эди:

Зихо, Хасуфа, Таббайўт,

47 Керош, Сиё, Падўн,

48 Лавон, Хагава, Шалмай,

49 Ханон, Гиддол, Гахар,

50 Раё, Ратан, Накудо,

51 Ғаззом, Уззо, Посиёх,

52 Бесай, Муним, Нафусим,

53 Бобуҳ, Хакуфа, Хорхур,

54 Базулат, Махидо, Харша,

55 Боркис, Сисаро, Тамах,

56 Назиё, Хатифа.

Сулаймоннинг қароллари уруғлари

57 Сулаймон қаролларининг+ 7:57* Сулаймон қароллари — 3~Шоҳлар 9:20-21 ва 2~Солномалар 8:7-8~га қаранг. сургундан қайтиб келган уруғлари қуйидагилар эди:

Сўтай, Сўфарат, Паридах,

58 Ялох, Дархун, Гиддол,

59 Шафатиё, Хаттил, Пахаратҳаззавойим, Омон.

60 Маъбад хизматкорлари ва Сулаймоннинг қароллари уруғларидан бўлганларнинг жами 392 киши эди.

Насл–насаби номаълум уруғлар

61 Қуйидагилар Тел–Малах, Тел–Харша, Харуб, Адўн ва Иммар шаҳарларидан келган эдилар:

Далоё, Тўвиё ва Накудо уруғлари — 642 киши.

Лекин булар ўзларининг уруғбошиси Исроил наслига мансублигини исботлай олмасдилар.

63 Қуйидаги руҳонийлар уруғлари ҳам ўз насабномасини топа олмадилар: Хаваё, Хаккўз ва Борзулай уруғлари. (Борзулайнинг бобоси Гиладлик Борзулай деган одамнинг қизига уйланган бўлиб, бу уруғ ўша аёлнинг уруғи номи билан юритилар эди.) Шу сабабдан улар хизмат қилишга нопок ҳисобланиб, руҳонийликка қабул қилинмадилар. 65 Яҳудо ҳокими+ 7:65* Яҳудо ҳокими — бу ўринда қайси Яҳудо ҳокими ҳақида гап кетаётгани аниқ эмас. Бу пайтда Зарубабел ҳокимлик қилган, деб тахмин қилиш мумкин (Эзра 2:1-2, 3:2, 4:2 ва Хаггей 2:2, 21~га қаранг). уларга шундай деди: «Бирорта руҳоний Худодан Урим ва Туммим+ 7:65* Урим ва Туммим — айрим ҳолларда руҳонийлар Худонинг хоҳишини билиш учун фойдаланадиган иккита муқаддас нарса. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун Чиқиш 28:15~нинг иккинчи изоҳига қаранг. орқали руҳоний эканлигингизни сўраб, тасдиқламагунча, сизлар назрларнинг руҳонийларга тегишли улушидан тановул қилмайсизлар.»

Сургундан қайтиб келган жамоанинг жами

66 Бу жамоа жами 42.360+ 7:66* 42.360 — шу бобнинг 8-62–оятларида рўйхати берилган одамларнинг жами 42.360~та эмас, балки 29.818~та. Оятда қайтиб келган одамларнинг умумий сони берилган, рўйхатга эса Яҳудо юртига қайтиб келган баъзи одамларгина киритилган бўлиши мумкин. кишидан иборат эди. 67 Булардан ташқари, қул ва чўрилари — 7337 киши, қул ва чўри қўшиқчилар 245 киши эди. 68 Жамоанинг 736~та оти, 245~та хачири, 69 435~та туяси, 6720~та эшаги бор эди.

70 Баъзи уруғбошилар қурилиш ишлари учун инъомлар бердилар. Ҳоким ҳам хазинага 1000 олтин танга+ 7:70* 1000 олтин танга — ибронийча матнда a 1000 олтин дарик*. Дарик олтин танга бўлиб, тахминан 8 граммга тўғри келади, демак, берилган олтиннинг умумий оғирлиги тахминан 8 килога тўғри келади., 50~та тоғорача ва руҳонийлар учун 530~та кўйлак берди. 71 Баъзи уруғбошилар иншоот қурилиши учун хазинага 20.000 олтин танга+ 7:71* 20.000 олтин танга — ибронийча матнда a 20.000 олтин дарик*. Дарик олтин танга бўлиб, тахминан 8 граммга тўғри келади, демак, берилган олтиннинг умумий оғирлиги тахминан 160 килога тўғри келади. Шу бобнинг 72–оятида ҳам бор., 80 пуд+ 7:71* 80 пуд — ибронийча матнда a 2200 мина*, тахминан 1,3 тоннага тўғри келади. кумуш бердилар. 72 Қолган халқ жами 20.000 олтин танга, 75 пуд+ 7:72* 75 пуд — ибронийча матнда a 2000 мина*, тахминан 1,2 тоннага тўғри келади. кумуш ва руҳонийлар учун 67~та кўйлак бердилар. 73 73a Шундай қилиб, руҳонийлар, левилар, Маъбад дарвозабонлари, қўшиқчилар, Маъбад хизматкорлари ва халқнинг қолганлари ўз шаҳарларига бориб жойлашдилар.”

8

8–БОБ

Эзра халққа Тавротни ўқиб беради

1 7:73b Еттинчи ойда+ 7:73* Еттинчи ой — 8:2 изоҳига қаранг. Исроил халқи ўз шаҳарларида ўрнашиб олгандан кейин, 8:1 бутун халқ Сув дарвозаси олдидаги майдонда тўпланди. Улар тафсирчи Эзрага: “Исроил халқига Мусо орқали Эгамиз берган Тавротни олиб келинг”, деб айтдилар. 2 Шундай қилиб, еттинчи ойнинг+ 8:2* еттинчи ой — иброний календарининг Тишри ойи назарда тутилган (Тишри ойи Итаним ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан сентябрнинг ўртасидан бошланади. Нахимиё шоҳ Артахшас билан гаплашганига етти ой бўлганди (2:1~га ва ўша оятнинг изоҳларига қаранг). биринчи кунида руҳоний Эзра Тавротни жамоа олдига олиб келди. Эркагу аёл, эсини таниган ҳамма одам шу ерда эди. 3 Эзра Сув дарвозасининг олдидаги майдонда саҳардан пешингача жамоага Тавротни ўқиб берди. Жамики халқ диққат билан қулоқ солиб тинглади. 4 Тафсирчи Эзра йиғин учун тайёрланган баланд ёғоч супа устида турарди. Унинг ўнг томонида Маттитиё, Шама, Оноёҳ, Уриё, Хилқиё, Масиё ва чап томонида Подиё, Мишаил, Малкиё, Хашум, Хашбадданах, Закариё, Машуллом турар эдилар.

5 Эзра баланд супа устида тургани учун жамики халқ уни кўриб турар эди. У бутун халқнинг кўзи олдида Таврот китобини очди. Эзра китобни очганда, бутун халқ ўрнидан турди. 6 Сўнгра Эзра улуғвор Худо — Эгамизни олқишлади, жамики халқ қўлларини кўтариб, “Омин, Омин”, деди. Сўнг халқ икки букилиб, Эгамизга таъзим қилди.

7 Халқ жойида турар экан, левилар — Ешува, Баних, Шаравиё, Ёмин, Оққув, Шаббатай, Хўдиё, Масиё, Килит, Озариё, Йўзабад, Ханон ва Палиё халққа Тавротни тушунтирар эдилар. 8 Улар Худонинг Таврот китобидан ўқиб, ўқиганларини таржима қилиб берардилар+ 8:8* …таржима қилиб берардилар… — Таврот китоби иброний тилида ёзилган эди, аммо Бобилга сургун қилинган яҳудийларнинг аксарияти она тилини унутиб, орамий тилида сўзлашардилар. Орамий тили Бобил юртининг тили эди., Тавротнинг мазмунини тушунтирардилар, шунинг учун халқ ўқилганларни тушунди.

9 Бутун халқ Таврот сўзларини эшитганларида йиғлади. Лекин ҳоким Нахимиё+ 8:9* Нахимиё — 1:1~нинг биринчи изоҳига қаранг., руҳоний ва тафсирчи бўлган Эзра, шунингдек, халққа Тавротни тушунтирган левилар бутун жамоага айтдилар: “Бугунги кун Эгангиз Худога бағишланган муқаддас кундир, шунинг учун қайғурманглар, йиғламанглар.” 10 Кейин Эзра+ 8:10* Эзра — ёки a Нахимиё*. Ибронийча матнда a у*. халққа деди: “Энди уйларингизга қайтиб боринглар, ёғли таомлар еб, ширин шароб ичинглар. Ҳеч нарса тайёрламаганларга таомларингиздан беринглар. Бугунги кун Раббимизга бағишланган муқаддас кундир. Бугун қайғурманглар, ахир, Эгамиз туфайли топган севинчингиз нажот қўрғонингиздир.” 11 Левилар ҳам жамики халққа: “Хотиржам бўлинглар, қайғуга ботманглар, чунки бу кун муқаддасдир”, деб тасалли бердилар. 12 Жамики халқ Тавротдан эшитган сўзларини англаб тушунганлари учун еб–ичгани, таом улашиб, катта хурсандчилик қилгани уйларига кетишди.

Чайла байрами

13 Эртаси куни жамики халқнинг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар Таврот сўзларини ўрганиш учун тафсирчи Эзранинг ҳузурига келишди. 14 Улар Тавротни ўрганиб, Мусо орқали Эгамиз берган Чайла байрами ҳақидаги амрни топдилар. Бу амрга кўра+ 8:14* Бу амрга кўра… — Левилар 23:33-43~га қаранг., Исроил халқи еттинчи ойда+ 8:14* еттинчи ой — 8:2 изоҳига қаранг. нишонланадиган Чайла байрами кунларида чайлаларда яшашлари кераклигини билдилар. 15 Бундан ташқари, Қуддусда ва Исроил халқининг ҳамма шаҳарларида қуйидагилар эълон қилиниши кераклигини ҳам билиб олдилар: “Тавротда ёзилган кўрсатмаларга мувофиқ, қирларга чиқинглар, чайлалар ясаш учун зайтун дарахти, мирта бутаси+ 8:15* мирта бутаси — доим яшил, хушбўй ўсимлик., пальма дарахтининг ва бошқа дарахтларнинг шох–шаббаларидан олиб келинглар.” 16 Шундай қилиб, халқ бориб, шох–шаббалар олиб келди ва ўзлари учун чайлалар ясашди. Улар чайлаларни уйларининг томларида+ 8:16* …уйларининг томларида… — у замонларда уйларнинг томи текис бўлиб, одамлар томга чиқиб дам олишарди., ҳовлиларида, Худонинг уйи ҳовлисида, Сув дарвозаси ёнидаги майдонда, Эфрайим дарвозаси ёнидаги майдонда ясадилар. 17 Сургундан қайтган ҳамма одамлар чайлалар ясаб, ўша чайлаларда яшадилар. Нун ўғли Ёшуа давридан бери Исроил халқи бундай байрамни нишонламаган эди. Ҳамма ғоят хурсанд эди. 18 Эзра ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди. Тавротда талаб қилинганидай, улар етти кун байрамни нишонладилар, саккизинчи куни муқаддас йиғин бўлди.

9

9–БОБ

Халқ гуноҳлари учун тавба қилади

1 Еттинчи ойнинг+ 9:1* Еттинчи ой — ибронийча матнда a Ўша ой*. 8:2~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. йигирма тўртинчи куни Исроил халқи яна йиғин қилди. Улар қайғудан қанорга ўраниб, бошларидан тупроқ сочиб, рўза тутдилар. 2 Исроил насли ўзларини ҳамма бегоналардан айириб олдилар, сўнг ўзларининг ва ота–боболарининг гуноҳлари учун тавба қилдилар. 3 Улар тахминан уч соат давомида тик туриб, Эгаси Худонинг Таврот китобидан ўқилган сўзларни эшитдилар. Кейинги уч соат давомида эса тавба қилиб, Эгаси Худога сажда қилдилар. 4 Ўша ерда левилар турадиган бир зина бор эди. Ешува, Баних, Кадмил, Шабаниё, Бўнах, Шаравиё, Баних ва Ханонах ўша зинага чиқиб, Эгаси Худога қаттиқ овозда илтижо қилдилар.

Левилар тавба–тазарру билан ибодат қиладилар

5 Сўнгра левилардан бўлган Ешува, Кадмил, Баних, Хашавниё, Шаравиё, Хўдиё, Шабаниё ва Патихиё халққа даъват қилиб дедилар: “Энди туринглар, Эгангиз Худони олқишланглар!” Левилар ҳамду сано ўқидилар:

“Эй Эгамиз Худо! Сенга абадулабад ҳамду санолар бўлсин. Сенга муносиб ҳамду сано айтишга тилимиз ожиз бўлса–да, ҳамма Сенинг улуғвор номингни олқишласин.

6 Ёлғиз Сен Эгамиздирсан! Сен осмонни, беқиёс фалакни, ундаги ҳамма самовий жисмларни, заминни, заминдаги ҳамма нарсани, денгизларни, денгизлардаги ҳамма нарсани яратгансан. Уларнинг ҳаммасига жон ато қилган Сенсан. Самодаги фаришталар Сенга сажда қилади.

7 Сен Парвардигор Эгамизсан. Сен Ибромни танлаб олдинг, уни Халдейдаги Ур шаҳридан олиб чиқдинг, унга Иброҳим деб исм бердинг. 8 Унинг содиқлигига амин бўлдинг. Шунинг учун у билан аҳд қилиб, дединг: «Сенинг наслларингга Канъон, Хет, Амор, Париз, Ёбус ва Гиргош халқларининг юртларини бераман.» Сен аҳдингда турдинг, чунки Сен содиқ Худосан.

9 Ота–боболаримизнинг Мисрдаги азоб–уқубатларини Ўзинг кўрдинг, уларнинг Қизил денгизда+ 9:9* Қизил денгиз — ибронийча матнда a Ём–Суф*, маъноси a Қамиш денгизи*. Бу оятдаги мана шу ном остида ҳозирги Суэц қўлтиғи (яъни Қизил денгизнинг шимоли–ғарбидаги қўлтиқ) ёки Суэц қўлтиғи ва Ўрта ер денгизи оралиғида жойлашган кўллардан бири назарда тутилган. Чиқиш 14:10-31~даги ҳодисаларнинг тафсилотига кўра, бу денгиз катталигидан Исроил халқига тўсиқ бўлган, чуқурлигидан Миср лашкари чўкиб кетган. қилган дод–фарёдларини эшитдинг. 10 Сен фиръавнга, унинг барча аъёнларига, Миср юртининг халқига қарши аломату мўъжизалар кўрсатдинг. Чунки улар ота–боболаримизга нисбатан сурбетларча иш тутганларини билардинг. Ўшанда қозонган довруғинг шу кунгача сақланиб қолган. 11 Сен ота–боболаримизнинг кўз ўнгида денгизни иккига бўлдинг, шу боис улар денгиз орқали қуруқ ердан ўтдилар. Уларни таъқиб қилаётган Мисрликларни эса Сен денгиз қаърига улоқтирдинг. Улар баҳайбат сувларга тошдай ғарқ бўлдилар. 12 Сен кундузи ота–боболаримизни устун шаклидаги булут билан бошлаб бординг, кечалари устун шаклидаги аланга билан уларнинг йўлларини ёритдинг.

13 Сен Синай тоғи узра келиб турдинг, самодан туриб уларга гапирдинг, уларга адолатли қоидалар, тўғри қонунлар, яхши фармонлару амрлар бердинг. 14 Сенга бағишланган Шаббат кунига риоя қилиш тўғрисида уларга кўрсатмалар бердинг. Қулинг Мусо орқали уларга амрлар, фармонлар, қонунлар бердинг.

15 Улар оч қолганларида, самодан нон бердинг, чанқаганларида қоядан уларга сув чиқариб бердинг. Сен Канъон юртини уларга бераман, дея онт ичган эдинг. Сўнг уларга, боринглар, ўша ерни мулк қилиб олинглар, деб айтдинг. 16 Лекин ота–боболаримиз ўзларига бино қўйиб, ўжарлик қилдилар, Сенинг амрларингга итоат этмадилар. 17 Улар Сенга итоат этишдан бош тортдилар, уларнинг орасида кўрсатган мўъжизаларингни эсга олмадилар. Шу қадар ўжарлик қилдиларки, Мисрдаги қулликка қайтиб бориш учун ўзларига йўлбошчи тайинладилар. Лекин Сен кечирадиган, иноятли, раҳмдил, жаҳли тез чиқмайдиган, содиқ севгиси мўл Худосан. Бизнинг ота–боболаримиз ўзларига буқанинг тасвирини ясаб: «Мана бизларни Мисрдан олиб чиққан худойимиз», деган эдилар. Шу тариқа ўта шаккоклик қилган эдилар. Ҳатто ўшанда ҳам Сен ота–боболаримизни тарк этмадинг.

19 Сен ғоят раҳмдил бўлганинг учун ота–боболаримизни саҳрода ташлаб кетмадинг. Уларни кундузлари доим булут устуни билан йўлда бошлаб бординг, кечалари юра олсин деб, доим аланга устуни билан йўлларини ёритдинг. 20 Уларга ўгит берсин деб, эзгу Руҳингни бахш этдинг, уларнинг оғзидан маннани+ 9:20* манна — Исроил халқи Мисрдан чиққандан кейин то Канъон юртига киргунча, Худо уларга етказиб турган махсус егулик. Манна, Шаббат кунидан ташқари, ҳар куни кечаси ерга ёғиларди, одамлар саҳарда туриб, уни йиғиб олишарди (Чиқиш 16:13-35, Ёшуа 5:12~га қаранг). узмадинг, чанқоқлари босилсин деб, сув бердинг. 21 Сен қирқ йил саҳрода уларга ғамхўрлик қилдинг, улар ҳеч нарсага муҳтожлик сезмадилар, кийимлари тўзмади, оёқлари шишиб кетмади.

22 Сен уларга шоҳликлар ва халқлар устидан ғалаба ато қилдинг, қўлга киритган ернинг ҳар бир парчасини тақсимлаб бердинг. Улар Хашбон шоҳи Сихўннинг юртини+ 9:22* …Хашбон шоҳи Сихўннинг юртини… — битта иброний қўлёзмасидан, қадимий юнонча ва лотинча таржималардан. Ибронийча матнда a …Сихўннинг юртини, Хашбон шоҳининг юртини…*., Башан шоҳи Ўгнинг юртини мулк қилиб олдилар. 23 Сен уларнинг наслларини самодаги юлдузлар сингари кўпайтирдинг. Ота–боболарига ваъда қилган юртга уларни олиб кирдинг. 24 Улар бориб, Канъон юртини мулк қилиб олдилар. Сен уларга Канъон юрти аҳолисини бўйсундириб бердинг, бу юртни шоҳларию маҳаллий халқлари билан бирга уларнинг қўлларига бериб: «Буларга истаганингизни қилинглар», дединг. 25 Ота–боболаримиз мустаҳкам шаҳарларни, ҳосилдор ерларни қўлга киритдилар, ажойиб буюмлар билан тўла уйларга, қазилган сардобаларга, узумзорларга, зайтунзорларга, кўплаб мевали дарахтларга эга бўлдилар. Еб тўйдилар, семирдилар, Сенинг улуғ марҳаматингдан кўнгилларини чоғ қилдилар.

26 Лекин шунга қарамай, улар яна итоатсизлик қилиб, Сенга қарши бош кўтардилар. Қонунларингни менсимадилар, «Эгамизга қайтинглар», деб даъват қилган пайғамбарларингни ўлдирдилар. Ўтакетган шаккокликлар қилдилар. 27 Шунинг учун Сен уларни душманлари қўлига бердинг, душманлари уларга зулм ўтказдилар. Улар азоб тортганларида Сенга илтижо қилишди, Сен уларнинг илтижоларини самодан туриб эшитдинг. Буюк раҳм–шафқатинг туфайли уларга қутқарувчиларни юбординг. Қутқарувчилар уларни душманлари қўлидан халос қилдилар. 28 Лекин ҳаммаси яхши бўлгандан кейин, улар Сенинг олдингда яна қабиҳлик қилишди. Сен уларни яна душманлари қўлига бериб, тарк этдинг. Душманлари улар устидан ҳукмронлик қилишди. Ота–боболаримиз яна Сенга юз буриб, илтижо қилганларида, самодан туриб уларнинг илтижоларини эшитдинг. Сен раҳмдил бўлганинг учун кўп марталаб уларга нажот бердинг.

29 Қонунларим бўйича олдингидай яшанглар, деб уларни огоҳлантирдинг. Лекин улар ўзларига бино қўйиб, Сенинг амрларингга итоат этмадилар. Гарчи қонун–қоидаларингга амал қилиш ҳаёт берса–да, улар бу қонун–қоидаларингга қарши гуноҳ қилдилар, ўжарлик билан қонун–қоидаларингдан юз ўгирдилар, итоат этишдан бош тортдилар. 30 Узоқ йиллар Сен уларга сабр–тоқат қилиб келдинг, Руҳинг ила пайғамбарлар орқали халқингни огоҳлантириб келдинг. Лекин улар Сенга қулоқ солмадилар. Шу сабабдан Сен уларни таслим қилиб, бегона халқларнинг қўлига бердинг. 31 Аммо шундай бўлса ҳам, буюк раҳм–шафқатинг туфайли Сен уларни қириб ташламадинг, уларни тарк этмадинг, чунки Сен иноятли, раҳмдил Худосан!

32 Эй Худойимиз! Сен буюк, қудратли ва ҳайбатли Худосан! Сен аҳдингда турасан, содиқ севгингни сақлайсан. Чеккан азоб–уқубатларимиздан кўз юмма. Ахир, Оссурия шоҳлари давридан бугунгача шоҳларимиз, йўлбошчиларимиз, руҳонийларимиз, пайғамбарларимиз, ота–боболаримиз, бутун халқимиз бошига оғир азоб–уқубатлар тушди. 33 Сен бизни жазолаб тўғри қилдинг. Сен садоқат билан иш тутдинг, биз эса қабиҳлик қилдик. 34 Шоҳларимиз, йўлбошчиларимиз, руҳонийларимиз, ота–боболаримиз Сенинг қонунларингга риоя қилмадилар, Сен берган амрларингга, огоҳлантиришларингга улар қулоқ солмадилар. 35 Ҳатто ўз шоҳлигига эга бўлган пайтларида, Сен уларга буюк марҳамат кўрсатган бўлсанг ҳам, улар Сенга хизмат қилмадилар. Сен уларга кенг, серҳосил бир юрт бердинг, лекин улар қабиҳ ишларидан қайтмадилар.

36 Мана, бугун биз қулмиз! Сен ота–боболаримизга берган юртда биз қул бўлиб яшаяпмиз. Сен эса бу юртни ота–боболаримизга меваларидан, мўл–кўлчилигидан баҳраманд бўлсин деб бергансан. 37 Аммо гуноҳларимиз оқибатида Сен бизни шоҳларга тобе қилиб қўйдинг. Юртимизнинг мўл ҳосили ўшаларга кетади. Улар бизга ва чорвамизга хоҳлаган ишини қилади. Эвоҳ, оғир кулфатда қолдик!”

Халқ Худога итоат этишга қарор қилади

38 Халқ қуйидагича қарор қилди:

“Бўлиб ўтган воқеалар туфайли биз ёзма равишда қатъий қарор қиляпмиз. Йўлбошчиларимиз, левиларимиз ва руҳонийларимиз бу қарорга муҳрларини босдилар.

10

10–БОБ

1 Хахалиё ўғли, ҳоким Нахимиё қарорни тасдиқлаб, муҳрлади. Зидқиё ҳам қарорга муҳрини босди. Булардан ташқари, қарорни муҳрлаганларнинг исмлари қуйидагичадир:

2 Сараё, Озариё, Еремиё,

3 Пашхур, Эмориё, Малкиё,

4 Хаттуш, Шабаниё, Маллух,

5 Харим, Миромўт, Ободиё,

6 Дониёр, Гинатой, Борух,

7 Машуллом, Абиё, Миёмин,

8 Мазиё, Билги, Шамаё.

Улар руҳонийлар эдилар.

9 Левилар:

Озаниё ўғли Ешува,

Ханадод уруғидан Биннуй,

Кадмил,

10 уларнинг шериклари:

Шабаниё, Хўдиё,

Килит, Палиё, Ханон,

11 Миха, Рехоб, Хашавиё,

12 Заккур, Шаравиё, Шабаниё,

13 Хўдиё, Баних, Банину.

14 Халқ йўлбошчилари:

Парўш, Пахатмўаб,

Элам, Затту, Баних,

15 Бўнах, Озгад, Бўвай,

16 Одониё, Биғвай, Адин,

17 Отер, Ёхизқиё, Аззур,

18 Хўдиё, Хашум, Безай,

19 Хориф, Онотўт, Набай,

20 Махпиёш, Машуллом, Хазир,

21 Машазавил, Зодўх, Ёддува,

22 Пилатиё, Ханон, Оноёҳ,

23 Хўшея, Ханониё, Хашшуб,

24 Халлохеш, Пилхо, Шўвех,

25 Рахум, Хашавно, Масиё,

26 Охиё, Ханон, Онон,

27 Маллух, Харим, Банах.

Қарор мазмуни

28 Биз, жамики Исроил халқи — руҳонийлар, левилар, Маъбад дарвозабонлари, қўшиқчилар, Маъбад хизматчилари ва Худонинг қонунига мувофиқ ўзларини маҳаллий халқлардан айирган ҳамма яҳудийлар хотинлари ва эсини таниган ўғил–қизлари билан бирга, 29 йўлбошчиларимиз қаторида онт ичамиз. Агар онтимизни бузсак, лаънати бўлайлик. Худо Ўз қули Мусо орқали берган қонунга биз амал қилиб яшаймиз. Эгамиз — Раббимизнинг амрларига, қонун–қоидаларига ва фармонларига риоя қиламиз.

30 Биз маҳаллий халқлар билан қуда–андачилик қилмаймиз.

31 Агар маҳаллий одамлар Шаббат куни ёки бошқа бирор муқаддас кунда сотиш учун дон ёки ҳар хил мол олиб келишса, улардан ҳеч нарса сотиб олмаймиз.

Биз ҳар еттинчи йили ерга ишлов бермасликка ва берган ҳамма қарзларимиздан воз кечиб юборишга ваъда қиламиз.

32 Бундан ташқари, шуни ваъда қиламизки, Худойимизнинг уйидаги сажда маросимлари эҳтиёжлари учун ҳар йили бир мисқол кумушни+ 10:32* бир мисқол кумуш — ибронийча матнда a бир шақалнинг учдан бир қисми*, тахминан 4 граммга тўғри келади. топширамиз. 33 Бу пуллар қуйидаги нарсалар учун сарф қилинади: муқаддас нонлар учун, кундалик дон назрлари учун, кундалик куйдириладиган қурбонликлар учун, Шаббат кунида, янги ой шодиёнасида, ҳар йили ўтказиладиган байрамларда келтириладиган қурбонликлар, назрлар ва бошқа эҳсонлар учун, Исроил халқини поклаганда қилинадиган гуноҳ қурбонликлари учун, Худойимизнинг уйида қилинадиган бошқа сарф–харажатлар учун.

34 Биз қуръа ташлаб+ 10:34* …қуръа ташлаб… — қуръа ташлашда ёғоч бўлаклари ёки тошлар ишлатилган бўлиб, шу орқали Худонинг хоҳиш–иродаси аниқланган. Баъзан одамлар қуръа ташлаб, Худодан бирор ишни қандай ёки қачон қилиш кераклигини сўрашган., руҳонийлар, левилар ва халқнинг ҳар бир хонадони қай вақтда Худонинг уйи учун ўтин олиб келишлари кераклигини аниқлаб олдик. Сўнг шундай ваъда бердик: биз ҳар йили белгиланган пайтда ўтин олиб келамиз. Шу йўл билан Тавротда, Эгамиз Худонинг қурбонгоҳида доимо олов ёниб турсин, деб ёзилган амрни бажарамиз.

35 Биз ҳар йили еримизнинг биринчи ҳосилини ва ҳамма мевали дарахтларимизнинг биринчи ҳосилини Эгамизнинг уйига олиб келамиз, деб ваъда қиламиз. 36 Шунингдек, Тавротда ёзилганига мувофиқ, тўнғич ўғилларимизни, мол–қўйларимизнинг биринчи туғилганларини Худойимизга бағишлаймиз, деб ваъда қиламиз. Биз уларни Худойимизнинг уйида ўз вазифасини ўтаётган руҳонийларга олиб келамиз. 37 Руҳонийларга аталган маҳсулотларни Худойимизнинг уйидаги омборхоналарга олиб келамиз. Унимизнинг ва бошқа дон маҳсулотларимизнинг аълосини, меваларимизнинг аълосини, янги шароб ва зайтун мойимизнинг аълосини омборхоналарга олиб келамиз.

Биз еримизнинг ҳосилидан левиларга ушр+ 10:37* ушр — ҳар қандай даромаднинг ўндан бир қисми. Левилар 27:30-33, Қонунлар 14:22-29, 26:12-13~га қаранг. беришга ваъда қиламиз. Деҳқончилик билан машғул бўлган ҳамма шаҳарларимиздан левилар ушр йиғадилар. 38 Левилар ушрни олаётганларида, Ҳорун наслидан бўлган руҳоний уларнинг ёнида бўлади. Левилар ушрнинг ўндан бирини Худойимизнинг уйига олиб келиб, омборхоналарга жойлаштирадилар.

39 Хуллас, Исроил халқи ва левилар эҳсон қилган дон, шароб ва зайтун мойларини Маъбаддаги омборларга олиб келишади. Бу омборхоналар ўз вазифасини ўтаётган руҳонийлар, дарвозабонлар ва қўшиқчиларнинг хоналари ёнида жойлашган бўлиб, у ерда Маъбад буюмлари ҳам сақланади.

Биз Худойимизнинг уйини қаровсиз қолдирмаймиз, деб ваъда берамиз.”

11

11–БОБ

Қуддусда жойлашган халқ

1 Халқ йўлбошчилари Қуддусда ўрнашиб олдилар. Қолган халқ эса қуръа ташлади+ 11:1* …қуръа ташлади… — 10:34 изоҳига қаранг., чунки ҳар ўнта хонадондан биттаси муқаддас Қуддус шаҳрига кўчиб бориши, қолган тўққизтаси бошқа шаҳарларда қолишлари керак эди. 2 Ўз хоҳиши билан Қуддусга кўчиб бормоқчи бўлганларнинг ҳаммасини халқ дуо қилди.

3 Шундай қилиб, Исроил халқининг кўпчилиги, руҳонийлар, левилар, Маъбад хизматчилари, Сулаймон қаролларининг авлодлари Яҳудо юртидаги бошқа шаҳарларда, ўзларининг мулкида яшаб қолдилар. Яҳудо ва Бенямин қабилаларидан баъзилари эса Қуддусда қайтадан уй–жой қилдилар.

Қуддусда ўрнашиб олган вилоят+ 11:3-4* вилоят — Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят назарда тутилган. 2:7~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. йўлбошчиларининг рўйхати қуйидагичадир:

Яҳудо қабиласидан:

Қуддусда Уззиё ўғли Отаёх ўрнашди. Отаёхнинг насабномаси қуйидагича эди: Уззиё — Закариёнинг ўғли, Закариё — Эмориёнинг ўғли, Эмориё — Шафатиёнинг ўғли, Шафатиё — Махалиёлнинг ўғли, Махалиёл Параз наслидан эди.

5 Борух ўғли Масиё ҳам Қуддусда ўрнашди. Масиёнинг насабномаси қуйидагича эди: Борух — Холхозининг ўғли, Холхози — Хазиёнинг ўғли, Хазиё — Одаёнинг ўғли, Одаё — Йўхаривнинг ўғли, Йўхарив — Закариёнинг ўғли, Закариё Шело наслидан эди.

6 Параз наслидан Қуддусда ҳаммаси бўлиб 468 нафар баҳодир жангчи яшар эди.

7 Бенямин қабиласидан:

Қуддусда Машуллом ўғли Саллу ўрнашди. Саллунинг насабномаси қуйидагича эди: Машуллом — Йўаднинг ўғли, Йўад — Подиёнинг ўғли, Подиё — Хулаёнинг ўғли, Хулаё — Масиёнинг ўғли, Масиё — Ихтиёлнинг ўғли, Ихтиёл — Ешаёнинг ўғли.

8 Саллунинг издошлари Габбой ва Саллой ҳам Қуддусда ўрнашдилар.

Бенямин наслидан Қуддусда ҳаммаси бўлиб 928 нафар одам яшар эди. 9 Уларнинг лашкарбошиси Зихри ўғли Йўэл эди, Хассинува ўғли Яҳудо эса Йўэлнинг ўнг қўл ёрдамчиси эди.

10 Руҳонийлардан:

Қуддусда Йўхарив ўғли Ёдаё, Ёхин 11 ва олий руҳоний Сараё ўрнашдилар. Сараёнинг насабномаси қуйидагича эди: Сараё — Хилқиёнинг ўғли, Хилқиё — Машулломнинг ўғли, Машуллом — Зодўхнинг ўғли, Зодўх — Маройўтнинг ўғли, Маройўт Охитобнинг ўғли эди. 12 Ёдаё, Ёхин ва Сараёнинг Худо уйида хизмат қиладиган қариндош–уруғлари ҳаммаси бўлиб 822 нафар одам эди.

Ерохам ўғли Одаё ҳам Қуддусда ўрнашиб олди. Унинг насабномаси қуйидагича эди: Ерохам — Палалиёнинг ўғли, Палалиё — Омзининг ўғли, Омзи — Закариёнинг ўғли, Закариё — Пешхурнинг ўғли, Пешхур — Малкиёнинг ўғли. 13 Одаёнинг қариндош–уруғлари орасида ҳаммаси бўлиб 242 нафар уруғбоши бор эди.

Озариёл ўғли Эмашай ҳам Қуддусда ўрнашиб олди. Унинг насабномаси қуйидагича эди: Озариёл — Охзайнинг ўғли, Охзай — Машилламўтнинг ўғли, Машилламўт — Иммарнинг ўғли. 14 Эмашайнинг қариндош–уруғлари орасида ҳаммаси бўлиб 128 нафар ботир жангчи бор эди.

Руҳонийларнинг лашкарбошиси Хагдолим ўғли Забдиёл эди.

15 Левилардан:

Қуддусда Хашшуб ўғли Шамаё ўрнашди. Унинг насабномаси қуйидагича эди: Хашшуб — Озрикомнинг ўғли, Озриком — Хашавиёнинг ўғли, Хашавиё — Бўнахнинг ўғли.

16 Левиларнинг йўлбошчиларидан бўлган Шаббатай ва Йўзабад ҳам Қуддусда ўрнашиб олдилар. Уларнинг вазифаси Худонинг уйига қараш ва таъминотини назорат қилиш эди.

17 Миха ўғли Маттаниё ҳам Қуддусда ўрнашиб олди. Унинг насабномаси қуйидагича эди: Миха — Забдининг ўғли, Забди — Осифнинг ўғли. Маттаниё Маъбад қўшиқчиларини ҳамду сано айтишда бошқарар эди.

Маттаниёнинг ёрдамчиси Бобуҳё ва Шаммува ўғли Абдах Қуддусда ўрнашиб олдилар. Шаммува ўғли Абдахнинг насабномаси қуйидагича эди: Шаммува — Галолнинг ўғли, Галол — Ёдутуннинг ўғли.

18 Муқаддас шаҳар Қуддусда ҳаммаси бўлиб 284 нафар леви яшаган эди.

19 Маъбад дарвозабонларидан:

Оққув, Талмўн ва уларнинг қариндошлари Қуддусда ўрнашиб олдилар. Улар ҳаммаси бўлиб 172 киши эди.

20 Исроил халқининг, руҳонийларнинг ва левиларнинг қолганлари Яҳудо юртидаги шаҳарларда, ўзларининг мулкида истиқомат қилишарди. 21 Маъбад хизматкорлари эса Қуддусдаги Офел тепалигида+ 11:21* Офел тепалиги — 3:26 изоҳига қаранг. истиқомат қилишарди. Зихо ва Гишпо уларнинг устидан назоратчи эдилар.

22 Қуддусдаги левиларнинг назоратчиси Баних ўғли Уззи эди. Унинг насабномаси қуйидагича эди: Баних — Хашавиёнинг ўғли, Хашавиё — Маттаниёнинг ўғли, Маттаниё — Миханинг ўғли, Миха Осиф наслидан эди. Осиф насли Худо уйидаги хизматда қўшиқчилар учун масъул эди. 23 Шоҳ Довуднинг қўшиқчилар тўғрисида чиқарган фармонига кўра, қўшиқчилар ҳар куни моддий томондан таъминланар эди.

24 Машазавил ўғли Патихиё Форс шоҳининг Яҳудодаги вакили бўлиб, Исроил халқига оид ҳамма ишларга масъул эди. Патихиё Яҳудо ўғли Зерах наслидан эди.

Қуддусдан ташқарида яшаган халқ

25 Халқнинг кўпчилиги бошқа шаҳарларда ва ўша шаҳарлар атрофида яшар эдилар. Яҳудо қабиласидан бўлганлар қуйидаги жойларда истиқомат қилар эдилар:

Хират–Арба шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

Дибон шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

Ёхавзол шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

26 Ешува, Мўлодах, Байт–Палат ва 27 Хазор–Шувол шаҳарларида,

Бершеба шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

28 Зихлах шаҳрида,

Махуно шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

29 Эн–Риммон, Зорох, Ярмут, 30 Зонўвах, Адуллам шаҳарларида ва уларнинг атрофидаги қишлоқларда,

Лахиш шаҳрида ва унинг атрофидаги далаларда,

Озикаҳ шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда.

Яҳудо қабиласи яшаган бу ерлар жанубдаги Бершебадан то шимолдаги Хиннум сойлигигача+ 11:30* Хиннум сойлиги — Қуддус шаҳридан жанубда жойлашган. чўзилган эди.

31 Бенямин қабиласидан бўлганлар қуйидаги жойларда истиқомат қилар эдилар:

Гебо, Михмаш ва Оя шаҳарларида,

Байтил шаҳрида ва унинг атрофидаги қишлоқларда,

32 Онотўт, Нав, Онониёҳ, 33 Хазор, Рама, Гитайим, 34 Ҳодид, Завўм, Наваллот, 35 Лўд, Онў шаҳарларида ва

Ҳунармандлар+ 11:35* Ҳунармандлар — ибронийча матнда a Харашим*, маъноси a ҳунармандлар*. водийсида.

36 Яҳудо қабиласининг ҳудудида яшаган баъзи леви гуруҳлари ҳам Бенямин қабиласи орасида истиқомат қилиш учун юборилган эди.

12

12–БОБ

Руҳонийлар ва левилар рўйхати

1 Шалтиёл ўғли Зарубабел+ 12:1* Шалтиёл ўғли Зарубабел — Эзра 3:2~нинг иккинчи изоҳига қаранг. ва Ёшуа билан бирга сургундан қайтиб келган руҳонийлар ҳамда левилар қуйидагилардир:

Руҳонийлар:

Сараё, Еремиё, Эзра,

2 Эмориё, Маллух, Хаттуш,

3 Шаханиё, Рахум, Миромўт,

4 Иддо, Гинатон+ 12:4* Гинатон — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Гинатой*. Унинг Гинатон деган шакли шу бобнинг 16–оятидан олинган., Абиё,

5 Минёмин, Мўвадиё+ 12:5* …Минёмин, Мўвадиё… — ибронийча матнда бу исмларнинг бошқа вариантлари a Миёмин, Мадиё*. Уларнинг Минёмин ва Мўвадиё деган шакллари шу бобнинг 17–оятидан олинган., Билдах,

6 Шамаё, Йўхарив, Ёдаё,

7 Саллу, Омоқ, Хилқиё, Ёдаё.

Булар Ёшуа давридаги руҳонийларнинг ва руҳоний ҳамкорларининг етакчилари эдилар.

8 Левилар:

Ешува, Биннуй, Кадмил, Шаравиё, Яҳудо ва Маттаниё.

Маттаниё ва унинг ҳамкорлари шукрона мадҳиясини куйлайдиганлар учун масъул эдилар. 9 Бобуҳё, Унно ва уларнинг ҳамкорлари мадҳиянинг жўр бўлиб айтилиши учун масъул эдилар.

Олий руҳоний Ёшуанинг авлодлари

10 Ёшуа — Йўйиқимнинг отаси, Йўйиқим — Элиашабнинг отаси, Элиашаб — Йўхадахнинг отаси, 11 Йўхадах — Йўханоннинг+ 12:11* Йўханон — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Йўнатан*. Унинг Йўханон деган шакли шу бобнинг 22–оятидан олинган. отаси, Йўханон Ёддуванинг отаси эди.

Руҳоний уруғбошилари

12 Олий руҳоний Йўйиқим даврида қуйидаги руҳонийлар уруғбошилар эдилар:

Сараё уруғидан — Мориё.

Еремиё уруғидан — Ханониё.

13 Эзра уруғидан — Машуллом.

Эмориё уруғидан — Ёҳуханон.

14 Маллух+ 12:14* Маллух — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Малихи*. Унинг Маллух деган шакли шу бобнинг 2–оятидан олинган. уруғидан — Йўнатан.

Шаханиё+ 12:14* Шаханиё — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Шабаниё*. Унинг Шаханиё деган шакли шу бобнинг 3–оятидан олинган. уруғидан — Юсуф.

15 Харим уруғидан — Адна.

Миромўт+ 12:15* Миромўт — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Маройўт*. Унинг Миромўт деган шакли шу бобнинг 3–оятидан олинган. уруғидан — Халкай.

16 Иддо уруғидан — Закариё.

Гинатон уруғидан — Машуллом.

17 Абиё уруғидан — Зикри.

Минёмин уруғидан ҳам бир уруғбоши бор эди.

Мўвадиё уруғидан — Пилтай.

18 Билдах уруғидан — Шаммува.

Шамаё уруғидан — Йўнатан.

19 Йўхарив уруғидан — Маттанай.

Ёдаё уруғидан — Уззи.

20 Саллу+ 12:20* Саллу — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Саллой*. Унинг Саллу деган шакли шу бобнинг 7–оятидан олинган. уруғидан — Каллой.

Омоқ уруғидан — Ибир.

21 Хилқиё уруғидан — Хашавиё.

Ёдаё уруғидан — Натанил.

Левилар уруғбошилари

22 Олий руҳонийлар Элиашаб, Йўхадах, Йўханон ва Ёддува даврларида левилар рўйхатда ўз уруғбошилари номи билан қайд этилганлар. Форс шоҳи Доро+ 12:22* Форс шоҳи Доро — милоддан олдинги 522-486 йилларда ҳукмронлик қилган. Аммо бу ерда милоддан олдинги 423-404 йилларда ҳукмронлик қилган Доро II ёки милоддан олдинги 335-331 йилларда ҳукмронлик қилган Доро III назарда тутилган бўлиши мумкин. ҳукмронлиги даврида эса рўйхатга олишнинг бундай усули руҳонийларга нисбатан қўлланилган эди. 23 Олий руҳоний Элиашаб невараси+ 12:23* невараси — ибронийча матнда a ўғли*. Аслида Йўханон Элиашабнинг невараси эди (шу бобнинг 10-11–оятларига қаранг). Ибронийчада a ўғил* сўзи a насл* маъносида ҳам ишлатилади. Йўханон давригача “Тарих китоби”даги рўйхатларда левилар ўз уруғбошилари номлари бўйича ёзилганлар.

24 Қуйидагилар левиларнинг уруғбошилари эдилар:

Хашавиё, Шаравиё, Ешува, Биннуй, Кадмил+ 12:24-25* …Ешува, Биннуй, Кадмил… — ибронийча матнда a …Кадмил ўғли Ешува…* (аммо шу бобнинг 8–оятига қаранг). Ибронийчада a Кадмил ўғли Ешува* ибораси ва a Ешува, Биннуй, Кадмил* ибораси ўзаро оҳангдош. ва уларнинг ҳамкорлари Маттаниё, Бобуҳё ва Ободиё. Худонинг одами Довуд берган фармонга кўра, улар Худога ҳамду сано ва шукрона айтаётганларида, икки гуруҳга бўлиниб, бир–бирларига рўпарама–рўпара туриб, куйлар эдилар.

Машуллом, Талмўн ва Оққув Маъбад дарвозабонлари эдилар. Улар Эгамизнинг уйи дарвозалари ёнидаги омборхоналарни қўриқлар эдилар.

26 Бу одамлар олий руҳоний Йўйиқим, ҳоким Нахимиё, руҳоний ҳамда тафсирчи Эзранинг замондошлари эдилар. Олий руҳоний Йўйиқим — Ёшуанинг ўғли, Ёҳузадахнинг+ 12:26* Ёҳузадах — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Йўзадах*. набираси эди.

Нахимиё шаҳар деворини Худога бағишлайди

27 Қуддуснинг янги девори Худога бағишланаётганда Яҳудо юртидаги ҳамма левилар чақирилди. Улар хурсандчилик пайтида шукрона қўшиқлар куйлаб, зил, арфа, чанг чалиб, маросимда иштирок этишлари керак эдилар. 28 Леви қўшиқчилари Қуддус атрофидаги қишлоқлардан йиғилиб келдилар. Қуддус атрофидаги ўша қишлоқларни левилар ўзлари учун қурган эдилар. Натуфо, Байт–Гилгал, Гебо ва Озмобит шаҳарларининг атрофидаги қишлоқларда яшайдиган левилар ҳам йиғилиб келдилар. 30 Руҳонийлар ва левилар ўзларини покладилар, сўнгра халқни, Қуддус дарвозаларини ва деворини покладилар.

31 Кейин мен+ 12:31* мен — яъни Нахимиё (1:1~нинг биринчи изоҳига қаранг). Яҳудо йўлбошчиларини девор устига чиқардим. Худога шукрона айтадиган иккита катта гуруҳ қўшиқчиларни тайинладим. Қўшиқчиларнинг бир гуруҳи девор устида жанубга — Гўнг дарвозаси томонга+ 12:31* Қўшиқчиларнинг бир гуруҳи…Гўнг дарвозаси томонга… — бу гуруҳ ва мазкур бобнинг 38–оятида айтиб ўтилган иккинчи гуруҳ тантанали юришини Сойлик дарвозасидан бошлаган бўлишлари мумкин. Сойлик дарвозаси шаҳар деворининг жануби–ғарб томонида жойлашган. Иккала гуруҳ шаҳар девори устидан икки томонга юриб, Маъбад қаршисида, яъни шаҳар деворининг шимоли–шарқ томонида учрашишган (шу бобнинг 39-40–оятларига қаранг). тантана билан юрди. 32 Ҳўшайё Яҳудо йўлбошчиларининг ярмини эргаштириб, биринчи гуруҳ қўшиқчиларнинг орқасидан борди. 33 Уларнинг орқасидан эса қуйидаги руҳонийлар карнайлар чалиб бордилар: Озариё, Эзра, Машуллом, Яҳудо, Бенямин, Шамаё ва Еремиё. Уларнинг кетидан Йўнатан ўғли Закариё борди. Закариёнинг насабномаси қуйидагича эди: Йўнатан — Шамаёнинг ўғли, Шамаё — Маттаниёнинг ўғли, Маттаниё — Михиёнинг ўғли, Михиё — Заккурнинг ўғли, Заккур Осаф наслидан эди. 36 Закариёнинг ёнида унинг ҳамкорлари — Шамаё, Озариёл, Милалай, Жилалай, Май, Натанил, Яҳудо, Хонинни бор эдилар. Улар Худонинг одами шоҳ Довуднинг кўрсатмасига биноан мусиқа асбобларини кўтариб борардилар. Тафсирчи Эзра биринчи гуруҳ қўшиқчиларининг орқасидан бораётганларни бошлаб борди. 37 Улар Булоқ дарвозасидан Довуд қалъасига олиб борадиган зинапоя орқали тўғрига юрдилар. Довуднинг саройидан ўтиб, шарқ томондаги Сув дарвозасига кетдилар.

38 Худога шукрона айтаётган иккинчи гуруҳ қўшиқчилар деворнинг устида шимол томонга кетдилар. Мен Яҳудо йўлбошчиларининг ярмини бошлаб, иккинчи гуруҳ қўшиқчиларнинг ортидан кетдим. Биз Тандир дарвозасидан, Кенг деворидан, 39 Эфрайим дарвозасидан, Яшоно дарвозасидан+ 12:39* Яшоно дарвозаси — 3:6 изоҳига қаранг., Балиқ дарвозасидан, Ханонил минорасидан, Юз минорасидан ва Қўй дарвозасидан ўтдик. Ниҳоят, Қўриқчи дарвозаси ёнидаги манзилга етиб бордик. 40 Шундай қилиб, Худога шукрона айтган иккала гуруҳ Худонинг уйи олдида тўхтади.

Ёнимдаги йўлбошчилар билан бирга, 41 қуйидаги руҳонийлар ҳам карнай чалиб, иккинчи гуруҳ қўшиқчилар ортидан юрдилар: Элияқим, Масиё, Минёмин, Михиё, Элийўнай, Закариё ва Ханониё. 42 Уларнинг кетидан Масиё, Шамаё, Элазар, Уззи, Ёҳуханон, Малкиё, Элам ва Эйзар боргандилар. Қўшиқчилар ўзларининг йўлбошчиси Йизрахиё бошчилигида куйлагандилар.

43 Ўша куни халқ кўп қурбонликлар келтириб, хурсандчилик қилишди, чунки Худо уларга кўп шод–хуррамлик ато қилган эди. Аёллар ва болалар ҳам хурсанд эдилар. Қуддусдаги шодлик садолари узоқлардан эшитилиб турарди.

Маъбаддаги хизматчилар учун назр ва ушрлар

44 Ўша куни Маъбаддаги омборхоналар устидан одамлар тайинланди. Омборхоналарда ҳадялар, биринчи ҳосилдан келтирилган назрлар ва ушрлар+ 12:44* ушрлар — 10:37 изоҳига қаранг. сақланар эди. Тайинланган одамлар, қонунга кўра, шаҳарлар атрофидаги далалардан руҳонийлар ва левилар учун ушрларни йиғиб, омборхоналарга олиб келишлари керак эди. Чунки Яҳудо халқи руҳонийлар ва левиларнинг хизматини қадрлар эди. 45 Руҳонийлар, левилар поклаш маросимларини ва Худо тайин этган бошқа маросимларни бажарар эдилар. Қўшиқчилар ва дарвозабонлар ҳам, улар қаторида, шоҳ Довуд ва унинг ўғли Сулаймондан қолган фармонга мувофиқ, Маъбадда хизмат қилар эдилар. 46 Дарвоқе, қўшиқчиларга бошловчи тайинлаб, Худога ҳамду сано ва шукроналар айтиш одати азалдан — Довуд ва Осиф давридан бошланган эди. 47 Зарубабел даврида ҳам, Нахимиё+ 12:47* Нахимиё — 1:1~нинг биринчи изоҳига қаранг. даврида ҳам бутун Исроил халқи қўшиқчилар ва Маъбад дарвозабонлари учун кундалик улушларни берарди. Улар левилар учун ҳам улуш ажратишарди, левилар эса руҳонийларнинг улушини ажратиб беришар эди.

13

13–БОБ

Исроил халқи бегона насллардан ажралади

1 Ўша куни халққа Мусонинг китобидан ўқиб берилди. У ерда шундай ёзилган экан+ 13:1* У ерда шундай ёзилган экан… — Қонунлар 23:3-5~га қаранг.: “Оммонликлар ва Мўабликлар Худонинг жамоасига киролмайди, 2 чунки Исроил халқи Мисрдан чиққанда, Оммонликлар ва Мўабликлар уларни нон ва сув билан кутиб олмадилар. Аксинча, Исроил халқини лаънатлаш учун Баломни ёлладилар+ 13:2* …Исроил халқини лаънатлаш учун Баломни ёлладилар — Саҳрода 22:1-24:25~га қаранг.. Лекин Худойимиз лаънатни дуога айлантирди.” 3 Исроил халқи Таврот сўзларини эшитгач, Исроил жамоасидан ҳамма бегона наслларни чиқариб юборди.

Нахимиёнинг ислоҳотлари

Нахимиё Маъбад хизматкорларининг таъминоти тўғрисида қоидалар жорий қилади

4 Бу воқеа Қуддус девори бағишланишидан анча олдин содир бўлган эди. Ўша вақтда Тўвиёнинг+ 13:4* Тўвиё — у Оммонлик эди (2:10~га қаранг). қариндоши Элиашаб Худойимизнинг уйидаги омборхоналар учун масъул эди. 5 Элиашаб Тўвиё учун Маъбадга қарашли катта бир хонани бўшатиб берибди. Илгари бу хонада назр қилинган дон, хушбўй тутатқилар ва Маъбад буюмлари сақланарди. Эгамиз берган амрга мувофиқ, левиларга, қўшиқчиларга, Маъбад дарвозабонларига аталган дон, шароб, зайтун мойи ушрлари+ 13:5* ушрлар — 10:37 изоҳига қаранг. ва руҳонийларга аталган назрлар ҳам ўша хонада сақланарди.

6 Бу ишлар содир бўлганда, мен+ 13:6* мен — яъни Нахимиё (1:1~нинг биринчи изоҳига қаранг). Қуддусда эмасдим. Бобил шоҳи Артахшас ҳукмронлигининг ўттиз иккинчи йилида+ 13:6* Бобил шоҳи Артахшас ҳукмронлигининг ўттиз иккинчи йили — тахминан милоддан олдинги 433 йил (1:1~нинг иккинчи изоҳига қаранг). Бобил шоҳлигини форслар босиб олганлари учун, Форс шоҳи Артахшасни Бобил шоҳи Артахшас деб ҳам аташарди. мен шоҳ ҳузурига кетган эдим. Маълум вақт ўтгач, шоҳдан ижозат сўраб, 7 Қуддусга қайтиб келдим. Шундагина Элиашабнинг қилган бу расво ишидан хабардор бўлдим. У Тўвиёга Худонинг уйидаги бир хонани ажратиб берибди–я! 8 Мен қаттиқ ғазабланиб, Тўвиёнинг барча уй жиҳозларини хонадан улоқтириб ташладим. 9 Сўнг, омборхоналар поклансин, деб буйруқ бердим. Омборхоналар поклангач, Худонинг уйи буюмларини, дон назрларини ва хушбўй тутатқиларни ўз жойига қайтариб қўйдирдим.

10 Шунингдек, левиларга ҳосилнинг ўзларига тегишли улушлари берилмаганини ҳам билиб қолдим. Шу сабабдан Маъбадда хизмат қилиб юрган левилар ва қўшиқчилар ўзларининг далаларига қайтиб кетишган экан. 11 Йўлбошчиларга: “Нима учун Худонинг уйини ўз ҳолига ташлаб қўйдингизлар?!” деб танбеҳ бердим. Левилар ва қўшиқчиларни тўплаб, ҳаммаларини ўз вазифаларига қўйдим. 12 Шундан кейин жамики Яҳудо халқи дон, шароб, зайтун мойи ушрларини Маъбад омборхоналарига олиб келишди. 13 Руҳоний Шаламиёни, котиб Зодўхни ва левилардан Подиёни омборхоналарга масъул қилиб тайинладим. Маттаниёнинг набираси Заккур ўғли Ханонни уларнинг ёрдамчиси қилиб тайинладим. Улар ишончли одамлар бўлиб, вазифалари биродарларига улушни тақсимлашдан иборат эди.

14 Эй Худойим! Қилган бу ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин. Сенинг уйинг учун ва уйингда ўтказиладиган сажда маросимлари учун садоқат билан қилган савоб ишларимни унутма.

Нахимиё Шаббат қоидаларини жорий қилади

15 Ўша вақтда мен Шаббат кунлари узум эзаётган яҳудийларни+ 13:15* узум эзаётган яҳудийлар — қадимги пайтларда одамлар узумни қоятошга ўйилган чуқурга ёки тупроқдан қазилган, тубига ва атрофига зич қилиб тош терилган чуқурга солиб, шарбатини сиқиб олиш учун оёқлари билан эзардилар. Шарбат ўша чуқурдан яна бошқа бир чуқурга оқиб тушарди. кўрардим. Уюм–уюм дон, шароб, узум, анжир ва ҳар хил юкларни олиб келаётганларни кузатар эдим. Улар бу нарсаларни эшакларга юклаб, Шаббат куни Қуддусга олиб келишар эди. Улар ўз маҳсулотларини сотаётганларида, мен уларни огоҳлантириб, бундай ишларни Шаббат куни қилманглар, деб айтардим. 16 Қуддусда яшаётган Тирликлар+ 13:16* Тир — Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган шаҳар. Бу шаҳар Исроилдан шимолда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий қисмини ташкил қилади. ҳам балиқ ва ҳар хил маҳсулотларни олиб келиб, ўшаларни Шаббат куни Яҳудо халқига Қуддусда сотаётган эдилар. 17 Мен Яҳудо йўлбошчиларига танбеҳ бердим: “Бу қилаётганларингиз қабиҳлик–ку! Ахир, Шаббат кунини булғаяпсизлар! 18 Худо бизни ва бу шаҳарни ота–боболаримизнинг худди шундай қабиҳлиги учун жазолаган эди–ку! Энди эса сизлар Шаббат кунини булғаб, халқимизнинг бошига Худонинг қаҳр–ғазабини янада кўпроқ олиб келяпсизлар.”

19 Шунда мен буйруқ бердим: “Шаббатдан олдин оқшом тушиши биланоқ+ 13:19* …оқшом тушиши биланоқ… — яҳудийларнинг урф–одатига кўра, янги кун қуёш ботгандан кейин бошланар эди. Қуддус дарвозалари ёпилсин, Шаббат тугамагунча очилмасин.” Шаббат куни бирортаси юк олиб чиқмаслиги учун дарвоза олдига одамларимдан+ 13:19* одамларим — 4:16-17 изоҳига қаранг. баъзиларини ўтқазиб қўйдим. 20 Шунда савдогарлар ва ҳар хил маҳсулотларни сотувчилар тунни бир–икки марта Қуддусдан ташқарида ўтказдилар. 21 Мен уларни огоҳлантириб, шундай дедим: “Нега сизлар тунни девор ортида ўтказасизлар?! Агар яна шундай қилсангиз, сизларни қамайман.” Ўшандан кейин улар Шаббат куни келмай қўйдилар. 22 Сўнгра мен левиларга, ўзларингизни поклаб келиб, Шаббат кунини муқаддас сақлаш учун шаҳар дарвозаларини қўриқланглар, деб буйруқ бердим.

Эй Худойим! Қилган бу ишларимни ҳам ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин. Буюк содиқ севгинг ҳақи менга шафқат қил.

Нахимиё бегона халқлар билан қуда–андачилик қилишни ман этади

23 Ўша кунларда Ашдодлик+ 13:23* Ашдод — 4:7 изоҳига қаранг., Оммонлик ва Мўаблик аёлларга уйланган яҳудийлар ҳақида хабар топган эдим. 24 Болаларининг ярми иброний тилида гаплашишни билмасдилар, Ашдод тилида ёки бошқа тилда сўзлашардилар. 25 Шунинг учун мен уларга танбеҳ бердим, уларни лаънатладим, баъзиларини урдим, сочларини юлдим. Уларга шундай дедим: “Ҳатто Исроил шоҳи Сулаймон бундай аёлларга уйланиб, гуноҳ қилган эди! Бир ўйлаб кўринглар! Халқлар орасида Сулаймонга ўхшаган шоҳ йўқ эди. Худо уни яхши кўриб, уни бутун Исроил устидан шоҳ қилган эди. Шунга қарамай, бутпараст аёллар уни гуноҳга бошладилар. Мана энди сизлар ҳам худди шундай гуноҳга қўл урганингизни эшитиб турибман! Сизлар Худога қарши ўтакетган қабиҳлик қиляпсизлар! Бутпараст аёлларга уйланиб, Худога хиёнат қиляпсизлар!” Мен Худонинг номини ўртага қўйиб: “Биз бу ердаги бегона халқлар билан қуда–андачилик қилмаймиз”, деб уларга қасам ичдирдим.

28 Йўхадах олий руҳоний Элиашабнинг ўғли эди. Йўхадахнинг ўғилларидан бири Байт–Хўронлик Санбаллатнинг+ 13:28* Байт–Хўронлик Санбаллат — 2:10 изоҳига қаранг. Санбаллат яҳудийларнинг, жумладан, Нахимиёнинг душмани эди (2:10, 19, 4:1, 7~га қаранг). қизига уйланган эди. Йўхадахнинг ўша ўғлини олдимдан ҳайдаб юбордим.

29 Эй Худойим! Бу учала одамнинг қилмишини ёдингда тут, уларнинг жазосини бер. Ахир, улар руҳонийликни булғадилар+ 13:29* …улар руҳонийликни булғадилар… — олий руҳонийнинг набираси бегона халқдан бўлган қизга уйлангани назарда тутилган (Левилар 21:13-15~га қаранг)., Сен руҳонийлар ва левилар билан тузган аҳдни+ 13:29* Сен руҳонийлар ва левилар билан тузган аҳд — Худо Леви қабиласидан бир оилани, яъни Ҳоруннинг авлодини Исроил халқининг руҳонийлари қилиб танлади (Чиқиш 28:1, 29:1-9~га қаранг). Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ЛЕВИ, ЛЕВИЛАР сўзига қаранг. буздилар.

Нахимиёнинг сўнгги ислоҳотлари

30 Шундай қилиб, мен халқни бегоналарнинг таъсиридан покладим. Руҳонийлар ва левиларнинг бурчларини, ҳар бирининг вазифасини белгилаб бердим. 31 Қурбонликларни куйдириш учун ўтинларни ўз вақтида олиб келишни ва биринчи ҳосилдан руҳонийлар учун назрларни олиб келишни йўлга қўйдим.

Эй Худойим! Қилган ишларимни ёдингда тут, мендан марҳаматингни дариғ тутмагин.