ПАВЛУСНИНГ

КОРИНФЛИКЛАРГА

ИККИНЧИ МАКТУБИ

Кириш

Мазкур мактубни ҳаворий Павлус Коринфдаги жамоат билан кескин муносабатда бўлган бир пайтда, яъни Коринфдаги баъзи бир масиҳийлар Павлусга ҳар тарафдан ҳужум қилаётган вақтда ёзган. Павлуснинг Коринфга бориш режалари ўзгаргани боис, баъзи Коринфликлар уни ишончсиз, ўз сўзида турмайдиган инсон, деб айтишарди. Яна баъзи бирлари Павлуснинг ҳаворийлигига шубҳа қилишарди. Бундай иғволар ўзларини ҳаворий деб атаган сохта устозлардан келиб чиққан эди. Павлус бу мактубни Коринф жамоатининг ишончини ва ҳурматини қозониш ниятида ёзган.

Мактубнинг дастлабки қисмида (1-7–боблар) Павлус ўзининг Коринфликлар билан бўлган муносабати ҳақида ёзиб, нима сабабдан уларнинг жамоатидаги баъзи бир одамларга қаттиқ гапирганини тушунтиради. Мана шу қаттиқ муомала натижасида муносабатлар қайта тикланганидан қанчалик хурсанд эканини мактуб давомида ифода этади. Шундан кейин (8-9–боблар) у Коринфдаги жамоатни Қуддусдаги муҳтож бўлган биродарларга сахийлик билан эҳсон беришга ундайди. Мактубнинг охирги қисмида (10-13–боблар) Павлус ўзининг ҳақиқий ҳаворий эканини, сохта ҳаворийларнинг айтган гаплари ёлғон эканини далиллар орқали исботлашга ҳаракат қилади.

Павлус Худога хизмат қилиб, кўплаб қийинчилигу азоб–уқубатларга қарамай, одамларга Худонинг Хушхабарини етказишга ҳаракат қилади. Мазкур мактубда у жамоатнинг тавба қилган аксарият аъзоларига ўз миннатдорчилигини изҳор қилади, итоатсизларни эса тартибга чақириб, ўзининг етакчи сифатидаги ҳокимиятини тан олишларига даъват қилади. Павлус бир неча бор ўз шахсияти, намунали ҳаёти, Худо томондан танланганлигини ва Масиҳга хизмат қиладиган ҳаворий эканлигини таъкидлайди.

1

1–БОБ

Дуойи салом

1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан ва биродаримиз Тимўтийдан+ 1:1* Тимўтий — 1~Коринфликлар 4:17~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. Худонинг Коринф шаҳридаги жамоатига ҳамда Ахая вилоятидаги+ 1:1* Ахая вилояти — Рим империясига қарашли вилоят бўлиб, пойтахти Коринф шаҳри эди. барча Худонинг азизларига салом! 2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ сизларга инояту тинчлик ато қилсин.

Тасалли манбаи — Худо

3 Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо — марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! 4 Ҳар хил азоб–уқубатларга учраганимизда, Худо бизга тасалли беради. Шундай экан, биз ҳам азоб чекаётган инсонга тасалли бера оламиз. Худо бизга берган тасалли билан уни овунтира оламиз. 5 Масиҳга ўхшаб биз қанчалик кўп азоб чексак, Худо бизга Масиҳ орқали шунчалик кўп тасалли беради. 6 Биз азоб–уқубатларга дучор бўлаётган эканмиз, сизлар тасалли ва нажот топишингиз учундир. Биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизлар тасалли топишингиз учундир, токи сизлар ҳам бизга ўхшаб азоб–уқубатларга учраганингизда бардош бера олинг. 7 Сизлар нафақат азоб–уқубатларимизга, балки тасаллимизга ҳам шерик бўлишингизга ҳеч шубҳамиз йўқ.

8 Эй биродарлар, биз шуни истар эдикки, сизлар Асия вилоятидаги биз чеккан азоблардан бехабар қолманглар. Биз ҳаддан ташқари, чидаб бўлмас даражада азоб–уқубат тортдик, ҳатто тирик қолишдан ҳам умидимизни узган эдик. 9 Ўлим муқаррар эканлигига амин бўлган эдик. Буларнинг ҳаммаси бизнинг ўзимизга эмас, балки ўликларни тирилтирадиган Худога умид боғлашимиз учун содир бўлди. 10 Ҳақиқатан ҳам Худо бизни шундай оғир ўлим таҳликасидан қутқарди ва яна қутқаради ҳам. Ҳа, Худо бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз. 11 Сизлар ҳам ибодатларингиз орқали бизнинг фаолиятимизга шерик бўляпсизлар. Буни кўриб, кўпчилик биз учун Худога шукр айтади, чунки уларнинг биз учун қилган илтижолари натижасида Худо бизга илтифот кўрсатди.

Павлуснинг сафар режалари ўзгаради

12 Виждонимиз гувоҳлик бериб турибди, биз бу дунёда, айниқса сизлар билан бўлган муносабатимизда Худо ато қилган соддалик ва самимийлик билан иш тутдик. Биз дунёвий доноликка эмас, балки Худонинг иноятига таяниб ҳаракат қилдик. Фахрланишимизнинг сабаби ана ўшадир.

13 Сизлар ўқиб, тушуна оладиганлардан бошқа ҳеч нарса ёзмаймиз. Сизлар ҳозир бизни қисман бўлса–да, тушунасизлар. Умид қиламанки, бир кун келиб, сизлар қуйидагини тўла англаб оласиз: биз сизлардан қандай фахрлансак, сизлар ҳам Раббимиз Исо келадиган кунда биздан шундай фахрлана оласизлар.

15 Юқорида айтиб ўтганларимнинг тўғрилигига ишонганим учун мени икки марта кўриб, хурсанд бўлиб қолинглар деган ниятда сизларнинг олдингизга бормоқчи эдим. 16 Македонияга бораётганимда сизларнинг олдингизга кириб ўтиш, қайтишда ҳам сизларни кўриб кетиш ниятим бор эди+ 1:16* …ниятим бор эди — Павлуснинг Коринфга қилган сафарлари ҳақида батафсил маълумот қолмаган. Баъзи олимлар Павлуснинг сафарлари ҳақида қуйидагича мулоҳаза қиладилар: Павлус Коринфдаги жамоатга асос солган (Ҳаворийлар 18:1-11~га қаранг). Шундан кейин Павлус яна бир бор Коринфга борган (12:14, 13:1~га қаранг). Ана шу иккинчи сафари пайтида ёки ундан олдин ёзган мактубида (1~Коринфликлар 5:9~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг) Павлус Коринфликларга, сизларни яна кўриш ниятим бор, деб айтган эди. Шунинг учун Павлус Македонияга кетаётганда ва у ердан қайтаётганда Коринфда тўхтаб ўтишни режалаштирди. Аммо кейинчалик Коринф жамоатидаги муаммолар ҳақида эшитгандан сўнг, Македонияга кетаётганда Коринфга кирмасликка қарор қилди. Павлус, Коринфликлар билан кўришганимда орамизга совуқчилик тушмасин деб, уларга ўзларининг муаммоларини ҳал қилишга вақт бермоқчи бўлганди (1:23, 13:1-10~га қаранг). У Эфесда бўлганда Коринфликларга мактубни (яъни “1~Коринфликлар” мактубини) ёзиб, уларга ўша муаммоларни ечиш ҳақида маслаҳат берган. Павлус ўша мактубида режалари ўзгаргани, Коринфга фақат Македониядан қайтаётганда кириб ўтишини айтиб ўтган (1~Коринфликлар 16:5-9~га қаранг). Павлуснинг ўзгарган режаларини Коринфдаги рақиблари унга қарши ишлатган. Улар бошқаларда Павлус ҳақида салбий таассурот қолдириш ниятида Павлусни ишончсиз, сўзида турмайдиган одам, деб айтганлар. Павлус Македонияга боргандан кейин, Коринфда бўлаётган воқеалар ҳақида ва Коринфликлар унинг мактубига (яъни “1~Коринфликлар” мактубига) қандай муносабат билдирганларини Титусдан эшитгач, Коринфликларга яна бир мактубни (яъни “2~Коринфликлар” мактубини) ёзган (7:5-9~га қаранг).. Шундай қилиб, Яҳудияга+ 1:16* …Яҳудияга… — Қуддусдаги масиҳийларга моддий ёрдам бериш учун Павлус назр йиғишни режалаштирган эди (1~Коринфликлар 16:1~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). кетишимда йўлда учраши мумкин бўлган эҳтиёжларимни қондириб, кузатиб қўярдингизлар.

17 Шундай режаларим бор эди. Ўша режалар амалга ошмаса, енгилтаклик билан иш тутган бўламанми?! Ёки мен режа қилаётган пайтда гоҳ “ҳа”, гоҳ “йўқ” дейдиган, бетайин одамга ўхшайманми?! 18 Худо ишончлидир, шунинг учун сизларга етказган хабаримиз ҳам ҳеч ўзгармайди. 19 Силас+ 1:19* Силас — юнонча матнда бу исмнинг бошқа варианти a Силванус*. Силас илк жамоатнинг етакчиси бўлиб, ҳаворий Павлуснинг Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафарида унга ҳамроҳ эди (Ҳаворийлар 15:22, 32, 36-41~га қаранг)., Тимўтий ва мен сизларга Худонинг Ўғли — Исо Масиҳ ҳақида айтганмиз. Исо Масиҳ ўзгарувчан эмас. У доимо садоқатлидир. 20 Исо Масиҳ орқали Худо Ўз ваъдаларини бажаради, шунинг учун биз ҳам Исо Масиҳ орқали Худони улуғлаб, “Омин, илойим шундай бўлсин”, деймиз. 21 Худонинг Ўзи бизни ҳам, сизларни ҳам Исо Масиҳга бўлган имонимизда мустаҳкам қилади. У бизни Ўзи учун танлаб олди. 22 Бизга Ўз муҳрини босиб, келажакдаги қут–баракаларнинг кафили сифатида Муқаддас Руҳни берди. 23 Худо шоҳид, ўз жоним ҳақи айтяпман, сизларни аяганим учун ҳануз Коринфга бормадим. 24 Биз сизларнинг имонингиз устидан ҳукмдормиз, демоқчи эмасман, чунки сизлар имонда маҳкам турибсизлар. Хизмат қилишимиздан мақсад қувончингизни кўпайтиришдир.

2

2–БОБ

1 Яна хафагарчилик келтирмаслик учун сизларнинг олдингизга бормасликка қарор қилдим+ 2:1* Яна хафагарчилик келтирмаслик учун сизларнинг олдингизга бормасликка қарор қилдим — Павлус Коринфдаги жамоатга асос солгандан кейин (Ҳаворийлар 18:1-11~га қаранг), яна бир бор у ерга борган эди (12:14, 13:1~га қаранг). Унинг бу иккинчи сафари ҳақида ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган. Чамаси, Коринфдаги жамоатда муаммолар бўлган ва Павлус Коринфга қилган бу иккинчи сафари давомида кўнгилсизликларга дуч келган. Павлус Коринфга бўладиган навбатдаги сафари давомида олдингидай кўнгилсизликларга дуч келишни хоҳламаяпти.. 2 Ахир, сизларни хафа қилсам, менга хурсандчилик келтирадиганларни хафа қилган бўламан–ку! Ундай ҳолда, ким мени хурсанд қилади?! 3 Олдинги мактубни+ 2:3* Олдинги мактуб — “1~Коринфликлар” мактубига ишора бўлса керак. 1:16~нинг биринчи изоҳига қаранг. ёзганимнинг сабаби ҳам шудир, токи сизларнинг олдингизга борганимда орамизда хафагарчилик бўлмасин, ахир, менга катта қувонч келтирадиган сизлар эмасми?! Ишончим комилки, менинг қувончим сизларнинг қувончингиздир. 4 Сизларни хафа қилиш учун эмас, балки сизларни қанчалик яхши кўришимни кўрсатиш учун ўша мактубни ёзган эдим. Уни чуқур қайғу, изтироб билан, кўз ёш тўкиб ёзган эдим.

Гуноҳ қилган одамни кечириш ҳақида

5 Мени хафа қилган одам+ 2:5* Мени хафа қилган одам — бу ўринда Павлус ким ҳақида гапираётгани аниқ эмас. 1~Коринфликлар 5:1-5~да айтиб ўтилган одам ёки муаммолар келтириб чиқараётган бошқа бир одам бўлиши мумкин. Ким бўлишидан қатъий назар, жамоат унга танбеҳ берган ва у одам ўз гуноҳларидан тавба қилган. фақатгина мени эмас, балки қайсидир даражада сизларнинг ҳаммангизни хафа қилган бўлади, аммо бу масалага керагидан ортиқ урғу бермайлик. 6 Ахир, хафа қилган одамга кўпчилик томонидан берилган жазо етарли. 7 Энди бўлса, уни кечириб, тасалли беринглар, токи у ҳаддан ортиқ қайғуриб, тушкунликка тушмасин. 8 Сизлардан ўтинаман, унга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатинг.

9 Олдинги мактубимни ёзишдан яна бир мақсадим шу эди: сизлар ҳар жиҳатдан итоаткор эканмисиз ёки йўқми, шуни билмоқчи эдим. 10 Сизлар бирор кишини кечирсангиз, мен ҳам уни кечираман. Бирортаси кечиришим керак бўладиган айб иш қилган бўлса, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, Масиҳнинг ҳузурида уни кечираман. 11 Шайтонга алданиб қолмайлик, ахир, унинг фитналаридан бехабар эмасмиз–ку!

Павлус Троас шаҳрида безовта бўлади

12 Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эълон қилиш учун Троас шаҳрига борганимда, Эгамиз менга йўл очиб берган эди. 13 Аммо кўнглим нотинч эди, чунки биродарим Титусни+ 2:13* Титус — Павлуснинг ҳамкори ва ёрдамчиси (8:23~га ва Титус 1:4-5~га қаранг). у ерда топа олмадим. Шунинг учун у ердагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим.

Масиҳ орқали қозониладиган ғалаба

14 Худога шукур! Худо бизга Масиҳнинг тантанали юришида+ 2:14* тантанали юриши — бу ўринда ишлатилган юнонча сўз урушдан ғалаба билан қайтган Рим лашкарининг тантанали юришига нисбатан ҳам ишлатилган. Рим лашкарбошиси урушдан қайтиб келганда, Рим шаҳрининг кўчалари бўйлаб лашкари билан тантанали юриш қилар эди. Асир олинган душманлар эса ҳамманинг кўзи олдида уларнинг ортидан юрарди. Бу тантанали юриш байрам тусини оларди, куйдирилган тутатқи ва зираворларнинг хушбўй ҳиди бутун шаҳар бўйлаб тараларди. иштирок этишни насиб қилди. Атирнинг ҳиди қандай таралса, худди шу сингари, ҳар ерда ва ҳар доим Худо биз орқали Ўзи ҳақидаги хабарни тарқатмоқда. 15 Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканмиз, биз нажот топадиганлар орасида ҳам, ҳалок бўладиганлар орасида ҳам Худога хуш келадиган тутатқи назрининг ҳидига ўхшаймиз. 16 Бу ҳид ҳалок бўладиганлар учун ўлим ҳидидир, нажот топадиганлар учун эса ҳаётбахш хушбўй ҳиддир. Бундай юксак масъулиятга Худо бизни лойиқ топди. 17 Мана, биз кўпчилик каби, Худонинг каломини бозорга солмаймиз. Аксинча, Худо томонидан юборилган ва Масиҳ хизматида бўлган кишилардек, Худонинг кўзи олдида соф кўнгил билан воизлик қилмоқдамиз.

3

3–БОБ

Янги аҳднинг улуғлиги

1 Яна ўзимизни тавсия қиляпмизми?! Ёки баъзиларга керак бўлгандай, сизларга тавсияномалар кўрсатишимиз керакми ёки сизлардан бизга тавсияномалар керакми?! 2 Ахир, юрагимизга+ 3:2* юрагимиз — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида a юрагингиз*. ёзилган тавсияномамиз сизларнинг ўзингиз–ку! Бу ҳаммага аён, уни ҳамма ўқий олади. 3 Очиқ кўриниб турибдики, бизнинг хизматимиз туфайли ёзилган Масиҳнинг мактуби сизларсиз. Бу мактуб сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи орқали ёзилган, тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалбининг лавҳаларига ёзилгандир+ 3:3* …тош лавҳаларга эмас, балки инсон қалбининг лавҳаларига ёзилгандир — тош лавҳаларга ёзилган эски аҳдга (Чиқиш 24:12, 31:18, 32:15-16~га қаранг) ва одамларнинг юракларига ёзилган янги аҳдга ишора (Еремиё 31:31-34, 32:39-40, Ҳизқиёл 11:19-20, 36:26-27~га қаранг).. 4 Масиҳ туфайли Худонинг олдида буларга ишончимиз комилдир. 5 Ахир, биз ўзимизнинг кучимиз билан бирор нарса қила олмаймиз–ку! Ҳамма қобилиятимиз бизга Худо томонидан берилган. 6 Худо бизга янги аҳднинг+ 3:6* янги аҳд — шу бобнинг 3–ояти изоҳига ва Ибронийлар 7:22, 8:1-10:39~га қаранг. хизматкорлари бўлиш қобилиятини берди. Бу аҳд қонунга эмас, балки Руҳга асосланиб тузилган, чунки қонун ўлимга етаклайди, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди+ 3:6* …қонун ўлимга етаклайди, Руҳ эса ҳаёт бағишлайди — Римликлар 2:12, 7:5-8:11, Галатияликлар 3:10-14, 19-25~га қаранг..

7 Тош лавҳаларга ёзилган, ўлимга етаклайдиган эски аҳднинг қонун–амрлари шунчалик улуғворликка эга эдики, Исроил халқи Мусонинг ўша улуғворликдан порлаётган юзига+ 3:7* Мусонинг ўша улуғворликдан порлаётган юзи — Чиқиш 34:29-30~га қаранг. тик қарай олмаган эди. Ўткинчи улуғворлик шунчалик порлоқ экан, 8 Руҳ орқали тузилган аҳд келтирадиган улуғворлик қандай порлоқ бўлиши ҳақида бир ўйлаб кўринг–чи! 9 Ўлим ҳукмини келтирадиган эски аҳд улуғвор экан, инсонларни оқлайдиган аҳд ундан ҳам улуғвор бўлмайдими?! 10 Энди бу ажойиб улуғворлик олдида ўша олдинги улуғворлик арзимас бўлиб қолди. 11 Ўткинчи эски аҳд улуғвор бўлган экан, боқий бўлган бу янги аҳд нақадар улуғвордир!

12 Шундай умидимиз борлиги учун ҳам жасорат билан Хушхабарни айтамиз. 13 Биз Мусога ўхшамаймиз. Юзида порлаб турган ўткинчи улуғворликни Исроил халқи кўрмаслиги учун Мусо юзини ёпган эди+ 3:13* …Мусо юзини ёпган эди — Чиқиш 34:33-35~га қаранг.. 14 Исроил халқининг ақли ўтмас бўлиб қолганди. Бугунга қадар эски аҳд ўқилганда, худди бир парда уларнинг онгини тўсиб турганга ўхшайди. Бу пардани фақатгина Масиҳ олиб ташлайди. 15 Ҳа, ҳозир ҳам Мусонинг қонуни ўқилганда, уларнинг онги тўсиқдир. 16 Аммо Эгамизга юз бурган инсоннинг онгидан тўсиқ парда олиб ташланади. 17 Бу ерда Эгамиз деганда, Муқаддас Руҳни назарда тутяпман. Эгамизнинг Руҳи қаерда бўлса, ўша ерда эркинлик бор. 18 Биз ҳаммамиз очиқ юз билан Эгамизнинг улуғворлигини+ 3:18* Эгамизнинг улуғворлиги — 4:4~га ва Юҳанно 14:9, Колосаликлар 1:15, 19, Ибронийлар 1:2-3~га қаранг. кўриб турибмиз+ 3:18* …Эгамизнинг улуғворлигини кўриб турибмиз — ёки a …Эгамизнинг улуғворлигини кўзгуда кўргандай кўриб турибмиз*.. Биз ўзгариб борар эканмиз, янада улуғвор бўлиб, Эгамизга ўхшаган бўламиз. Буларнинг ҳаммаси Эгамизнинг Руҳи орқали содир бўлмоқда.

4

4–БОБ

Сопол идишлардаги улуғ хазинамиз

1 Биз Худонинг марҳамати билан янги аҳднинг хизматкорлари бўлганимиз учун тушкунликка тушмаймиз. 2 Аксинча, сирли ва уятли ишлар қилишдан, макр–ҳийла ишлатишдан бош тортиб, Худонинг каломини бузмай гапирамиз. Ҳақиқатни очиқ–ойдин айтиб, Худонинг ҳузурида ўзимизни бошқа одамларнинг ҳукмига топширамиз. 3 Хушхабаримиз сирли, тўсиқ парда ортида тургандай бўлиб туюлса, у ҳалок бўладиганлар учун шундай туюлади.

4 Бу дунёнинг худоси+ 4:4* Бу дунёнинг худоси — яъни шайтон. имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади. 5 Биз ўзимиз ҳақимизда эмас, Раббимиз Исо Масиҳ ҳақида ваъз қиламиз. Исонинг йўлида сизларнинг хизматкорларингизмиз. 6 Худо дунёни яратганда Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди+ 4:6* …Ўз сўзи билан зулматдан нур яратган эди — Ибтидо 1:3~га қаранг.. Энди У Ўзининг нури билан бизнинг юракларимизни ҳам ёритди, Исо Масиҳ сиймосида порлаб турган Ўз улуғворлигини бизга кўрсатди.

7 Шундай ажойиб хазинани сопол идишлардай бўлган таналаримизда олиб юрибмиз. Шу орқали олий қудрат бизга эмас, Худога мансуб эканлиги кўриниб турибди. 8 Биз ҳар томонлама жабрланиб эзиламиз, аммо синмаймиз. Кўнглимиз алағда бўлиб, мушкул аҳволга тушсак ҳам умидимизни йўқотмаймиз. 9 Қувғинларга учраймиз, лекин Худо ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайди. Бизни ерга йиқитадилар, аммо яксон қила олмайдилар.

10 Исо Масиҳ ўлимга рўбарў бўлганидек, биз ҳам азоб–уқубат тортиб, ўлим таҳликасида яшаяпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг танамизда намоён бўлсин. 11 Исо Масиҳга тегишли бўлганимиз учун биз доим ўлимга дучор бўляпмиз, токи Исонинг ҳаёти бизнинг фоний баданимизда намоён бўлсин. 12 Шундай қилиб, ўлим хавфи остида яшашимиз сизларга абадий ҳаёт келтиради+ 4:12* …ўлим хавфи остида яшашимиз сизларга абадий ҳаёт келтиради — Павлус ўз хизмати давомида, бошқаларга Хушхабарни тарғиб қилиш йўлида кўп азоб чекканини назарда тутган (Ҳаворийлар 9:15-16, 2~Тимўтий 1:8-12~га қаранг). Исо Масиҳ Ўз фаолияти давомида бошқаларни Ўзидан устун қўйгани сари, Масиҳга ҳаётини бағишлаган Павлус ҳам Ундан ўрнак олиб, Хушхабар ва Масиҳ ҳақи азоб чекишга тайёр бўлган (Марк 10:45~га қаранг)..

13 Муқаддас битикларда: “Ишонганим учун гапирдим”+ 4:13* Муаллиф бу ўринда Забур 115:1~нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган., деб ёзилган. Бизда ҳам шундай имон бор, шунинг учун Хушхабар айтишни давом эттираверамиз. 14 Биламизки, Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам Исога ўхшатиб тирилтиради ва сизлар билан бирга Ўзининг ҳузурига олиб киради. 15 Бошимиздан ўтганларнинг ҳаммаси сизларнинг манфаатингиз учун юз берган. Худонинг инояти кўпдан–кўп одамлар орасида ёйилар экан, Худога янада кўп одамлар шукур айтади ва бундан Унга янада кўпроқ шон–шуҳрат келади.

16 Шунинг учун ҳам умидимизни йўқотмаймиз. Тўғри, бу фоний баданимиз хазон бўляпти, аммо биз руҳан янгиланиб боряпмиз. 17 Бизнинг ўткинчи, енгил азоб–уқубатларимиз бизга ҳаддан ташқари ажойиб ва абадий улуғворлик келтиради. 18 Ахир, биз кўринадиган нарсаларга эмас, балки кўринмайдиган нарсаларга кўз тикканмиз. Кўринадиган нарсалар ўтиб кетади, кўринмайдиганлари эса мангудир!

5

5–БОБ

Самовий масканимиз

1 Биламизки, биз макон қилган бу танамиз ер юзидаги бир кулбадайдир. Бу кулба хароб бўлганда, Худо самода бизга қўл билан қурилмаган мангу бир уй беради. 2 Биз самовий масканимизга етишишни кутиб, бу ердаги кулбада, яъни танамизда оҳ чекиб юрибмиз. 3 Худо бизга самовий тана беради, руҳимиз маскансиз қолмайди. 4 Бу танамизда эканмиз, худди оғир юк остида қолгандек оҳ–нола чекамиз. Ўлишни хоҳламаганимиз учун оҳу нола қиламиз. Самовий тана дарҳол бу моддий тананинг ўрнини олишини истаймиз. Ахир, ўшанда мангу тана фоний тананинг ўрнини эгаллайди. 5 Худо бизни мана шу мақсад учун яратган ва бунга кафил сифатида бизга Муқаддас Руҳни ато қилган.

6 Биз бу танада бўлганимизда самовий масканимиздан ва Эгамиздан узоқда эканлигимизни билсак ҳам ишончимиз барқарор. 7 Ахир, биз кўзга кўринадиган нарсаларга эмас, балки имонимизга таяниб ҳаёт кечирамиз. 8 Ҳа, ишончимиз барқарор, шунинг учун бу таналаримизни ташлаб, Эгамиз билан бирга самода маскан қилишни афзал кўрамиз. 9 Хоҳ мана шу фоний танада бўлайлик, хоҳ абадий масканда бўлайлик, бизнинг мақсадимиз Эгамизни мамнун қилишдир. 10 Чунки ҳар биримиз Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлишимиз керак. Шунда ҳар биримиз қилган яхши ёки ёмон ишларимизга яраша мукофот ёки жазо оламиз.

Худо билан ярашиш

11 Биз Худодан қўрқиш нималигини билганимиз учун бошқаларни ҳам Хушхабарга ишонишга даъват қиламиз. Биз қандай одам эканлигимиз Худога аёндир, умид қиламанки, сизлар ҳам бизнинг қандайлигимизни очиқ–ойдин биласизлар. 12 Биз ўзимизга ўзимиз тавсия бермаяпмиз. Аксинча, биз билан фахрланиш имконини сизларга беряпмиз. Шунда қалбидаги ўй–хаёлу фазилатлар билан эмас, балки ташқи қиёфаси билан мақтанадиган инсонларга сизлар ўринли жавоб бера оласизлар.

13 Агар биз бошқаларга ақлдан озгандай кўринсак, бу Худога шуҳрат келтириш учундир. Ақлимиз жойида бўлса, бу сизларнинг манфаатингиз учундир. 14 Ахир, Масиҳнинг бизга бўлган муҳаббати бизни рағбатлантиради. Бир Одам ҳамма учун ўлган бўлса, демак, биз ҳаммамиз ўлганмиз деган хулосага келдик. 15 Ҳа, Масиҳ ҳамма учун ўлди, токи яшаётганлар энди ўзлари учун эмас, балки улар учун ўлган ва тирилган Масиҳ учун яшасинлар.

16 Шу сабабдан энди биз ҳеч кимга инсоний нуқтаи назардан баҳо бермаймиз. Бир вақтлар+ 5:16* Бир вақтлар — яъни Исо Масиҳга имон келтиришдан олдин. Масиҳга ҳам инсоний нуқтаи назардан баҳо берган эдик, энди эса ундай қилмаймиз. 17 Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Эски ҳаёт ўтиб кетди, янгиси эса бошланди.

18 Буларнинг ҳаммаси Худодандир. У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди+ 5:18* У Масиҳ орқали бизни Ўзи билан яраштирди… — Римликлар 5:1-11, Колосаликлар 1:21-22~га қаранг. ҳамда бошқаларга Худо билан ярашиш йўлини кўрсатиш хизматини бизга берди. 19 Ҳа, Худо инсонларни гуноҳлари учун жазоламади, аксинча, Масиҳ орқали дунёни Ўзи билан яраштирди. Ярашиш ҳақидаги бу хабарни етказишни эса бизга топширди. 20 Шундай қилиб, биз Масиҳнинг элчиларимиз, Худо биз орқали инсонларга мурожаат этяпти. Масиҳ номидан ёлворяпмиз: сизлар ҳам Худо билан ярашинглар. 21 Ахир, Худо бизни Масиҳ орқали оқлаш учун бегуноҳ Масиҳни гуноҳкорни жазолагандай, жазолади+ 5:21* …Худо…Масиҳни гуноҳкорни жазолагандай, жазолади — Ишаё 53:5-6~га қаранг..

6

6–БОБ

1 Худонинг ҳамкорлари сифатида сизларга ёлворамиз: Худонинг инояти ҳаётингизда самарасиз бўлмасин. 2 Худо шундай деб айтяпти:

“Мурувват пайти келганда,

Мен сенга қулоқ соламан.

Нажот куни келганда,

Мен сенга ёрдам бераман.”+ 6:2* Муаллиф бу ўринда Ишаё 49:8~нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.

Ўша мурувват пайти ҳозирги пайтдир, ўша нажот куни бугунги кундир.

Худонинг ҳақиқий хизматкорлари

3 Хизматимизда бирорта айб топилмасин деб, биз ҳеч кимни заррача ранжитмаймиз. 4 Худонинг ҳақиқий хизматкорлари эканлигимизни ўз ҳаракатларимиз билан исботлаяпмиз. Ҳар хил қийинчиликлару кулфатлар бошимизга тушганда, танг аҳволда қолганимизда сабр–тоқат кўрсатяпмиз. 5 Бизни урганларида, қамоққа ташлаганларида, ғалаёнларда қолганимизда, машаққат билан меҳнат қилганимизда, уйқусизликда ва оч қолганимизда, ҳаммасига бардош бердик. 6 Поклик, донолик, сабр–тоқат билан яшаб, меҳрибон бўлиб, Муқаддас Руҳ бизда маскан қилганини кўрсатиб, самимий муҳаббатимиз билан Худонинг хизматкорлари эканимизни исботладик. 7 Биз ҳақиқатни эълон қиляпмиз, Худонинг қудратига таяниб хизмат қиляпмиз. Ҳам ўнг қўлимизда, ҳам чап қўлимизда солиҳлик қуролларини+ 6:7* солиҳлик қуроллари — 10:3-5~га ва Римликлар 13:12, Эфесликлар 6:10-20~га қаранг. тутиб юрибмиз. 8 Шарафга эришамизми ёки иснодга қоламизми, бошқалар бизни ҳақорат қиладими ёки мақтайдими, ҳар қандай вазиятда Худонинг хизматкорлари эканлигимизни кўрсатяпмиз. Бизни ёлғончи, деб айтишади, аммо биз ҳақиқатгўймиз. 9 Машҳур эмасмиз, аммо бизни билишади. Бизни ўлган деб ҳисоблайдилар, аммо мана, тирикмиз. Бизни жазога тортадилар, аммо ўлимга маҳкум қилмайдилар. 10 Бизни хафа қиляптилар, аммо доимо хурсандмиз. Ўзимиз камбағалмиз–у, кўп кишиларни бойитамиз. Ҳеч нарсамиз йўғ–у, аммо ҳамма нарсага эгамиз.

11 Эй Коринфликлар! Сизларга бемалол, очиқ–ойдин гапирдик. Сизларга бағримизни кенг очдик. 12 Биз сизлардан меҳр–муҳаббатимизни аямадик, сизлар эса ўз меҳрингизни биздан қизғанасиз. 13 Сизларга ўз фарзандларимга гапираётгандай гапиряпман. Биз сизларга қандай муомала қилсак, сизлар ҳам бизга шундай муомала қилинг: бизга бағрингизни кенг очинг.

Барҳаёт Худонинг маъбади

14 Имонсизлар билан шерик бўлманглар+ 6:14* Имонсизлар билан шерик бўлманглар — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси a Ўзларингизни имонсизлар билан бирга қўшга қўшманг*, Тавротдан олинган ҳикмат бўлиши мумкин (Қонунлар 22:10~га қаранг). Бу ўринда Павлус ҳамма имонсизлар билан бўлган муносабатлар ҳақида ёзмаяпти. У сохта устозларни ва сохта имонлиларни жамоатга қўшмасликни назарда тутган бўлиши мумкин (11:2-6, 13-15, 20, 1~Коринфликлар 5:9-13~га қаранг). Шунингдек, Павлус имонсизлар билан турмуш қурмаслик ҳақида ҳам маслаҳат бераётган бўлиши мумкин (аммо турмуш қургандан кейин имонга келганларга берилган маслаҳатларини ўқиш учун 1~Коринфликлар 7:12-16~га қаранг).. Солиҳлик билан қабиҳликнинг орасида қандай алоқа бор?! Нур билан зулмат орасида қандай умумийлик бўлиши мумкин?! 15 Масиҳ билан шайтон+ 6:15* шайтон — юнонча матнда a Белиар*, шайтонга нисбатан ишлатилган ном. орасида қандай иттифоқ бўлиши мумкин?! Имонли билан имонсизнинг орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?! 16 Худонинг маъбади билан бутлар орасида қандай умумийлик бор?! Ахир, биз барҳаёт Худонинг маъбадимиз–ку! Худо шундай деб айтган:

“Мен уларнинг орасида яшайман,

Уларнинг орасида юраман.

Мен уларнинг Худоси бўламан,

Улар эса Менинг халқим бўлади.”+ 6:16* Левилар 26:12, Ҳизқиёл 37:27~га қаранг.

17 Бинобарин, Эгамиз шундай деган:

“Халқлар орасидан чиқинглар,

Улардан ажралиб чиқинглар,

Ҳаромга қўл теккизманг,

Шунда Мен сизларни қабул қиламан.”+ 6:17* Ишаё 52:11, яна Ҳизқиёл 20:41~га қаранг.

18 Қодир Худо — Эгамиз яна шундай деб айтган:

“Мен сизларга ота бўламан,

Сизлар эса Менга ўғил–қизлар бўласизлар.”+ 6:18* 2~Шоҳлар 7:14, яна Ишаё 43:6~га қаранг.

7

7–БОБ

1 Эй азизларим, Худо бизга шундай ажойиб ваъдалар берган экан, баданимизни ва руҳимизни булғовчи ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклайлик. Худодан қўрқиб яшаб, бутунлай Худо учун ажратилган эканлигимизни кўрсатайлик.

2 Бизга бўлган меҳрингизни кўрсатинг+ 7:2* Бизга бўлган меҳрингизни кўрсатинг — 6:11-13~га қаранг.. Биз ҳеч кимга озор бермадик, ҳеч кимга зиён етказмадик, ҳеч қачон ўзимизнинг манфаатимизни кўзлаб, бошқалардан фойдаланмадик. 3 Буларни сизга таъна қилиб айтмаяпман. Ахир, олдин айтганимдек, ўламизми, яшаймизми, сизлар бизнинг дилимиздасиз. 4 Сизларга жасорат билан гапира оламан, сизлар билан жуда фахрланаман. Азоб–уқубатларимиз қанчалик кўп бўлмасин, дилим тасаллидан тўлиб–тошади, беҳад қувонаман.

Павлуснинг шодлиги

5 Биз ҳатто Македонияга борганимиздан кейин ҳам ҳеч хотиржам бўла олмадик, аксинча, ҳар томондан ғам–ғуссага тушдик: сиртдан ҳужумлар бўлди, кўнглимизда эса қўрқувлар бор эди. 6 Тушкунликка тушганларга тасалли берувчи Худо Титусни+ 7:6* Титус — 2:13 изоҳига қаранг. ёнимизга юбориб, бизга тасалли берди. 7 Биз фақатгина унинг келганидан эмас, балки унинг сизлардан олган тасаллиси ҳақида эшитиб ҳам анча далда топдик. Сизлар мени қаттиқ соғинаётганингиз, мен учун қайғуриб, тарафимни олганингиз ҳақида хабар олиб келганидан жуда севиндим.

8 Шу сабабдан мактубим+ 7:8* мактубим — “1~Коринфликлар” мактубига ишора бўлса керак. 1:16~нинг биринчи изоҳига қаранг. билан сизларни хафа қилган бўлсам ҳам, уни ёзганимдан афсусланмайман. Тўғри, бу мактуб сизларни бир оз муддатга бўлса–да, хафа қилганини билиб афсусландим. 9 Мана энди севиняпман. Сизлар хафа бўлганингиздан эмас, балки бу хафагарчилик сизларни тавбага келтиргани учун севиняпман. Худо бу хафагарчиликни яхшилик учун ишлатди, шунинг учун биздан ҳеч қандай зиён кўрмадингиз, деб айта оламан. 10 Ахир, Худо яхшиликка ишлатадиган хафагарчилик тавбага олиб келади, тавба эса нажотга етаклайди ва ҳеч қандай армону афсусга сабаб бўлмайди. Бу дунё келтирадиган хафагарчилик эса ўлимга олиб боради. 11 Мана қаранг, Худо яхшиликка ишлатадиган хафагарчилик сизларнинг ҳаётингизда қандай самара келтирди. Энди сизлар менга қарши эмаслигингиз кўриниб турибди. Ўша айбдор бўлган инсондан ғазабланяпсиз, унга ҳамтовоқ бўлиб қолишдан қўрқяпсиз. Мени кўришга интизорсиз. Айбдорни жазолашга тайёрсиз. Мана шуларнинг ҳаммаси сизларнинг бу борада пок эканлигингизни исботламоқда. 12 Мен бу мактубни айб иш қилган инсон+ 7:12* айб иш қилган инсон — 2:5-8 оятларга ва 2:5 изоҳига қаранг. ҳақи ёки айб иш туфайли ранжиган инсон ҳақи ёзмадим. Асосий мақсад, Худонинг олдида сизларнинг менга қанчалик бағишланган эканлигингизни ўзларингизга кўрсатиш эди. 13 Шунинг учун биз анча тасалли топдик.

Бундан ташқари, Титуснинг хурсандчилиги бизни янада қувонтирди, чунки сизлар унинг руҳини кўтарибсизлар. 14 Мен унга сизларни мақтаган эдим, сизлар мени уятга қолдирмабсизлар. Сизларга айтганларимиз тўғри бўлгани каби, мақтаниб Титусга айтганларим ҳам тўғри эканлиги исботланди. 15 Титус сизларнинг итоаткорлигингизни, уни ҳурмат–эҳтиром билан кутиб олганингизни эслар экан, унинг сизларга бўлган муҳаббати янада ошиб бормоқда. 16 Сизларга тўлиқ ишона олганимдан жуда хурсандман.

8

8–БОБ

Қуддусдаги жамоат учун ҳадя

1 Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жамоатларга+ 8:1* Македониядаги жамоатлар — Филиппи, Салоника ва Верия шаҳарларидаги жамоатларга ишора бўлса керак. Павлус Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафари давомида бу жамоатларга асос солган эди (Ҳаворийлар 16:9-17:15~га қаранг). Павлус яна бир бор Македонияга борган пайтда “2~Коринфликлар” мактубини ёзган. Македония вилояти Ахая вилоятидан шимолда жойлашган эди. Коринф шаҳри Ахая вилоятининг пойтахти эди. кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз. 2 Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар. 3 Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман. 4 Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига+ 8:4* …Худонинг Қуддусдаги азизларига… — 1~Коринфликлар 16:1~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар. 5 Ҳатто умид қилганимиздан ҳам зиёдроғини қилдилар. Худонинг иродаси бўйича улар ўзларини аввал Раббимиз Исога, кейин эса бизга бағишладилар.

6 Титус сизларнинг орангизда бошлаган хайрли ишини битирсин деб, уни рағбатлантирдик. 7 Сизлар имон ва илм–маърифатга бой, гапга чечан, нотиқликда моҳирсизлар, ғайрату тиришқоқликда ҳеч кимдан қолишмайсизлар, биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз+ 8:7* …биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида a сизларнинг бизга бўлган меҳр–муҳаббатингиз*. чексиздир. Шундай экан, бу хайрли иш орқали сахийлигингизнинг чексизлигини ҳам кўрсатинг. 8 Мен буни сизларга буйруқ тариқасида эмас, балки меҳр–муҳаббатингизнинг самимийлигини исбот қилишингиз учун айтяпман. Шунинг учун бошқаларнинг ғайратию тиришқоқлигига эътиборингизни қаратяпман. 9 Ахир, ўзингиз Раббимиз Исо Масиҳнинг кўрсатган иноятини биласизлар–ку, У бой бўлса ҳам, сизларни бой қилиш учун камбағал бўлди+ 8:9* …У бой бўлса ҳам…камбағал бўлди — Юҳанно 17:5, Филиппиликлар 2:6-8~га қаранг..

10 Юқорида айтиб ўтилган хайр–эҳсонлар ҳақида маслаҳатим қуйидагичадир: ўтган йили нафақат ўша хайрли ишни қилишни бошладингиз, балки бу ишга қўшилиш ҳақида ўзингиз хоҳиш билдирган эдингиз. Энди ўз манфаатингиз учун хайрли ишингизни охирига етказинглар, қандай ният билан бошлаган бўлсангиз, шундай қилиб, қўлингиздан келганича битиришга ҳаракат қилинглар. 12 Агар инсон ҳадя беришни хоҳласа, ундан йўқ бўлган нарса талаб қилинмайди, балки ўзида бор нарсасини бергани қабул қилинади.

13 Бошқаларнинг ҳаёти енгиллашиб, сизлар эса оғир аҳволда қолишингизни истамаймиз. Ҳамманинг орасида тенглик бўлсин. 14 Ҳозирги пайтда сизлардаги барака улардаги етишмовчиликларни тўлдирсин, пайти келганда улардаги барака сизлардаги етишмовчиликларни тўлдиради, шундай қилиб тенглик бўлади. 15 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди.”+ 8:15* Чиқиш 16:18~га қаранг.

Титус ва унинг йўлдошлари

16 Худога шукур! Мен сизларга қандай ғамхўр бўлсам, Худо сизларга нисбатан шундай ғамхўрликни Титуснинг дилига жо қилди. 17 Ахир, Титусдан сизларнинг олдингизга боришни илтимос қилганимда, у нафақат рози бўлди, балки хоҳиш ва иштиёқ билан борди. 18 У билан бирга барча жамоатларда Хушхабарнинг воизи деб мақталган биродарни ҳам юбордик. 19 Хайрли ишда ёрдам қилиб, улар билан бирга Қуддусга борсин деб, жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар+ 8:18-19* У билан бирга…мақталган биродарни ҳам юбордик. 19*…жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар — Павлус Титусни Македониядан Коринфга жўнатган, шу ёзган мактубини (яъни “2~Коринфликлар” мактубини) ундан бериб юборган. Коринфликлар Қуддусдаги масиҳийлар учун йиғадиган назрларини Титус ва унга ҳамроҳ бўлиб борган биродар олишлари ва сақлаб қўйишлари керак эди (1~Коринфликлар 16:1~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Кейинчалик, Павлус ўз ҳамкорлари ва Титуснинг ҳамроҳи билан бирга Коринфда йиғилган назрларни Қуддусга олиб боради. Шу бобнинг 22–оятида Павлус Титус билан бирга Коринфга юборилган яна бир биродар ҳақида ёзган. Титуснинг ҳамроҳи бўлган бу икки биродар ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.. Биз бу ишни Эгамизни улуғлаш учун ҳамда ўзимизнинг иштиёқимизни кўрсатиш учун қиляпмиз. 20 Сахийлик билан берилган хайр–эҳсонларни аталган одамларга етказишда ҳеч қандай айб иш қилмаяпмиз. 21 Биз нафақат Эгамизнинг назарида, балки инсонлар олдида ҳам тўғри иш қилишга ҳаракат қиляпмиз.

22 Титус ва ваъзхон биродарга қўшиб, яна бир биродарни ҳам юборяпмиз. У биз томондан кўп синалган ва ҳар жиҳатдан ғайратли эканлигини кўрсатган. Сизларга нисбатан ишончи комил бўлгани учун унинг сизларга хизмат қилиш иштиёқи янада кўпайган. 23 Агар Титус ҳақида кимдир сўраса, у менинг ҳамроҳим ва сизлар учун хизмат қилаётган ҳамкорим эканлигини айтинглар. Ҳалиги икки биродар эса жамоатлар томонидан юборилган ва улар Масиҳга улуғворлик келтирадилар. 24 Шундай қилиб, жамоатлар олдида ўша биродарларга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатиб, уларга сизларни мақтаганимиз бекор эмаслигини исботланг.

9

9–БОБ

Сахий бўлишга даъват

1 Сизларга Худонинг Қуддусдаги азизлари учун бериладиган ёрдам+ 9:1* …Худонинг Қуддусдаги азизлари учун бериладиган ёрдам… — 1~Коринфликлар 16:1~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. ҳақида ёзишимга ҳеч ҳожат йўқ. 2 Ахир, биламан–ку, сизлар ёрдам беришга тайёрсизлар, шунинг учун ҳам “Ахая+ 9:2* Ахая — Рим империясига қарашли вилоят бўлиб, пойтахти Коринф шаҳри эди. ҳудудидаги имонлилар ўтган йилдан бери тайёр”, деб Македониядаги+ 9:2* Македония — 8:1 изоҳига қаранг. имонлиларга сизларни мақтаб юрибман. Сизларнинг сахийлик билан бераётган хайр–эҳсонларингиз уларни ҳам сахийликка ундади. 3 Энди ўша мақтанганларим бекор эмаслигини кўрсатиш учун ҳамда мен айтганимдай тайёр бўлиб туришингиз учун биродарларни сизларнинг олдингизга юборяпман+ 9:3* …биродарларни сизларнинг олдингизга юборяпман — 8:18-19 изоҳига қаранг.. 4 Яна Македонияликлардан баъзилари мен билан бирга борса–ю, сизлар тайёр бўлмасангиз, сизларга қаттиқ ишонган биз уятга қоламиз, сизлар эса биздан баттар уялиб қоласиз. 5 Шу сабабдан ваъда қилган ҳадянгизни олдиндан тайёрлаб қўйинглар деб, ўзим бормасимдан аввал сизларнинг олдингизга биродарларни юборишни лозим кўрдим. Шунда сизларнинг ҳадянгиз норозилик билан эмас, сидқидилдан берилган ҳадя бўлади.

6 Шуни унутмангки, оз эккан оз ўриб олади, мўл эккан эса мўл ўриб олади. 7 Ҳар ким норози бўлиб ёки мажбурият билан эмас, балки кўнглида ният этганини берсин. Ахир, Худо мамнуният билан берадиган инсонни яхши кўради. 8 Худо сизларнинг ҳаётингизни ҳар жиҳатдан иноятга тўлдириб–тоштиришга қодирдир. Шунда ҳар доим, ҳар жиҳатдан, ҳамма эҳтиёжингиз қондирилади ва сизлар янада кўпроқ ҳар хил хайрли ишлар қиласизлар. 9 Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган:

“Бойлигини муҳтожларга сахийлик ила тақсимлайди,

Унинг солиҳлиги то абад давом этади.”+ 9:9* Забур 111:9~га қаранг.

10 Деҳқонга экиш учун уруғ, ҳаммага ейиш учун нон берадиган Худо сизларнинг экадиган уруғингизни мўл қилади, солиҳлигингиздан келадиган ҳосилни ҳам кўпайтиради. 11 Ҳар доим сахий бўлишингиз учун Худо сизни ҳар жиҳатдан бой қилади. Шундай қилиб, биз сизларнинг ҳадяларингизни муҳтожларга етказганимизда, улар Худога кўп шукроналар айтади.

12 Мана шу ҳадянгиз билан кўрсатган ёрдамингиз нафақат Худонинг Қуддусдаги азизларининг эҳтиёжларини қондиради, балки кўпчиликнинг Худога кўпдан–кўп шукрона айтишига сабаб бўлади. 13 Уларга ҳамда бошқаларга кўрсатган сахийлигингиз ва Масиҳнинг Хушхабарига ишониб, итоаткорона яшаётганингиз туфайли кўпчилик Худони улуғлайди. Ахир, ҳадянгиз буларнинг далолати–ку! 14 Худонинг сизларга кўрсатган чексиз инояти сабабли улар меҳр–муҳаббат билан сизлар учун ибодат қиладилар. 15 Таърифига тил ожиз бўлган ажойиб ҳадяси учун Худога шукур!

10

10–БОБ

Павлусга Худо берган ҳокимият

1 Масиҳнинг Ўзи кўрсатган мулойимлик ва меҳрибонлик билан сизлардан илтижо қиламан. Баъзилар мен ҳақимда: “Павлус шахсан орамизда бўлганда мўмин–у, узоқда бўлганда эса жуда жасур экан–а!” деб айтаётган экан. 2 Баъзилар мени бўшанг одам, деб айтаётган экан. Мен албатта бундай одамларга қаттиқ муомала қиламан. Сизлардан ўтинаман, сизларга қаттиқ гапиришга мени мажбур қилманглар. 3 Биз инсон бўлиб, бу дунёда яшасак ҳам, башарий куч билан жанг қилмаймиз. 4 Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз башарий манфаат учун эмас, балки илоҳий манфаат учун ишлатилади. Бизнинг қурол–аслаҳаларимиз бу дунёнинг қурол–аслаҳаларидай эмас. Худонинг қудрати билан бу қурол–аслаҳаларимиз қалъадай мустаҳкам бўлган инсоний ўй–хаёлларни ҳамда қуруқ сафсаталарни йўқ қилишга қодир. 5 Худони таниб–билишга тўсқинлик қилаётган такаббурона дунёқарашга биз барҳам берамиз. Ҳар қандай ўй–хаёлни Масиҳга бўйсундириб, асир қиламиз. 6 Шундай қилиб, ўзларингиз ҳам тўла бўйсунганингиздан кейин, биз биргаликда ҳар хил итоатсизликни жазолашга тайёр бўламиз.

7 Сизлар менинг ҳаворий эканлигимни наҳотки билмасангизлар?!+ 10:7* Сизлар менинг ҳаворий эканлигимни наҳотки билмасангизлар?! — юнонча матнда a Кўз олдингизда бўлганларга қаранг!* ёки a Сизлар ташқи қиёфага қараб баҳо беряпсизлар*. Агар бирортаси ишонч билан: “Мен Масиҳга тегишлиман”, деса, шуни ўйлаб кўрсин: у тегишли бўлган Масиҳга биз ҳам тегишлимиз! 8 Эгамиз томонидан берилган ҳокимият ҳақида жуда кўп мақтансам ҳам, бундан ҳеч хижолат бўлмайман. Ахир, бу ҳокимият менга сизларнинг имонингизни вайрон қилиш учун эмас, балки мустаҳкамлаш учун берилган.

9 Дарвоқе, баъзилар: “У мактубларида талабчан ва кучли, лекин шахсан биз билан бўлганда эса заиф, сўзлари ҳам таъсирсиз”, деб айтаётган экан. Бундай деб айтаётганлар шуни билиб қўйсинларки, мен фақатгина мактубларимда огоҳлантириб қолмаяпман. Мен мактубларимда қандай инсон эканлигимни кўрсатган бўлсам, ҳузурингизда бўлганимда ҳам шундай инсон эканлигимни ўз ҳаракатларим билан исботлайман.

Мақтанишу мақтанмаслик ҳақида

12 Ўзларига юқори баҳо берадиган одамларнинг қаторига биз ўзимизни қўшмаймиз, ҳатто улар билан солиштирмаймиз. Улар ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларини ўзларига қиёс қиладилар. Бу қандай аҳмоқлик! 13 Биз ҳаддан ташқари мақтанмаймиз. Худо бизга юклаган масъулият ва вазифа доирасидан чиқиб кетмаймиз. Сизлар ҳам бизнинг масъулиятимиз доирасига кирасизлар. 14 Агар биз сизларга масъул бўлмаганимизда эди, сизларга қилган муомаламизда ҳаддимиздан ошган бўлардик. Аммо ўзларингиз биласиз–ку, биринчи бўлиб сизларга Масиҳнинг Хушхабарини келтирган бизмиз.

15 Биз ҳаддимиздан ошиб, бошқаларнинг қилган меҳнати билан мақтанмаймиз. Умид қиламизки, имонингиз ошиб бораверади, шунда сизларнинг ёрдамингиз билан хизматимиз янада кўпаяди. 16 Шундай қилиб, бошқаларнинг тайёр ишлари билан мақтанмай, сизлардан узоқроқ бўлган жойларга ҳам Хушхабарни етказайлик. 17 Муқаддас битикларда ўргатилгандай, ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизнинг қилган ишлари билан мақтансин!+ 10:17* …ким мақтанмоқчи бўлса, Эгамизнинг қилган ишлари билан мақтансин — Еремиё 9:24~га қаранг.18 Ўзини ўзи мақтаган одам эмас, балки Эгамизнинг мақтовига сазовор бўлган одамгина Унга мақбул бўлади.

11

11–БОБ

Павлус ва сохта ҳаворийлар

1 Қанийди, сизлар менинг озгина аҳмоқлик қилишимга чидасангиз! Иложингиз қанча? Ахир, қаранг, сизлар менга чидаб келяпсизлар–ку! 2 Мен сизларни Худонинг рашки билан қизғаняпман, чунки гўё бир пок бокира қизни ягона эрга никоҳлагандай, сизларни Масиҳга тақдим этмоқчиман. 3 Аммо Момо Ҳаво илоннинг ёлғон–яшиқларига ишониб, йўлдан озгани каби+ 11:3* …Момо Ҳаво илоннинг ёлғон–яшиқларига ишониб, йўлдан озгани каби… — Ибтидо 3:1-6, 13~га қаранг., сизларнинг ҳам ўй–хаёлларингиз бузилмасин. Мен сизлардан хавотирдаман, сизлар ўзингизни чин юракдан, самимийлик билан Масиҳга бағишлаганингизни унутиб қўясиз, деб қўрқаман. 4 Ахир, биров келиб, биз ваъз қилган Исодан бошқа бир Исо ҳақида ваъз қилса ёки сизлар олган Руҳдан бошқа бир руҳ ҳақида ва сизлар қабул қилган Хушхабардан бошқа бир хушхабарни айтса, бундай одамларни хуш қаршилаб ўтирибсиз. 5 Сизлар “олий ҳаворийлар” деб билган ўша устозларингиздан мен ҳеч бир нарсада қолишмайман, деб ўйлайман. 6 Мен моҳир ваъзхон бўлмасам–да, илм–маърифатда ҳеч камчилигим йўқ. Буни сизларга ҳар жиҳатдан очиқ–ойдин кўрсатдим.

7 Мен сизларни юксалтириш учун ўзимни паст олиб, Худонинг Хушхабарини сизларга текинга айтиб, гуноҳ қилдимми?! 8 Сизларга хизмат қилиш учун бошқа жамоатлардан маблағ олдим. Бу билан худди улардан ўғирлагандай бўлдим. Орангизда бўлиб, муҳтожликда қолганимда ҳам бировга ортиқча юк бўлмадим, 9 чунки Македониядан келган биродарлар+ 11:9* Македониядан келган биродарлар — Павлус Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафари давомида Филиппи, Салоника ва Верия шаҳарларида жамоатларга асос солган эди (Ҳаворийлар 16:9-17:15~га қаранг). Бу шаҳарлар Македонияда бўлган. Македония вилояти Ахая вилоятидан шимолда жойлашган эди. Коринф шаҳри Ахая вилоятининг пойтахти эди. барча эҳтиёжларимни қондирдилар. Мен бирон нарсада сизларга оғирлигимни туширмасликка ҳаракат қилдим ва шундай қилишда давом этавераман. 10 Қалбимда Масиҳнинг ҳақиқати борлигига шубҳа йўқ, шу боис Ахая ҳудуди бўйлаб ёйилаётган бу обрў–эътиборимни ҳеч ким тўка олмаслигига аминман. 11 Нима учун сизлардан ёрдам сўрамадим? Бу сизларни ёмон кўришимдан дарак берадими? Мана, Худога аён, сизларни яхши кўраман.

Мен қилаётган ишимни давом эттиравераман. 12 Ана шунда, бизнинг ишларимиз Павлуснинг хизмати билан баравар, деб мақтанаётганларнинг гапларига ҳеч бир асос бўлмайди. 13 Ахир, улар ўзларини Масиҳнинг ҳаворийлари қилиб кўрсатаётган сохта ҳаворийлар ва ҳийлакор хизматчилар–ку! 14 Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ, чунки ҳатто шайтон ҳам ўзини нурли фаришта қилиб кўрсатади. 15 Шунинг учун шайтоннинг хизматкорлари ўзларини солиҳлик хизматчилари қилиб кўрсатар эканлар, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Оқибатда улар қилмишларига яраша жазо оладилар.

Павлуснинг чеккан заҳматлари

16 Яна айтаман, бирор киши мени аҳмоқ экан, деб айтмасин. Борди–ю, сизлар шундай деб ўйласангиз, унда аҳмоқларга қандай муносабатда бўлсангиз, менга ҳам шундай муносабатда бўлинглар, шунда мен ҳам озгина мақтаниб оламан. 17 Мен баландпарвозлик билан гапириб, аҳмоқлардай мақтаняпман. Бу Раббимиз Исога муносиб эмас. 18 Модомики, кўпчилик инсоний мавқеи билан мақтанаётган экан, майли, мен ҳам мақтанай. 19 Ахир, сизлар шунчалик доносизки, ақлсизларга жон деб тоқат қиласизлар. 20 Ҳақиқат шуки, бирортаси сизларни ўзига асир қилса ҳам, ҳақингизни еса ҳам, талон–тарож қилса ҳам, ўзини катта тутса ҳам, юзингизга тарсаки солса ҳам, уларнинг ҳаммасига тоқат қилиб келяпсиз.

21 Биз сизларга ўшандай муомала қилмадик. Шунинг учун биз сизнинг назарингизда ожиз бўлиб кўрингандирмиз–да?! Бундан уялишимиз керакми?! Хўп, аҳмоқларча гапираётган эканман, одамлар нима билан мақтанишга журъат қилаётган бўлса, мен ҳам ўшалар билан мақтанишга журъат қиламан. 22 Улар ибронийми? Мен ҳам ибронийман! Улар Исроил халқига тегишлими? Мен ҳам Исроил халқиданман! Улар Иброҳим наслиданми? Мен ҳам Иброҳим наслиданман! 23 Улар Масиҳнинг хизматкорларими? Мен бефаросатлик қилиб айтяпманки, уларнинг ҳаммасидан устунман. Заҳмат десангиз, мен улардан кўпроқ заҳмат чекдим. Зиндон десангиз, улардан кўпроқ зиндонда ётдим. Зарба десангиз, мен ҳаддан ташқари кўп зарба едим, ҳатто кўп марта ўлимга рўбарў бўлдим. 24 Яҳудийлардан беш марта бир кам қирқтадан+ 11:24* …бир кам қирқтадан… — қамчилаш жиноят учун бериладиган жазолардан бири эди. Таврот қонунига кўра, қирқ даррадан ортиқ қамчилаш мумкин эмас эди (Қонунлар 25:3~га қаранг). Шу сабабдан қирқ қамчидан ошиб кетмаслик учун 39 дарра урилган ва бу жазолаш энг оғир қамчилаш жазоси бўлган. калтак едим. 25 Рим амалдорлари мени уч марта калтаклатдилар. Бир марта тошбўрон бўлдим+ 11:25* Бир марта тошбўрон бўлдим… — Ҳаворийлар 14:19-20~га қаранг., уч марта кемада ҳалокатга учрадим, бир кечаю кундузни денгиз бағрида ўтказдим. 26 Кўп марта узоқ сафарларда бўлдим. Дарёларда таҳликада қолдим. Қароқчилар ҳужумидан ҳаётим таҳликада қолди. Ўз қондошлариму ғайрияҳудийлар туфайли таҳлика остида қолдим. Шаҳарда таҳлика, саҳрода таҳлика, денгизда таҳлика, сохта биродарлар орасида таҳлика! 27 Мен анча меҳнат ва машаққат остида, кўп марта уйқусизликда, очлик ва ташналикда қолдим. Баъзан ейишга ноним, совуқда кийишга кийимим бўлмади.

28 Яна булардан ва қолган бошқа нарсалардан ташқари, ҳар куни барча жамоатлар ҳақида қайғуриш ҳам менинг зиммамда. 29 Айтинг–чи, заиф одам борми? Мен ундан ҳам заифман. Бирорта одам васвасага тушиб, йўлдан озганми? Мен васваса дастидан адо бўлдим–ку! 30 Мақтаниш керак бўлса, ожизлигим билан мақтанаман. 31 Раббимиз Исонинг Отаси — абадий ҳамду санога лойиқ Худо биладики, мен ёлғон гапирмаяпман. 32 Дамашқда бўлганимда, шоҳ Харетасга+ 11:32* шоҳ Харетас — Ҳирод Антипаснинг қайнатаси. У милоддан олдинги 9 йилдан то милодий 40 йилгача қадимги Фаластиндан жануби–шарқдаги Набатея юртида ҳукмронлик қилган. Набатеянинг пойтахти Петра шаҳри эди. Ўша пайтларда Дамашқ шаҳри ҳам Харетас қўли остида эди. Исо Масиҳ Павлусга зоҳир бўлгандан кейин, Павлус Набатеяда бирмунча вақт ўтказган бўлиши мумкин (Галатияликлар 1:17~га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Эҳтимол, Павлус у ерда Хушхабар айтган ва Харетас Павлус ҳақида эшитган. қарашли вилоят ҳокими мени тутиб олиш учун Дамашқ шаҳрини назорат остига олган эди. Аммо мени сават ичида шаҳар деворидаги деразадан туширишди+ 11:32* …мени сават ичида шаҳар деворидаги деразадан туширишди… — Ҳаворийлар 9:23-25 оятларга ва Ҳаворийлар 9:25 изоҳига қаранг. ва мен унинг қўлидан қочиб қутулдим.

12

12–БОБ

Павлусга келган ваҳийлар

1 Мақтанишнинг ҳеч фойдаси йўқ, аммо барибир мақтанишим керак. Энди Эгамиз аён қиладиган ваҳийларга келсак, 2 Масиҳга қарашли бир одамни биламан+ 12:2* Масиҳга қарашли бир одамни биламан — Павлуснинг ўзини назарда тутган.. Ўн тўрт йил олдин ўша одам ердан арши аълога+ 12:2* арши аъло — юнонча матнда a учинчи осмон*. кўтарилди. Баданда эдими ёки бадандан ташқарида эдими, билмайман, Худо билади. 3 Шуни биламанки, бадандами ёки бадандан ташқаридами, менга эмас, Худога аён, ўша одам 4 жаннатга кўтарилганда инсоннинг тили таърифлашга ожиз бўлган сўзларни эшитди. Бундай сўзларни инсон тилга олмаслиги керак. 5 Бундай одам билан мақтансам бўлади. Лекин ўзим ҳақимда бўлса, ожизлигимдан бошқа ҳеч нарса билан мақтанмайман. 6 Агарда ўзим ҳақимда мақтанадиган бўлсам ҳам, аҳмоқона иш қилган бўлмайман, чунки ҳақиқатни гапирган бўламан. Одамлар ўша ҳаддан ташқари ажойиб ваҳийларга қараб менга баҳо бермасинлар. Аммо қилаётган ишларимга қараб ёки мендан эшитганлари бўйича менга баҳо берсинлар, ундан ортиқ мени юқори кўтармасинлар деб, ўзимни тутиб турибман.

Шунинг учун мени кибрланиб кетмасин деб, баданимга бир ниш, мени ниқталайдиган шайтоннинг элчиси берилди. 8 Буни мендан олиб ташлагин, деб уч марта Раббимиз Исога ёлвордим. 9 Лекин У менга шундай деди: “Менинг иноятим доим сенга етарли бўлади, чунки Менинг қудратим сенинг ожизлигингда тўлиқ намоён бўлади.” Шундай қилиб, Масиҳнинг қудрати мен орқали аён бўлиши учун ожизлигим билан мақтанишни афзал кўраман. 10 Шу сабабдан Масиҳ ҳақи ожизликни, хўрликларни, муҳтожликларни, қувғин ва қийинчиликларни шодлик билан қабул қиламан. Айниқса, ожиз бўлган пайтимда Масиҳнинг қудрати билан кучли бўламан.

Павлус Коринфдаги имонлилар учун қайғуради

11 Мен ўзимни ақлсиз инсондай тутдим. Аммо мени бунга ўзларингиз мажбур этдингиз–ку, чунки сизлар мени мақташингиз керак эди. Менинг ўзим ҳеч бир аҳамиятга эга бўлмасам–да, ўша “олий ҳаворийлардан” ҳеч бир кам жойим йўқ. 12 Орангизда бўлганимда ҳар хил қийинчиликларга бардош берганим, мўъжизалару аломатлар, қудратли ишлар қилганим ҳақиқий ҳаворий эканлигимдан далолат беради. 13 Хўш, қачон мен сизларга, бошқа жамоатларга қараганда ёмонроқ муомалада бўлдим? Тўғри, сизларга оғирлигимни туширмадим. Агар бу сизларга адолатсизлик бўлиб туюлса, мени кечиринглар.

14 Мана, сизларнинг олдингизга учинчи марта боришга тайёрман+ 12:14* …сизларнинг олдингизга учинчи марта боришга тайёрман — 2:1 изоҳига қаранг.. Сизларга юк бўлмайман, чунки менга сизларнинг нарсангиз эмас, ўзингиз кераксиз. Зотан, фарзандлар ота–оналари учун эмас, балки ота–оналар фарзандлари учун мол–мулк йиғиши лозим. 15 Шодлик билан бор мол–мулкимни, ҳатто ўз жонимни ҳам сизлар учун бераман. Мен сизларни шунчалик яхши кўрар эканман, сизларнинг мени камроқ яхши кўришингиз тўғри ишми?!

16 Хўп, майли, мен сизларга юк бўлмабман–у, аммо ёлғону ҳийла билан сизларни ўз томонимга оғдириб олганмишман. 17 Сизларнинг олдингизга юборган бирорта одам орқали сизлардан фойдаланиб олдимми? 18 Мен Титусни сизнинг олдингизга боришга ундаган эдим. Ҳалиги бошқа биродар билан у сизларнинг олдингизга бориб+ 12:18* Ҳалиги бошқа биродар билан у сизларнинг олдингизга бориб… — 8:17-19 оятларга ва 8:18-19 изоҳига қаранг., сизлардан фойдаландими? У мен билан бир ниятда хизмат қилади, йўлимиз бир–ку!

19 Юқорида айтиб ўтган гапларимизнинг ҳаммаси ўзимизни сизларнинг олдингизда ҳимоя қилиш учун ёзилган, деб ўйлаяпсизларми? Билиб қўйинг, биз бу гапларни Масиҳнинг қуллари сифатида Худонинг шоҳидлигида айтяпмиз. Азиз дўстлар, қилаётган ишларимизнинг ҳаммаси сизларни имонда қўллаб–қувватлаш учундир. 20 Мен бир нарсадан қўрқиб турибман: сизларнинг олдингизга борганимда, нимани кўраркинман, сизлар мен ўйлаган одамлар бўлиб чиқмасангиз, мен ҳам сизлар ўйлаган одам бўлиб чиқмасам–а! Борганимда орангизда жанжалу ҳасадгўйлик, жаҳолат, рақобат, бўҳтон, ғийбат, манманлик ва тартибсизликни кўраман деган хавотирдаман. 21 Борди–ю, яна ёнингизга борганимда, орангиздаги кўпчилик олдин қилган гуноҳларидан тавба қилмай, ифлослик, жинсий ахлоқсизлик ва фисқу фужурни давом эттираётган бўлса, Худойимнинг олдида уятга қолмай, сизлар учун мотам тутиб, йиғламайин.

13

13–БОБ

Сўнгги панд–насиҳатлар ва саломлар

1 Мен энди сизларнинг олдингизга учинчи марта бораман+ 13:1* …сизларнинг олдингизга учинчи марта бораман — 2:1 изоҳига қаранг.. Ўзингиз биласиз, ҳар бир иш иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади+ 13:1* …ҳар бир иш иккита ёки учта гувоҳнинг сўзлари асосида кўриб чиқилади — бу гапи билан Павлус Коринфдаги муаммоларни ҳал қилишда одиллик билан иш тутишга ваъда беряпти (Қонунлар 19:15, Матто 18:15-16~га қаранг).. 2 Мен сизларнинг олдингизга иккинчи марта борганимда гуноҳ қилганларни ҳам, қолганларни ҳам огоҳлантирган эдим. Энди сизларнинг олдингизда бўлмасам ҳам, яна огоҳлантириб айтяпман, кейинги сафар гуноҳ қилганларнинг ҳеч бирини аямайман. 3 Масиҳ мен орқали гапираётганини исботлашимни хоҳлаяпсизми? Менинг хатти–ҳаракатим бунинг далили эмасми?! Масиҳ сизлар билан бўлган муносабатида заиф эмас, аксинча, У орангизда Ўз қудратини намойиш қиляпти. 4 У инсоний танасининг заифлиги туфайли хочга михланиб ўлдирилган эди, аммо энди Худонинг қудрати туфайли тирикдир. Биз ҳам Масиҳнинг инсоний заифлигига шерик бўлсак–да, ўзингиз кўрасиз, Худонинг қудрати туфайли Масиҳнинг ҳаётига ҳам шерик бўламиз.

5 Ўзингизни ўзингиз текшириб кўринглар. Қани, имонда турибсизларми? Ўзингизни синаб кўринглар. Исо Масиҳ орангизда эканлигини билмайсизми? Буни билмасангиз, синовдан ўтмаган бўласиз. 6 Биз синовдан ўтганлигимизни биласиз деган умиддаман. 7 Сизлар ҳеч қандай ёмон ишлар қилмаслигингизни Худодан илтижо қиламиз. Бу бизнинг синовдан ўтганлигимизни исботлаш учун эмас. Мабодо, биз синовдан ўтмаган бўлиб туюладиган бўлсак ҳам, сизлар тўғри иш қилаверинг. 8 Зотан, биз ҳақиқатга қарши тура олмаймиз, балки ҳақиқат йўлида иш тутамиз. 9 Бизлар заиф, сизлар эса кучли бўлганингиздан хурсандмиз. Ахир, сизлар комил бўлишингиз учун Худога илтижо қиламиз. 10 Шунинг учун сизларнинг ёнингизда бўлмасам ҳам шуларни ёзяпман. Токи олдингизга борганимда Эгамиз менга берган ҳокимият билан сизларга қаттиқ муомала қилмайин. Ахир, менга бу ҳокимият сизларни барбод қилиш учун эмас, балки имонингизни мустаҳкамлаш учун берилган.

11 Шундай қилиб, биродарларим, энди сизлар билан хайрлашаман. Камолотга интилаверинглар, бир–бирингизга далда беринглар, ҳамфикр бўлинглар, ўзаро аҳил–иноқ бўлиб яшанглар. Шунда меҳр–муҳаббат ва тинчлик манбаи бўлган Худо сизлар билан бўлади. 12 Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Худонинг бу ердаги ҳамма азизлари сизларга салом айтяпти.

13 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти, Худонинг меҳр–муҳаббати ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳаммангизга ёр бўлсин!+ 13:13* Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: a омин*.