ПАВЛУСНИНГ

ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА

МАКТУБИ

Кириш

Мазкур мактуб муаллифи ҳаворий Павлусдир. Галатия Рим империясининг бир вилояти бўлиб, ҳозирги Туркиянинг марказий қисмида жойлашган эди. Ҳаворий Павлус Галатиянинг баъзи ҳудудларида Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб этди. Бунинг натижасида у ерда имонлилар жамоатининг бир нечтаси вужудга келди.

Бир қанча вақт ўтгандан кейин Павлусга қарши бўлган баъзи одамлар Галатияга бориб, у ердаги жамоатларга ўз таъсирини ўтказа бошладилар. Уларнинг таълимоти бўйича, инсон Худонинг назарида солиҳ бўлиши учун нафақат Исо Масиҳга имон келтириши, балки яҳудий динининг қонунларини бажариши лозим эди. Бу одамлар Галатиялик имонлиларни суннат қилинишга ундар эдилар. Павлус эса суннатга эмас, аксинча, имонга урғу беради. У Галатиялик масиҳийларни қатъиян огоҳлантириб, қонун бўйинтуруғини тақманглар, Масиҳдаги озодликдан маҳрум бўлманглар, деб айтади.

Павлус бу мактубни жамоатдаги ёлғон таълимотларни фош қилиш ниятида ёзган. У Галатиялик масиҳийларни Исо Масиҳга бўлган ҳақиқий имонни маҳкам тутишга ундайди. Павлус мактубда биринчи навбатда ўзининг Худо томонидан юборилган ҳаворий эканини таъкидлаб, таълимоти ҳаққоний эканига урғу беради.

Мактуб давомида муаллиф, инсон фақатгина Исо Масиҳга бўлган имони орқали Худонинг олдида оқланади, деб айтади. Сўнг Иброҳим пайғамбарнинг ҳаётидан мисоллар келтиради, қонун ва имоннинг зиддияти ҳамда иккаласининг асл моҳиятини тушунтиради.

Мактубнинг сўнгги бобларида Павлус инсон фақат имон билан яшаши кераклигини таъкидлайди. Муқаддас Руҳдаги озодликдан баҳра олиб, Муқаддас Руҳ бошчилигида янги ҳаёт кечириши кераклигига урғу беради.

1

1–БОБ

Дуойи салом

1 Мен — Павлус ва мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар Галатия вилоятидаги имонлилар жамоатларига салом йўллаймиз. Мен инсонлар томонидан эмас, инсон орқали ҳам эмас, балки Исо Масиҳ ва Уни тирилтирган Отамиз Худо томонидан ҳаворий қилиб тайинланганман. 3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга иноят ҳамда тинчлик ато қилсин. 4 Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай деб, бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди. 5 Худога абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

Ягона Хушхабар

6 Сизлар Худодан шунчалик тез юз ўгириб, бошқа бир хушхабарга юз бураётганингиздан жуда ҳайронман. Ахир, Масиҳнинг инояти орқали Худо сизларни Ўз Хушхабарига даъват қилган эди. 7 Ўша Хушхабардан бошқа ҳеч қандай хушхабар йўқ–ку! Фақат баъзилар сизларни чалғитиб, Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни бузиб кўрсатмоқчи бўладилар. 8 Аммо кимда–ким, ҳатто биз ўзимизми ёки осмондан келган бирор фариштами, сизларга биз етказган Хушхабардан бошқа бир хушхабар келтирса, у лаънати бўлсин! 9 Мен олдин ҳам айтган эдим, ҳозир ҳам айтяпман: кимки сизлар қабул қилган Хушхабарга зид бўлган хабарни тарғиб этса, лаънати бўлсин!

10 Хўш, мен кимнинг мақтовига сазовор бўлмоқчиман: инсонларнингми ёки Худонингми?! Наҳотки инсонларни мамнун қилмоқчи бўлсам?! Агар мен ҳали ҳам инсонларни мамнун қилаётган бўлсам эди, Масиҳнинг қули бўлолмас эдим!

Хушхабарни тарғиб этишга Павлусни Худо даъват қилган

11 Эй биродарлар, сизларга айтиб қўяй: мен тарғиб этаётган Хушхабар инсон ижоди эмас. 12 Ахир, мен бу Хушхабарни инсондан қабул қилмаганман ёки бирор одамдан ўрганмаганман. Уни менга Исо Масиҳнинг Ўзи ваҳий орқали аён қилган.

13 Мен яҳудий динига эътиқод қилиб, қандай ҳаёт кечирганим ҳақида эшитгансизлар. Ўша пайтларда Худонинг жамоатини шафқатсизларча қувғин қилардим, уни қириб ташлашга ҳаракат қилардим. 14 Қавмимдан бўлган кўп тенгдошларимга қараганда, яҳудий динини чуқурроқ тушуниб, улардан анча илгарилаб кетган эдим. Ота–боболаримнинг урф–одатларини деб, жонкуярлик қилардим. 15 Аммо Худо менга мурувват қилди, инояти билан мени Ўзига даъват этиб, онам қорнида бўлганимдаёқ мени танлаган эди. 16 Мен ғайрияҳудийлар орасида Худо Ўғли ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилишим учун, Худо Ўз Ўғлини менга зоҳир қилди. Шунда мен ҳеч бир инсон билан маслаҳатлашмадим. 17 Ҳатто мендан олдин ҳаворий бўлганларни кўриш учун Қуддусга бормай, дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим+ 1:17* …дарҳол Арабистонга жўнадим. Ундан кейин яна Дамашққа қайтдим — Павлус Дамашққа кетаётган пайтда Исо унга зоҳир бўлган (Ҳаворийлар 9:1-19~га қаранг). Шундан кейин Павлус Дамашқдан Арабистонга борган. У Арабистоннинг бир қисми бўлган Набатея шоҳлигида (4:25 изоҳига қаранг) истиқомат қилган бўлиши мумкин. Набатея Дамашқдан жанубда жойлашган бўлиб, пойтахти Петра шаҳри эди. Павлус Арабистонда ўтказган вақт ҳақида Янги Аҳдда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Павлус Арабистондан Дамашққа қайтиб келгач, у ердаги синагогаларда Исо Масиҳ ҳақида ваъз қила бошлаган (Ҳаворийлар 9:19-22~га қаранг)..

18 Уч йилдан кейин+ 1:18* Уч йилдан кейин — Исо Павлусга зоҳир бўлгандан кейин ўтган уч йил вақт назарда тутилган бўлиши мумкин. Ёки Павлус Арабистондан Дамашққа қайтиб келгандан кейинги уч йил вақт назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Шу бобнинг 17–ояти изоҳига қаранг., Бутрус+ 1:18* Бутрус — юнонча матнда a Кифас*, Бутруснинг орамийча исми (Юҳанно 1:42~га қаранг). билан танишай деб, Қуддусга бордим+ 1:18* …Қуддусга бордим — Ҳаворийлар 9:26-30~да айтиб ўтилган сафарга ишора бўлса керак.. Унинг ёнида ўн беш кун бўлдим. 19 Аммо Қуддусда Бутрусдан ва Раббимиз Исонинг укаси Ёқубдан+ 1:19* Ёқуб — Исо танлаган ўн икки ҳаворийдан бири бўлган Ёқуб эмас, балки Қуддусдаги жамоатнинг етакчиси ва Исонинг укаси Ёқуб назарда тутилган (Марк 6:3, Ҳаворийлар 15:13, 21:18~га қаранг). бошқа ҳеч бир ҳаворийни кўрмадим. 20 Мен сизларга нима ёзаётган бўлсам, Худо шоҳид, ҳеч бири ёлғон эмас.

21 Ундан сўнг Сурия ва Киликия ҳудудларига бордим+ 1:21* …Сурия ва Киликия ҳудудларига бордим — Сурия ва Киликия Рим империясига қарашли битта вилоятни ташкил қилган. Павлус туғилган Тарсус шаҳри Киликияда жойлашган эди. Павлус аввал Тарсусга, кейин Суриядаги Антиохия шаҳрига таълим бериш учун борган (Ҳаворийлар 9:30, 11:25-26~га қаранг).. 22 Яҳудия ўлкасидаги имонлилар жамоатлари мени ҳали шахсан танимас эдилар. 23 Ўша имонлилар мен ҳақимда фақат бошқаларнинг: “У бир вақтлар бизларни қувғин қилиб юрган киши эди. Энди эса илгари илдизи билан қуритмоқчи бўлган имонни ўзи тарғиб қилмоқда” деган гапларини эшитардилар 24 ва мен туфайли Худони улуғлар эдилар.

2

2–БОБ

Қуддусдаги ҳаворийлар Павлуснинг ишларини маъқуллайди

1 Ўн тўрт йил ўтгандан кейин, мен Барнабо+ 2:1* Барнабо — илк жамоатнинг етакчиси. Ҳаворий Павлус фаолиятининг бошида унга ҳамкор бўлган (Ҳаворийлар 4:36, 9:26-27, 11:25-26, 13:1-3~га қаранг). билан бирга яна Қуддусга бордим+ 2:1* …яна Қуддусга бордим — Ҳаворийлар 11:27-30~да айтиб ўтилган сафарга ишора бўлиши мумкин.. Титусни+ 2:1* Титус — Павлуснинг ҳамкори ва ёрдамчиси (2~Коринфликлар 8:23, Титус 1:4-5~га қаранг). ҳам ёнимга олган эдим. 2 Худо менга берган ваҳийга биноан у ерга боргандим. Ўша ердаги жамоатнинг эътиборли етакчилари билан алоҳида учрашдим. Уларга ғайрияҳудийлар орасида ўзим тарғиб қилаётган Хушхабарнинг моҳиятини баён этдим. Буни олдин қилган ва ҳозир қилаётган ишларим беҳуда кетмаслиги учун қилган эдим. 3 Ҳатто ҳамроҳим Титус, юнон бўлишига қарамай, суннат қилинишга мажбур этилмади. 4 Аммо баъзи сохта биродарлар билдирмайгина орамизга кириб олиб, Исо Масиҳ бизга ато этган озодлик ҳақида суриштириб кўрдилар. Уларнинг мақсади бизни яна қулларга айлантириш эди. 5 Биз эса, Хушхабарнинг ҳақиқати доимо сизлар билан бўлсин деб, уларга заррача ҳам ён бермадик.

6 Эътиборли ҳисобланган етакчилар билан учрашганим ҳақида айтиб ўтдим. Уларнинг қандай мартабага эгалиги менга барибир, зотан, Худо инсонлар орасида тарафкашлик қилмайди. Энди уларга келганда шуни айтай, улар мендан бошқа ҳеч нима талаб қилмадилар. 7 Аксинча, яҳудийларга Хушхабар етказиш Бутрусга буюрилгандай, ғайрияҳудийларга Хушхабар етказиш менга буюрилганини улар тушуниб етдилар. 8 Ахир, Бутрусни яҳудийлар орасида ҳаворийлик фаолиятини кўрсатишга тайинлаган Худо мени ҳам ғайрияҳудийлар орасида хизмат қилишга тайинлади. 9 Шундай қилиб, Худо менга бу иш учун алоҳида иноят берганига Ёқуб+ 2:9* Ёқуб — 1:19 изоҳига қаранг., Бутрус+ 2:9* Бутрус — юнонча матнда a Кифас*, Бутруснинг орамийча исми (Юҳанно 1:42~га қаранг). Шу бобнинг 11, 14–оятларида ҳам бор. ва Юҳанно ишонч ҳосил қилдилар. Имонлилар жамоатининг устуни ҳисобланмиш бу ҳаворийлар биз билан қўл ташлашди: мен ва Барнабо ғайрияҳудийлар орасида, улар эса яҳудийлар орасида хизмат қилишга рози бўлишди. 10 Улар биздан, фақат камбағалларга ғамхўрлик қилишни давом эттиринглар+ 2:10* …камбағалларга ғамхўрлик қилишни давом эттиринглар… — Ҳаворийлар 11:27-30~га қаранг., деб илтимос қилдилар. Шахсан мен анчадан бери бу ҳақда жон куйдирардим.

Павлус Антиохияда Бутрусга танбеҳ беради

11 Бутрус Антиохия шаҳрига келганда+ 2:11* Бутрус Антиохия шаҳрига келганда… — биринчи бўлиб кўп ғайрияҳудийлар Антиохия шаҳрида Исо Масиҳга имон келтирган эдилар (Ҳаворийлар 11:19-26~га қаранг). Бутрус Антиохияга Қуддусдаги жамоат йўлбошчилари йиғилишидан олдин (Ҳаворийлар 15:1-31~га қаранг), аммо Павлус ва Барнабо Хушхабар ёйиш мақсадида қилган биринчи сафаридан кейин борган бўлса керак (Ҳаворийлар 14:26-28~га қаранг)., унинг нотўғри иш тутаётганлигини очиқчасига юзига айтдим. 12 Чунки Қуддусдан — Ёқубнинг олдидан баъзи одамлар келмасдан аввал Бутрус ғайрияҳудийлар билан бирга еб–ичиб юрган эди. Аммо улар келгандан кейин Бутрус суннат тарафдори бўлганлардан+ 2:12* суннат тарафдори бўлганлар — Исо Масиҳга ишонган яҳудийлар бўлиб, улар Мусо қонунларига, айниқса суннат ҳақидаги амрига қатъий амал қилишарди. Суннат Худонинг Иброҳим ва унинг авлоди билан қилган аҳд белгиси эди (Ибтидо 17:9-14~га қаранг). Суннат яҳудийларнинг Худога содиқлигини ва Унинг танлаган халқига тегишли эканини кўрсатади. хавотирланиб, ўзини четга олди ва ғайрияҳудийлар билан бирга бир дастурхонда ўтирмайдиган бўлди. 13 Шунда бошқа яҳудий масиҳийлар ҳам Бутрусга ўхшаб иккиюзламачилик қилишди. Ҳатто Барнабо ҳам уларнинг иккиюзламачилиги туфайли йўлдан озди. 14 Мен уларнинг Хушхабар ҳақиқати бўйича иш тутмаётганини кўриб, ҳамманинг олдида Бутрусга шундай дедим: “Мана сиз яҳудий бўла туриб, яҳудийлар каби эмас, ғайрияҳудийлардай яшаяпсиз. Шундай экан, қандай қилиб ғайрияҳудийларни яҳудийлар каби яшашга мажбур қила оласиз?”

Инсон фақатгина Масиҳга бўлган имони туфайли оқланади

15 Тўғри, бизлар яҳудий наслиданмиз, гуноҳкор ҳисобланган ғайрияҳудийлардан эмасмиз. 16 Лекин шуни биламизки, инсон қонунга+ 2:16* қонун — Эски Аҳдга, хусусан, Тавротга ишора. амал қилиш билан эмас, балки Исо Масиҳга бўлган имони орқали оқланади. Шунинг учун ҳам биз қонунга амал қилиш билан эмас, Масиҳга бўлган имонимиз туфайли оқланамиз деб, Исо Масиҳга ишондик. Ахир, ҳеч ким қонунга амал қилиш билан оқланмайди. 17 Мана, биз Масиҳ орқали оқланишга интиляпмиз, бу эса биз ҳам ғайрияҳудийлар қатори гуноҳкор эканлигимизни+ 2:17* ғайрияҳудийлар қатори гуноҳкор эканлигимиз — яҳудийлар ҳамма ғайрияҳудийларни гуноҳкор деб ҳисоблардилар, чунки ғайрияҳудийлар Таврот қонунларига риоя қилмасдилар. Шунинг учун яҳудийларнинг назарида Таврот қонунларига риоя қилмай қўйган ҳар қандай яҳудий ҳам ғайрияҳудийлар каби гуноҳкор бўлиб қоларди. кўрсатиб турибди. Бундан келиб чиқадики, гуноҳкорлигимизнинг сабабчиси Масиҳ экан–да? Йўқ, асло! 18 Аммо мен ўзим қулатган қонун–қоидалар биносини қайтадан қуришга киришадиган бўлсам, унда мен яна қонунбузар бўлиб қоламан+ 2:18* …мен яна қонунбузар бўлиб қоламан — бу сўзларнинг моҳияти шундаки, агар одам Таврот қонунларига қайта риоя қилишни бошласа, у яна қонунбузар бўлиб қолади, чунки ҳеч ким қонунларни тўлиқ бажара олмайди (3:10-11, 5:3~га ва Римликлар 4:15, Ёқуб 2:10~га қаранг).. 19 Ахир, қонуннинг ўзи мени ўлимга маҳкум қилди. Энди мен Худо учун яшай деб, қонун учун ўлганман+ 2:19* Ахир…қонун учун ўлганман — Римликлар 7:1-6~га қаранг.. Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. 20 Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳдир. У менинг ҳаётимни бошқаряпти. Ҳали тирик эканман, Худонинг Ўғлига бўлган имон билан яшайман. Ахир, У мени севиб, Ўзини мен учун фидо қилган. 21 Мен Худонинг иноятини инкор қилмайман. Агар қонунга амал қилиш билан оқланиш мумкин бўлганда эди, Масиҳ беҳуда ўлган бўларди.

3

3–БОБ

Қонунга амал қилиш ва Масиҳга ишониш ҳақида

1 Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди?+ 3:1* Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида a Ҳақиқатга бўйсунмаслигингиз учун сизларни ким сеҳрлаб қўйди?* Ахир, Исо Масиҳнинг хочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?! 2 Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга+ 3:2* қонун — 2:16 изоҳига қаранг. амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими? 3 Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз? 4 Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?! 5 Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!

6 Муқаддас битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ деб билди.”+ 3:6* Ибтидо 15:6~га қаранг.7 Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди деб ҳисобланади. 8 Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”+ 3:8* Ибтидо 12:3~га қаранг., деб Хушхабар келтирган. Муқаддас битиклардаги бу сўзлар шуни кўрсатадики, Худо ғайрияҳудийларни имон орқали оқлайди. 9 Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.

10 Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!”+ 3:10* Муаллиф бу ўринда Қонунлар 27:26~нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган. деб ёзилган–ку! 11 Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан, солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади+ 3:11* …солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади — Хабаққуқ 2:4~га қаранг.. 12 Қонунни бажариш имонга асосланмаган, қонунда фақатгина амрларнинг ҳаммасини бажарганларга ҳаёт ваъда қилинган+ 3:12* …қонунда…ваъда қилинган — Левилар 18:5~га қаранг..

13 Масиҳ эса бизни қонун лаънатидан халос қилди. У хочга михланганда бизнинг ўрнимизга лаънатланди. Ахир, Муқаддас битикларда: “Ёғочга қоқилган ҳар бир киши лаънатидир”+ 3:13* Қонунлар 21:23~га қаранг., деб ёзилган–ку! 14 Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.

Худонинг ваъдаси ва қонуннинг ғояси

15 Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди. 16 Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас битикларда Иброҳимга: “Сенинг зурриётларингга+ 3:16* зурриётларинг — юнонча сўзнинг сўзма–сўз таржимаси. Юнон тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам, одатда бу сўз кўплик шаклида ишлатилмайди.”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”+ 3:16* “Сенинг зурриётингга” — Ибтидо 12:7~га қаранг. Бу ўринда ишлатилган юнонча сўз, Ибтидо китобидаги ибронийча сўз сингари, Иброҳимнинг бутун авлодига ёки авлодидан келиб чиқадиган зурриётининг бирига ишора қилиши мумкин., деб айтилган. Бундан кўриниб турибдики, ваъдада кўпчилик эмас, балки бир Киши, яъни Масиҳ назарда тутилган. 17 Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил+ 3:17* 430 йил — Чиқиш 12:40-41~га қаранг. ўтгач, қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади. 18 Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра, бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра, берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.

19 Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилган. Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти+ 3:19* Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти — яъни Исо Масиҳ. келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан+ 3:19* фаришталар томонидан — Қонунлар 33:2-4, Ҳаворийлар 7:53, Ибронийлар 2:2~га қаранг., бир воситачи+ 3:19* воситачи — яъни Мусо. орқали халққа берилди. 20 Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.

21 Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди. 22 Аммо Муқаддас битикларга кўра, бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир+ 3:22* …бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир — Римликлар 3:9-20~га қаранг.. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.

23 Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик. 24 Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз. 25 Имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.

Масиҳга ишонганлар Худонинг фарзандларидир

26 Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар. 27 Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз. 28 Энди на яҳудий, на юнон+ 3:28* юнон — яъни ғайрияҳудий. Ўша даврда a юнон* сўзи миллати юнон бўлган одамга нисбатан ҳам, юнон тилида гапириб, юнон урф–одатларига риоя қиладиган одамга нисбатан ҳам ишлатилган. бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаммангиз бирсизлар. 29 Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.

4

4–БОБ

1 Мен бундай демоқчиман: меросхўр ҳали ёш бола экан, гарчи у бутун мулкнинг эгаси бўлса ҳам, қулдан ҳеч фарқ қилмайди. 2 У отаси белгилаган фурсатгача васийга ва уй–рўзғорни бошқарувчи хизматкорга бўйсунади. 3 Худди шу сингари, бизлар ҳам олдин болалардай бўлиб, хурофот кучларига+ 4:3* Хурофот кучлари — яна Колосаликлар 2:8, 20-23~га қаранг. қул эдик. 4 Муддат битгандан кейин, Худо Ўз Ўғлини юборди. Унинг Ўғли қонун+ 4:4* қонун — 2:16 изоҳига қаранг. остидаги ҳаёт учун аёлдан туғилди. 5 Худонинг Ўз Ўғлини юборишдан мақсади бизни қонун остидаги ҳаётдан халос этиб, Ўзига фарзанд қилиб олиш эди. 6 Биз Худонинг фарзандлари эканлигимизни кўрсатиш учун У юрагимизга Ўз Ўғлининг Руҳини юборди. Бу Руҳ орқали биз Худони “Отажон”+ 4:6* “Отажон” — юнонча матнда a “Абба, Ота”*. Абба сўзи орамийчада ота деганидир. Худо имонлилар билан ниҳоятда яқин муносабатда бўлгани учун, улар Худога “Ота” деб мурожаат қиладилар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ НОМЛАРИ ибораси остида берилган ОТА сўзига қаранг. деб чақирамиз. 7 Демак, энди сиз қул эмас, балки фарзандсиз. Фарзанд экансиз, Худонинг шарофати билан У Ўз фарзандларига атаган қут–баракаларга эга бўласиз.

Павлус Галатияликлар учун қайғуради

8 Олдин сизлар Худони билмаган пайтингизда, асли худолар бўлмаган кучларга қул эдингиз. 9 Энди эса Худони биласизлар, тўғрироғи, Худо сизларни билади. Шундай экан, қандай қилиб яна ўша кучсиз, қадрсиз хурофотларга қайтяпсиз?! Қандай қилиб яна ўшаларга қул бўлишни хоҳлаяпсиз?! 10 Сизлар белгиланган алоҳида кунлар, ойлар, йилларга риоя қилиб, диний маросимлар ўтказяпсиз! 11 Сизлар учун қайғуряпман! Наҳотки сизларни деб чеккан заҳматларим бекор кетган бўлса?!

12 Эй биродарлар, сизлардан илтимос қиламан, менга ўхшаган бўлинглар, чунки мен ҳам сизларга ўхшаб қонун остидаги ҳаётдан озодман. Сизлар менга ҳеч ҳам озор бермагансиз. 13 Ўзингиз биласиз, мен сизларга биринчи марта Хушхабар айтганимда, жисман ожиз эдим. 14 Ожизлигим туфайли сизларга оғирлигим тушган бўлса ҳам, мендан нафратланмадингиз, мени рад этмадингиз. Аксинча, мени Худонинг фариштасидай, худди Исо Масиҳнинг Ўзини қабул қилгандай қабул қилдингиз. 15 Қани энди ўша хайрихоҳлигингиз?! Ахир, ўзим шоҳидман: агар иложи бўлганда, ҳатто кўзларингизни ҳам суғуриб олиб, менга берган бўлардингиз! 16 Наҳотки энди сизларга ҳақиқатни айтганим учун душманингиз бўлиб қолган бўлсам?!

17 Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар+ 4:17* Баъзи бировлар сизларни ўзларига оғдириб олишга тиришмоқдалар — 1:6-9, 3:1-3~га қаранг.. Лекин улар сизларнинг фойдангизни кўзламаяптилар. Сизлар уларнинг атрофида гирдикапалак бўлишингиз учун улар бизни бир–биримиздан ажратиб ташламоқчи. 18 Яхши ғояга бағишланиш яхшидир. Лекин бу фақат мен сизларнинг олдингиздалигимда эмас, балки доим шундай бўлиши керак. 19 Болаларим, мен сизларни янгидан туғаётгандай, тўлғоқ азобидаман. Мақсадим шуки, сизларда Масиҳнинг табиати намоён бўлсин. 20 Сизлар мени таажжубга солиб қўйдингиз! Қани, энди сизларнинг олдингизда бўлсам–у, бошқа оҳангда гапира олсам!

Иброҳимнинг икки ўғли ва уларнинг оналари мисоли

21 Эй сизлар, қонун остидаги ҳаётни афзал кўрганлар, менга айтинглар–чи, наҳот сизлар Тавротдаги қонунларни тушунмасангизлар?! 22 Ахир, унда ёзилганлардан биламизки, Иброҳимнинг икки ўғли бўлган. Ўғилларининг бири чўридан+ 4:22* чўри — яъни Ҳожар, Исмоилнинг онаси (Ибтидо 16:1-15~га қаранг)., иккинчиси эса озод аёлдан+ 4:22* озод аёл — яъни Сора, Исҳоқнинг онаси (Ибтидо 18:10-14, 21:1-3~га қаранг). туғилган. 23 Чўрисиники инсон ташаббуси билан, озод хотининики эса Худонинг ваъдасига биноан туғилган эди. 24 Бунда рамзий маъно бор. Икки она Худонинг икки аҳдини+ 4:24* Худонинг икки аҳди — Худо Мусо орқали берган аҳдга (Чиқиш 19:1-8, 24:1-8~га қаранг) ҳамда Иброҳимга берган аҳдга ишора (Ибтидо 12:1-7~га қаранг). Биринчисига мувофиқ, инсон Мусонинг қонунига итоат қилиб яшайди. Иккинчисига мувофиқ эса, инсон имон ва Муқаддас Руҳнинг қудрати билан яшайди (3:2-3, 15-18~га қаранг). билдиради: биринчиси — қулларни туғадиган Ҳожар биби Синай тоғида қилинган аҳднинг рамзидир. 25 Ҳожар Арабистондаги Синай тоғини+ 4:25* Арабистондаги Синай тоғини — ўша даврларда Набатея шоҳлиги Арабистон деб ҳам аталар эди, аммо Арабистоннинг бир қисми эди. Бу шоҳлик Синай ярим оролини ўз ичига олган эди. билдирса–да, у яҳудий динининг маркази бўлмиш ҳозирги Қуддуснинг рамзидир. Ахир, Қуддус ва унинг болалари қулликдалар–ку. 26 Самовий Қуддус эса озоддир: у бизларнинг онамиздир! 27 Муқаддас битикларда шундай ёзилган:

“Эй бола кўрмаган бепушт аёл!

Шод бўлгин!

Эй тўлғоқ оғриғини билмаган аёл!

Хитоб қил, ҳайқиргин!

Ахир, ташлаб кетилган аёлнинг болалари

Эри бор хотинникидан ҳам кўпроқ бўлади!”+ 4:27* Ишаё 54:1~га қаранг.

28 Сизлар эса, эй биродарлар, Исҳоққа ўхшаб ваъдага биноан туғилган фарзандларсиз. 29 Ўша замонда табиий йўл билан туғилган ўғил+ 4:29* табиий йўл билан туғилган ўғил — яъни Исмоил. Руҳнинг кучи билан туғилган ўғилни+ 4:29* Руҳнинг кучи билан туғилган ўғил — яъни Исҳоқ. қувғин қилди. Ҳозир ҳам худди шундай. 30 Аммо бу ҳақда Муқаддас битикларда нима дейилган? “Чўрини ва унинг ўғлини ҳайдаб юборинг, чунки чўрининг ўғли озод аёлнинг ўғли билан бирга меросхўр бўлмайди”+ 4:30* Ибтидо 21:10~га қаранг., — деб ёзилган–ку! 31 Шундай қилиб, эй биродарлар, биз чўрининг эмас, балки озод аёлнинг фарзандларимиз.

5

5–БОБ

Масиҳ озодлик ато этади

1 Бизга эркинлик бериш учун Масиҳ бизни озод қилди. Энди шу эркинликни маҳкам тутинглар, қайтадан қуллик бўйинтуруғини+ 5:1* бўйинтуруқ — итоаткорлик ва бўйсуниш рамзи. тақманглар. 2 Мана, мен, Павлус, сизларга айтяпман: агар сизлар суннат қилинсангиз+ 5:2* …агар сизлар суннат қилинсангиз… — Павлус бу ўринда Худога манзур бўлиш учун суннат қилиниш керак, деб ўйлаган одамларга мурожаат қиляпти. Павлуснинг ўзи суннатга қарши бўлмаган, аммо нажот топиш учун суннат қилиниш керак, деган таълимотга қатъиян қарши эди (Ҳаворийлар 15:1-2~га қаранг)., Масиҳнинг сизларга ҳеч қандай фойдаси йўқ. 3 Суннат қилинадиган ҳар бир одамга яна таъкидлаб айтаман: у бутун қонунни+ 5:3* қонун — 2:16 изоҳига қаранг. бажаришга мажбурдир. 4 Сизлар, қонунни бажариш билан ўзимизни оқлаймиз деб, Масиҳдан ажралдингизлар ва ўзингизни Худонинг иноятидан маҳрум қилдингизлар. 5 Бизлар эса Руҳга таяниб, Худо бизни имонимиз туфайли солиҳ деб эълон қилишини интизорлик билан кутяпмиз. 6 Исо Масиҳга тегишли бўлганлар орасида суннат қилинган, қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Фақатгина меҳр–муҳаббат орқали ифодаланган имонимиз муҳимдир.

7 Сизлар имон йўлида олға қадам босаётган эдингиз. Хўш, ҳақиқатга қулоқ солишингизга ким халақит берди? 8 Албатта Худо эмас! Унинг Ўзи сизларни даъват қилган–ку! 9 Эсингизда бўлсин, озгина хамиртуруш+ 5:9* хамиртуруш — мажозий маънода ишлатилган бўлиб, одатда бошқаларга салбий таъсир кўрсатадиган таълимотлар ва хулқ–атвор назарда тутилган. бутун хамирни ачитади! 10 Ишонаманки, сизлар бу хусусда бошқача фикр қилмайсизлар. Бу ишончни Раббимиз Исонинг Ўзи менга берди. Аммо сизларнинг фикрингизни чалғитувчи ким бўлмасин, жазосини олади. 11 Биродарлар, борди–ю, мен ҳамон суннатни тарғиб этаётган бўлганимда эди, қувғинларга дучор бўлмаган бўлардим. Бундай ҳолда Исо Масиҳнинг хочдаги қурбонлиги ҳақидаги тарғиботим ҳеч кимнинг жаҳлини чиқармасди. 12 Қанийди, сизларни чалғитаётганларнинг+ 5:12* сизларни чалғитаётганлар — 1:6-9, 3:1-3, 4:17~га қаранг. ўзлари биратўла бичилса!

13 Эй биродарлар, сизлар озод ҳаёт кечиришга даъват қилингансизлар. Лекин бу ўзингизнинг худбин истакларингизга эрк бериш дегани эмас, аксинча, бир–бирингизга муҳаббат билан хизмат қилинглар деганидир. 14 Ахир, қонун: “Ўзгани ўзингизни севгандай севинг”+ 5:14* Левилар 19:18~га қаранг. деган гапда мужассам. 15 Эҳтиёт бўлинглар! Ҳадеб тишлашиб, ғажишаверманглар, бўлмаса охири бир–бирингизни еб битирасиз!

Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг

16 Яна шуни айтайин: Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг, шунда худбин истакларингизни қондирмайсиз+ 5:16* …Руҳ етакчилигида ҳаёт кечиринг, шунда худбин истакларингизни қондирмайсиз — Римликлар 8:5-13~га қаранг.. 17 Ахир, ўшандай инсоний истаклар Руҳга қарши, Руҳнинг истаклари эса инсоний худбин истакларга қаршидир. Буларнинг иккаласи бир–бирига қарши, шунинг учун сизлар хоҳлаганингизни қила олмайсизлар. 18 Аммо Руҳ сизни бошқарса, сиз қонуннинг амри остида эмассиз.

19 Худбин истакларга эрк бериш қуйидагиларни келтириб чиқариши ҳаммага аён: фаҳш–зино, ҳаром–ҳаришлик, ахлоқий бузуқлик, 20 бутпарастлик, фолбинлигу иссиқ–совуқ қилишлар, душманлик, жанжалкашлик, рашк, жаҳлдорлик, ғаламислик, низолару ҳар хил гуруҳларга бўлиниш, 21 бахиллик, ичкиликбозлик+ 5:21* …бахиллик, ичкиликбозлик… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида a бахиллик, қотиллик, ичкиликбозлик*., айш–ишратга берилиш ва шуларга ўхшаш ишлар. Сизларни олдин огоҳлантиргандим, яна огоҳлантиряпман: бундай ишларни қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайди.

22 Руҳнинг самараси эса қуйидагилардир: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр–тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч, 23 мулойимлик ва ўзини тута билиш. Бу хислатларга қарши бирон қонун йўқ. 24 Исо Масиҳга тегишли бўлганлар ўзларининг худбин истакларини ва эҳтиросларини хочга михлаб қўйганлар. 25 Руҳ ҳаётимиз манбаи экан, энди Руҳнинг етакчилиги остида ҳаёт кечиришимиз лозим. 26 Шуҳратпараст бўлмайлик, бир–биримизни гижгижламайлик, бахиллик қилмайлик.

6

6–БОБ

Бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар

1 Эй биродарлар, дейлик, орангиздан бирортаси гуноҳ қилиб қўйганини билиб қолдингиз. Сизлар — Руҳнинг етакчилигида ҳаёт кечираётганлар уни мулойимлик билан тўғри йўлга солинглар. Ўзингизга эҳтиёт бўлинглар, тағин ўзингиз ҳам васвасага йўлиқиб қолманглар. 2 Бошингизга ғам–ташвиш тушганда, бир–бирингизни қўллаб–қувватланглар. Шундай қилсангизлар, Масиҳнинг амрларини бажарган бўласизлар. 3 Ахир, бирор киши, гарчи ўзи ҳеч ким бўлмаса–ю, ўзини муҳим деб ҳисобласа, ўзини ўзи алдаган бўлади. 4 Ҳар ким ўз ишини текшириб кўрсин. Шунда у фақат ўзидан фахрланса бўлади, ўзини бошқалар билан солиштиришга ҳожат бўлмайди. 5 Зотан, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим. 6 Каломдан таълим олувчи эса бор–йўғини устози билан баҳам кўриши керак.

7 Ўзларингизни алдаманглар! Худони лақиллатиб бўлмайди. Инсон нима экса, шуни ўриб олади. 8 Худбин истакларини қондириш учун уруғ экканлар ўша худбин истаклари туфайли ҳалокатни ўриб оладилар. Руҳни мамнун қилиш учун уруғ экканлар эса Руҳдан абадий ҳаёт ўриб оладилар. 9 Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Агар ҳолдан тойиб қолмасак, ўз вақтида бунинг ҳосилини ўриб оламиз. 10 Демак, ҳали фурсат бор экан, ҳаммага, айниқса, Масиҳ хонадонига тегишли бўлганларга яхшилик қилаверайлик.

Муҳими янгидан яратилишдир

11 Мана қаранглар, энди сизларга ўз қўлим билан+ 6:11* …ўз қўлим билан… — 1~Коринфликлар 16:21 изоҳига қаранг., қандай йирик ҳарфлар билан ёзяпман! 12 Сизларни суннат бўлишга мажбур қилаётганлар сиртдан яхши таассурот қолдирмоқчи бўляптилар. Масиҳнинг хочи учун қувғинга дучор бўлмайлик, дея шундай қиляптилар. 13 Ҳолбуки, суннатни татбиқ қилаётганларнинг ўзлари ҳам қонунга+ 6:13* қонун — 2:16 изоҳига қаранг. риоя этмайдилар. Улар фақатгина сизларнинг суннат қилинганингиз билан мақтанишни истайдилар. 14 Мен эса Раббимиз Исо Масиҳнинг хочидан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. Ўша хоч туфайли бу дунё мен учун ўлган, мен эса бу дунё учун ўлганман. 15 Ахир, суннат қилинган ёки қилинмаганликнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Муҳими — янгидан яратилишдир+ 6:15* янгидан яратилиш — 2~Коринфликлар 5:17~га қаранг.. 16 Бу қоидага кўра, яшаётганларнинг ҳаммасига, яъни Худонинг ҳақиқий халқига тинчлик ва марҳамат ёр бўлсин!

17 Энди ҳеч ким менга азият келтирмасин. Ахир, танамдаги чандиқлар+ 6:17* танамдаги чандиқлар — Павлуснинг Исо Масиҳга бағишланган ҳаворий сифатида қилган хизмати жараёнида яралангандан қолган чандиқларига ишора (мисол учун, Ҳаворийлар 14:19~га қаранг). Исога тегишли эканлигимни кўрсатадиган тамғалар–ку!

18 Эй биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин. Омин.